35 йилдан кейин дўконларда нима сотилади?

Таҳлил 31-01-2015

The Extrapolation Factory ташкилоти ходимлари ўзига хос йўналишда иш олиб боради. Ташкилот фаолияти маълум даражада келажак билан боғлиқ. Йўқ, улар янги технологиялар ишлаб чиқармайди, самога ракеталар учирмайди. Улар охирги илмий янгиликларга таянган ҳолда дунё ва инсонлар ҳаёти 30, 50 ва ҳоказо йиллардан сўнг қанақа қиёфа касб этишини башорат қилади. Ва мана шу тахминлар асосида яқин келажакда яратилиши мумкин бўлган буюмларнинг кўргазмали намуналарини яратади. Улар яратган баъзи маҳсулотларни аллақачон ташкилотнинг расмий веб-сайтлари орқали сотиб олиш мумкин.

Қуйида The Extrapolation Factory мутахассислари томонидан ясалган буюмлардан бир нечтасини ҳукмингизга ҳавола этамиз.

1. Робот қурбақа.

Маълумки, қурбақалар иммунитетга эга эмас. Шу туфайли бўлса керак, 1987 йилдаги Коста-Рикадаги эпидемия чоғида у ердаги қурбақалар популяцияси қирилиб кетиш ёқасига келиб қолди. The Extrapolation мутахассислари келажакда ушбу амфибияларнинг (ҳам денгизда, ҳам қуруқликда яшовчи жониворлар) ўрнини босадиган робот ишлаб чиқишди. Афсуски, робот фақат қурбақанинг овозини ўхшатиб бера олади, унинг табиатдаги ўрнини эса боса олмайди.

2. Генларни тозаловчи машина.

Ген муҳандислигини тараққиёти шу қадар тез суръатлар билан бормоқдаки, яқинда уй шароитида генларни “таҳрир қилиш” имконияти туғилса ҳам ажаб эмас. Бу дегани – келажак авлод фарзандларини нафақат сўз ва ҳаракат билан, балки биологик йўл билан ҳам тарбиялай олади.

3. Маҳсулот етказувчи дрон.

Дронлар бугунги кун фани учун янгилик эмас, албатта. Лекин келажакда улар бажарадиган вазифалар доираси кенгайиши кутилмоқда. Айтайлик, улар газета ёки озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришда қўлланиши мумкин.

4. Дронларни чалғитувчи.

Дронлардан фойдаланишнинг бошқа томони ҳам бор. Функцияси кенгайган дронлар одамларга хиралик қилиши мумкин. Мана шундай ҳолатларда The Extrapolation мутахассислари одамларни дронлар учун кўринмайдиган қилиб қўядиган махсус печенье ейишни тавсия қиладилар.

5. Митти олтин ювувчи ускуна.

Маълумки, денгиз сувида кўп миқдорда олтин мавжуд бўлади. Буни ўрганган олимлар сувни фильтрлаб, олтин ажратиб берувчи митти ускуна яратишди.

7. Кўчма қурилиш моллари заводи.

Астронавтларга тегишли буюмларни 3D принтерларда чоп этиш фан аллақачон босиб улгурган қадамга айланди. Ундан кейинги одим табиий муҳитдаги моддалар ёки махсус микроблардан керакли қурилиш молларини ясаб берувчи ускуна яратилиши бўлса ажаб эмас.

8. Tele-squito

Иссиқ кунларда одамларни ҳол-жонига қўймайдиган ҳашаротларга қарши курашишнинг янги воситаси Tele-squito деб аталади. У соғлом чивинни тутиб, унинг генини бошқа ҳашаротларга трансплантация қилади, бу эса ўз навбатида ҳашаротлар ташийдиган касалликларни йўқ қилишга хизмат қилади.

9. Уй оркестри.

Майда жониворлар ва уй ҳашаротларига турли мусиқий асбоблар чалишни ўргатиш ҳақидаги гап-сўзлар ғайритабиий туюлса-да, бу соҳада бир қатор тадқиқотлар олиб борилган. Фақат жараённинг акс таъсирини ўрганиш қолди.

10. Хотираларни ёзиб олувчи мослама.

Ҳозирги кунимизнинг шиддатлилиги, кун сайин ўзгаришлар содир бўлаётгани одамларнинг хотирасига салбий таъсир ўтказмоқда. Ахборотнинг кўплигидан баъзида керакли нарсани унутиб қўйиш ҳеч гапмас. Бу борада сизга хотираларни ёзиб олувчи мослама ёрдам бериши мумкин. У мияга тўғридан тўғри уланиб, керакли хотирани топиб бериши мумкин бўлади.

11. Хотирани ўчирувчи мослама.

Юқоридаги технологиянинг акси. У нохуш хотираларни ўчириб, ўрнига янгиларини жойлаштиради. Хотираларидан воз кечишни истайдиган одамлар ҳам топилади бу дунёда.

12. Йўл ҳодисасини моделлаштирувчи мослама.

Tesla электромобилларига мослашган ушбу қурилма турли йўл ҳодисаларини моделлаштириб, ҳайдовчига у ёки бу ҳолатда қандай иш тутишни ўргатади. Бу йўлдаги тўқнашувларнинг сонини камайтиришга хизмат қилиши мумкин.

13. Ҳаётга лаёқатни ўлчовли мослама.

Exo-Life деб номланувчи ушбу технологияни бизга маълум барча сайёраларга жўнатиш кўзда тутилмоқда. У сайёранинг табиатини ўрганиб, у ерда яшаш мумкин ёки мумкин эмаслигини аниқлаб беради.

14. Шахсиятни ўзгартирувчи мослама.

2050 йилга келиб танани ва феъл-атворни такомиллаштириш учун ўз устингизда ишлашингизга ҳожат қолмайди. Бунинг учун махсус дорини ичсангиз кифоя. У организмдаги бактериялар таркибини ўзгартириб, кўринишингизни, феъл-атворингизни ва шахсиятингизни ўзгартириб юборади.

15. Универсал тозалагич.

Бу тозалагич шунчаки чангни артмайди, балки уни ютади ҳам.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ