20/80 тамойилини ҳаётда қандай қўллаш мумкин?

Маслаҳат 20-01-2017

Италиялик иқтисодчи Вильфредо Парето бир куни унинг боғида экилган 20 фоиз нўхат 80 фоиз ҳосил бераётганига эътибор қаратди. Бу унга 80 фоизли натижа берувчи 20 фоизли уриниш ҳақидаги қоидани шакллантиришга туртки берди. 20/80 тамойилини нафақат ишда, балки ҳаётнинг бошқа соҳаларида ҳам қўллаш мумкин. "Лайфхакер" шу ҳақида хабар берди. 

Бу саноат ва бизнеснинг турли соҳаларидаги фаолиятнинг оптималлашуви ва самарадорлигини баҳолашнинг машҳур усули.

Компаниялар кўпинча ўз даромадларининг 80 фоизи 20 фоиз мижозлардан тушишини, 20 фоиз савдо вакиллари 80 фоиз сотувларни ёпишларини таъкидлашади. Вақт билан ҳам худди шундай: 80 фоиз унумдорлик 20 фоиз вақтни эгаллайди, даромаднинг 80 фоизини 20 фоиз ходим келтиради. Бунга мисоллар кўп.

Албатта, рақамлар ҳар доим ҳам айнан 20/80 бўлавермайди. Балки 76/24 ёки 83/17 бўлар, лекин 1/4 нисбат сақланиб қолади.  

20/80 тамойили бизнесда кенг қўлланилади, лекин уни кундалик ҳаётда ҳам қўллаш мумкин. Биринчи ўринда - ишда. 

Сиз 80 фоиз вақтингизни қандай вазифаларга сарфлайсиз? Электрон почтагами ёки мессенжерларга? Ёдингизда бўлсин, булар бор-йўғи 20 фоиз фойда беради, шу боис ҳақиқатда муҳим ишларга эътибор қаратганингиз маъқул. Меҳнат фаолиятингизнинг қайси қисми сизга 80 фоиз даромад келтиради, раҳбарият томондан талабгорликми ёки ҳамкасблар ҳурмати?

Кейинги саволларга ҳам жавоб топишга уриниб кўринг. Улар дастлаб мураккабдек туюлади, бу аввал ҳеч қачон ҳисоблашга уриниб кўрмаганингиз учун шундай.

Қайси 20 фоиз нарса сиз учун максимал қадр-қимматга эга (80 фоиз ва юқори)?

Нимага 20 фоиз вақт сарфлаб, 80 фоиз завқ оласиз?

Ён-атрофингиздаги одамлардан қайси бири сизга энг кўп бахт улашади?

Қайси 20 фоиз кийимларингизни 80 фоиз вақт давомида кийиб юрасиз?

Рационингизнинг 80 фоизини ташкил қилувчи 20 фоиз озиқ-овқат маҳсулоти ва таомларга нималар киради?

Жавоб бердингизми? Энди эса ўйлаб кўринг, сиз ҳаётнинг бу жабҳаларини қандай яхшилай оласиз?

Масалан, агар 80 фоиз вақтингизни сизга атиги 20 фоиз завқ улашадиган кишилар билан ўтказадиган бўлиб чиқсангиз, демак, мулоқот доирангизни ўзгартириш ҳақида ўйлаб кўришингиз керак. 

Агар 80 фоиз вақтингизни интернетга сарфлаб, бор-йўғи 20 фоиз завқ оладиган бўлсангиз, тармоқда нима билан шуғулланаётганингиз борасида ўйлаб кўринг. Эҳтимол, фаолият доирангизни ўзгартирарсиз ёки компьютер қаршисида ўтказадиган вақтингизни қисқартирарсиз.

Агар 80 фоиз буюмларингиздан фақат 20 фоиз фойдалансангиз, уларни кимгадир бериб юборинг ёки сотинг. Кийимларингиз билан ҳам худди шундай. 

Ўз рационингизни 20/80 тамойили бўйича таҳлил қилиб, қанчалик соғлом овқатланишингизни билиб оласиз. Агар 80 фоиз вақтда ёғли таом истеъмол қилсангиз, ўйлаб кўринг, парҳез қилиш вақти келмадимикан? Пропорцияларни қайта кўриб чиқинг, токи фойдасиз егуликлар фақат 20 фоиз ҳоллардагина дастурхонни банд қилсин. 

Паретонинг рационал қонунини ҳатто севгига нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Қайси 20 фоиз хатти-ҳаракатлар сизнинг муносабатларингиздаги 80 фоиз муаммоларни келтириб чиқаради? Сизни жуфтингизга 80 фоиз яқинлаштирган 20 фоиз суҳбатлар нима ҳақида эди?

Аксариятимиз муносабатларга ҳеч қачон бундай бурчак остидан назар солмаганмиз, шу боис бу катта фойда бериши мумкин. 

20/80 тамойили ёрдамида нафақат ҳаёт самарадорлигини баҳолаш, балки уни назоратга олиш ҳам мумкин. Масалан, масъулиятни зиммангизга олиб, муаммо мавжуд бўлган соҳаларни яхшилаш. 

Парето қонуни даволаш воситаси эмас, албатта. Уни ҳаётий устувор тамойил қилиб, ҳамма нарсани шу билан ўлчаш шарт эмас. Бироқ 20/80 қоидаси ҳаётингизга янги чизгилар киритишда ажойиб қўлланма бўла олади. 

Бир ўйлаб кўринг, 20/80 тамойилига асосланиб, ҳаётингизда нимани ўзгартира олган бўлардингиз?



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ