2014 йилнинг энг яхши ихтиролари

Ихтиролар 3-12-2014

Тугаб бораётган йилда кўплаб ихтиролар қилинди. Уларнинг баъзилари матбуотда шов-шув кўтарди, баъзилари эътиборсиз қолди. Биз “Time” журнали талқинига кўра йилнинг энг муҳим ихтироларини санаб ўтамиз. 

1. Ҳақиқий учар скейтборд

© www.ecobyt.ru

Фото © www.ecobyt.ru

Эртакдаги учар гиламдек парвоз қиладиган скейтборд “Келажакка қайтиб” фильмининг иккинчи қисмида ҳам ушалмас орзу сифатида кўрсатилганди. Бироқ Калифорниядаги “Hendo” фирмаси бу йил “парвоз қилувчи доска”нинг ҳақиқий прототипини ясади. Табиийки, унинг чекловлари бор.

Скейтборд юзадан уч сантиметр тепадагина учиши мумкин, кейин бу юза ток ўтказадиган, масалан, мис ёки аллюминийдан ясалган бўлиши керак. Ҳозиргача 10 дона ана шундай скейтборд ясалди. Батарея қуввати эса атиги 15 дақиқага етади. 

Жилл ва Грег Хендерсона / © www.recode.net

2. Ақлли космик кема

«Мангальян» / © ISRO artist’s concept

Ҳеч ким бир уринишдаёқ Марсга етишни уддалай олмаган. Буни АҚШда ҳам, Россияда ҳам, Европада ҳам эплашолмади. Бироқ 24 сентябрда Ҳиндистон бунга муваффақ бўлди. Сайёралараро “Мангальян” космик станцияси қизил сайёранинг орбитасига чиққанида, бу ўзига хос технологик жасорат бўлди. Осиё давлатларидан бирортаси буни уддалай олмади. Бу кеманинг қурилиши Ҳиндистон учун 74 миллион долларга тушди. Шуни эслатиб ўтиш керакки, бу “Гравитация” фильми бюджетидан камроқ. “Мангальян”нинг бешта борт қурилмаси атмосфера таркибидаги метан даражасини ўлчаб, сайёра юзасини таҳлил қилиш имконини беради. 

3. Электр қувватини симсиз узатиш

© www.neowin.net

Симсиз интернет ва симсиз телефонларимиз бор. Шундай экан, нега маиший асбобларимиз ҳалигача розеткалардан қувват олади? Ҳа, ҳозир ҳам мобиль телефон сингари кичикроқ гаджетлар учун симсиз қувватлантирувчи асбоблар бор. Бироқ Массачусетс штатидаги “WiTricity” компанияси бу ҳақда бошқачаро фикрда. Уларнинг технологияси асбобларни 2,4 метр масофадан қувватлантириш имконини беради. Бу технологияни “Intel”, “Toyota” ва бошқа кўплаб компаниялар намойиш этишга улгуришди. Компания директори Алекс Грузеннинг айтишича, ўн йилдан сўнг хоналаримиз ўзгариши, лампа, телевизор, мусиқа марказлари сингари маиший асбоблар ягона симсиз қувват манбаидан қувватланиши мумкин. 

4. Уч ўлчамли босма

Ави Рейченталь / © David Paul Morris/Bloomberg

Ҳар қандай объектни ясай оладиган машина. Бу худди илмий фантастикадек эшитилади, бироқ рақамли чизмаларга қараб, пластик ва бошқа материаллардан фойдаланиб, объектларни ярата оладиган уч ўлчамли босма қурилмалари ривожланиши туфайли бу фантастика шиддат билан ҳақиқатга айланмоқда. 

Уч ўлчамли босма технология — корпорациялар учун ҳам, оддий фойдаланувчилар учун ҳам фойдали. Ўтган йили ўқувчилар учун принтерда чоп этилган физика дарсликлари учун машиналар модели, олимларда эса принтерда чиқарилган одам тўқималари пайдо бўлди. Самолётсозлар реактив двигателларнинг самарадорлигини ошириш учун уч ўлчамли босмадан фойдаланмоқда. Бундай принтерлар, ҳатто, конфет ва мусиқа асбобларини ҳам чоп этиши мумкин!

5. “Ақлли” соат

© www.qz.com

“Ақлли” соатларнинг аксарияти жуда яхши, лекин уларни ишлатишда уяли телефонларнинг тажрибасидан фойдаланишга уринилмоқда. Бундай “бирлашиш” натижаси эса кишини қувонтирмайди. “Apple” соати эса — билакдаги янги интерфейсга эга тўлақонли компьютер бўлиб, унда жисмоний тугмалар сенсор экран билан уйғунлашган. Бу соат ёрдамида фақат вақтни аниқлабгина қолмасдан, хабар жўнатиш, соғлиқдан огоҳ бўлиб туриш, тўловларни амалга ошириш мумкин ва ҳоказо. 

6. Кечага файз киритадиган кулер

Райан Греппер / © www.mshcdn.com

Кулерлар 60 йилдан бери ҳаётни енгиллаштириб, кечаларда меҳмонларга яхна ичимликлар ва газакларни тақдим этади. Бироқ бундан қониқмаган Райан Греппер “Coolest Cooler” номли дунёдаги биринчи “ақлли кулер”ни яратди. Табиийки, унда ичимликлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари сақланади. Бироқ унда яна коктейлларни аралаштирувчи блендер, қопқоқнинг диодли ёриткичи бўлиб, керакли ичимликни ҳатто қоронғида ҳам топиб олса бўлади. USB-порт эса телефонни қувватлантиришга имкон беради. Бундан ташқари, кулернинг катта ғилдираклари бўлиб, бир жойдан иккинчи жойга кўчириш жуда осон. 

7. Букчайганликдан халос этадиган чип

Google images

Букчайган одамларда вақт ўтиб бел соҳасида оғриқ пайдо бўлишини билсангиз керак. “Биз букчайишни бас қилиш кераклигини унутиб қўямиз”, — дейди “Lumo BodyTech” компанияси вакили Моника Перкаш. Бу компанияда “эслатувчи” махсус чип яратишди.

Google images

Бош бармоқдек келадиган бу гаджет кўйлакка қадалгандан сўнг бел ва бўйин ҳолатини кузатиб, таҳлил қилишни бошлайди ва қомат тик тутилмаса, белги билдира бошлайди. Тизим ҳали мукаммал даражага етказилмаган. Гаджет фойдаланувчи зарурат юзасидан, масалан, қўнғироққа жавоб бериш учун букилганда ҳам, у ишлаб кетиши мумкин. Шунга қарамай, қурилмага талаб катта, талабгорларнинг аксарияти — аёллар. 

8. Электромобилга талаб оширадиган машина

© www.bmwblog.com

Электромобиллар яқин-яқингача нисбатан секин, умуман “полсиз” бўлиб, жуда қиммат турарди. “BMW” концерни “I3” электромобилини чиқармагунча шундай эди. Бу машина битта қувват олиб, 113 километр йўл босиши мумкин. Янги дизайн эса битта педалдан ҳам тезликни ошириш, ҳам тормоз бериш учун фойдаланиш имконини беради. Бу машина ҳайдашда қувватдан самарали фойдаланиш имконини яратади. Электромобилларни сотиб олмасликларига ягона сабаб — бу харидорларнинг ярим йўлда батареянинг қувватсизланиб қолишидан қўрқиши. “BMW” ана шу хавотирни йўққа чиқаришни мақсад қилган. Шунинг учун “I3”га кичик бензинли двигатель ўрнатилиб, зарур бўлганда, батареяни қувватлантириши мумкин. 

9. Ноутбук ўрнини босадиган планшет

© www.computerbild.de

“Microsoft”нинг сўнгги “гибриди” ўзида ноутбук қуввати ва планшетнинг ингичка корпусини уйғунлаштирган. Унинг ёрдамида кўплаб оммабоп иловалардан фойдаланиш мумкин. Юпқа қопқоқ клавиатура вазифасини ҳам бажаради. Ўзидаги таглик эса қурилмани столга қўйишга имкон беради. Ана шундай ўзига хосликлар туфайли “гибрид”ни йирик компаниялар оммавий равишда сотиб олмоқда.  

10. Муҳим ҳодисаларни эслатиб турувчи узук

© guim.co.uk

Кўплаб бизнес-вуменлар сингари Кристина Меркандо ҳам смартфонини сумкасида олиб юради. Демак, муҳим хабарларни текшириш учун ора-орада уни сумкасидан чиқаради. Аммо у керакли ахборотни ёнидаги буюмдан олса-чи? “Ringly” узукларини чиқарадиган фирма вакилларида шундай ғоя туғилди.

© www.brit.co

Бу узукларни шундай дастурлаштириш мумкинки, ҳар гал бошлиқдан, ҳайдовчидан ва бошқалардан матнли хабар келганда, ёнади. Илгари “eBay” кимошди савдосида дизайн менежери бўлиб ишлаган Меркандо узукларидан 1 миллион доллардан кўпроқ пул ишлаб топди. 1000 та узукдан иборат илк тўплам 24 соат ичида сотилиб кетди. 

11. Кўрликнинг олдини оладиган банан

© www.fastcoexist.com

Африкада, Саҳройи Кабирдан жанубда 5 ёшгача бўлган болаларнинг 30 фоизга яқини оддий бир сабаб туфайли кўр бўлиб қолиши мумкин: уларда кўз яхши ишлаши учун А витамини етарлича эмас. Бироқ бу болаларнинг асосий таоми ўрнини босадиган бананларни А витаминига бойитса-чи? 2000 йил бошида Угандага борган австралиялик генетик Жеймс Дейлда шундай ғоя туғилди. Айнан ўшанда Дейл ва унинг жамоаси А витаминига бойитилган “супербанан”ларни яратишга киришди. Янги бананларнинг одамларда синаб кўрилиши яқин келажакда бошланади.

12. Велосипедчини итарадиган ғилдирак 

© newsoffice.mit.edu

Велосипедда юриш одам учун ҳам, атроф-муҳит учун ҳам фойдали эканлигини барча билади. Бироқ велосипед миниш қийин вазифага айланиши мумкин, айниқса, тепаликда юришга тўғри келса. Велосипедчига бу борада ёрдам бериш учун Кембриж, Массачусетс штатида махсус “Копенгаген ғилдираги” яратилди. У стандарт ўлчамда, шунинг учун кўп велосипедларга қўйиш мумкин. Ғилдиракда аккумулятордан қувватланадиган двигатель бор. Двигатель жойига ва велосипедчининг хоҳишига қараб, ҳар хил режимда ишлаши мумкин. Велосипедчи хоҳишини двигателга смартфонидаги махсус илова орқали хабар қилади. Бундан ташқари, ғилдиракда йўл ҳолатини кузатиб, ўнқир-чўнқирларни белгилайдиган, шунингдек, ҳаво ҳароратини аниқлайдиган қурилмалар бор. 

13. Ишоралар тили таржимони

Райан Хайт-Кэмпбелл

Эшитолмайдиган миллионлаб одамларга мулоқот учун кўпинча сурдотаржимонлар керак бўлади. Уларнинг хизмати эса арзон эмас. Аммо ҳаракат ва овозни аниқлаб, ишоралар тилини сўзларга айлантира оладиган бир нечта камерага уланган планшет кўринишидаги қурилмани яратса, нима бўлади? “Бунга талаб катта”, — дейди Райан Хайт-Кэмпбелл, “MotionSavvy” бош директори (унинг ўзи ҳам эшитмайди). Унинг фикрини кўпчилик маъқуллайди, ахир жамоа ҳозиргача тадқиқотни якунлаш учун 20 000 доллардан кўпроқ маблағ тўплашга муваффақ бўлди. 

14. Эбола вирусига қарши фильтр

© www.utsandiego.com

Эбола вирусининг энг даҳшатли жиҳати — тезлиги. У саноқли кунларда организмда ўз таъсирининг шу даражада кўп нусхасини ҳосил қилиши мумкинки, одамнинг иммун тизими “довдираб” қолади. Бироқ диализ учун аппаратга маҳкамланадиган “Hemopurifier” — махсус картриж “тарози палласи”ни организм фойдасига ён босишга имкон беради: картриждаги фильтр Эбола вирусини қондан йўқотиши мумкин. Бу фақат бир марта, германиялик беморда синаб кўрилди, усул ёрдам берди — бемор инфекциядан тузала олди. Шифокорлар келажакда гепатит вирусига қарши курашда ҳам шундай технологиялардан фойдаланиш имкони туғилишига умид қилишмоқда. 

15. Электр қуввати сарфини камайтирадиган кондиционер

© www.engadget.com

“Aros” кондиционери 2014 йилда чиқарилди ва шу кунгача 50 000 дан ортиқ ана шундай қурилма сотилди. Бу кондиционер деразаларга ўрнатиладиган қурилмаларга ўхшамайди. У чиройли, силлиқ ва оппоқ. Бундан ташқари, у ақлли. Қурилма смартфонга ўрнатиладиган махсус илова ёрдамида эгаларининг аҳволини GPS ёрдамида кузатиб, уй эгаси уйдан қанчалик узоқдалигига қараб ёқилиши ёки ўчиши мумкин. Маълум бўлишича, “Aros” фойдаланиш электр қуввати харажатларини 10 фоизга камайтиради. 

16. Ейиш мумкин бўлган ўрам

© www.squarespace.com

“Еса бўладиган ўрам”, деган ибора янгилик эмас. Аммо “WikiFoods” асосчиси Девид Эдвардс йогурт, пишлоқ, музқаймоқ ва бошқа маҳсулотларни шундай мустаҳкам махсус ўрамга қадоқлашни ўйлаб топдики, бу ўрамлар ҳаммасини еб бўлмагунингизча шаклини сақлайди. Бундай ўрамларнинг ҳаммаси қуруқ мевалар ёки бошқа табиий моддалардан тайёрланган. Шаклни янада мустаҳкамлаш учун уларга шакар ва кальций қўшилган.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

  • Хуршидбек
    2 йил олдин


    Янгиликлар учун РАҲМАТ!!! Афзаллиги мавзулаштирилган, жуда қизиқарли, энг муҳими эса, ўзбекчада келтирилган.
Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ