Америкада янги президент сайлови бошланди

Жаҳон 8-11-2016

8 ноябрь, сешанба куни Америка Қўшма Штатларида умуммиллий сайловлар бўлиб ўтади. Америкаликлар мамлакатнинг янги президенти, вице-президенти ҳамда АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг тўлиқ таркибини ва Сенатнинг учдан бирини, 12 штат губернатори ва қатор шаҳар мэрларини сайлаб олишлари керак. 

Айтиш жоизки, бу йилги сайловлар Демократик партия номзоди Ҳиллари Клинтон ва Республикачилар партияси номзоди Дональд Трамп ўртасидаги бўлиб ўтган "ифлос" рақобат билан ёдда қоладиган бўлди. Ижтимоий сўровларга кўра, америкаликларнинг аксарияти Клинтон томонга кўпроқ ён босмоқда. Агар у ғалаба қозонгудек бўлса, АҚШ тарихида илк маротаба аёл сиёсатчи давлат раҳбари бўлади. Бироқ, миллиардер Трамп уни доғда қолдириш имкониятига эга. 

1960 йилда пайдо бўлган анъанага кўра, биринчи бўлиб Нью Ҳемпшир штати шимолидаги Диксвилл-Нотч аҳоли пункти сайловчилари овоз беришади. Канададан 30 км узоқликдаги қўрғонча аҳолиси роппа роса ярим тунда (Тошкент вақти билан 10:00) маҳаллий Balsams меҳмонхонасида тўпланишади ва орадан бир дақиқа ўтгач, овоз бериш жараёни якунланади. 

ТАСС мухбирининг маълум қилишича, маҳаллий вақт билан тонгги 05:45да (Тошкент вақти билан соат 15-45) Атлантика океани соҳилларидаги митти қўрғонларда овоз бериш жараёни бошланади. АҚШнинг материк қисмидаги энг сўнгги бюллетень Алясканинг Адъяк қўрғонида маҳаллий вақт билан соат 20:00да (Тошкент вақти билан 9 ноябрь соат 10:00) қутига ташланади. 

50 штат ва Колумбия федерал округидаги овоз бюллетенларига Ҳиллари Клинтон, Дональд Трамп ва Либертариан партияси номзоди Гэри Жонсон исми-шарифи киритилган. У икки маротаба Нью-Мексико штати губернаторлигига сайланган. "Яшиллар" номзоди Жилл Стейн эса 45та штатдаги бюллетенларга киритилган. 

Охирги марта ўтказилган умуммиллий ижтимоий сўровларга кўра, Клинтонни сайловчиларнинг 45-47 фоизи, Трампни 41-43 фоизи қўллаб-қувватламоқда. Жонсонга 5-6 фоиз, Стейнга 2 фоизга яқин сайловчилар овоз бериши мумкин. Bloomberg ахборот хизмати таҳлилига кўра, аутсайдер номзодлар Нью-Мексико ва Вашингтон каби штатларда Клинтонни овозлардан маҳрум этиши мумкин. Трамп эса, улар туфайли Аризона, Монтана ва Колорадо штатларида етарли овоз тўплай олмаслиги эҳтимол. Бу ҳолат албатта, икки етакчи номзод натижаларига салбий таъсир этмай қолмайди. 

Бу сафарги сайловларда, АҚШ тарихида илк марта 200 млндан ортиқ сайловчи ўз ҳуқуқидан фойдаланади, деб ёзмоқда Politico нашри. Сўнгги 8 йил мобайнида уларнинг сони 50 млнга кўпайган. Шу билан бирга, уларнинг сезиларли қисми сайлов кунигача ўзларининг сиёсий қарашини изҳор қилишга улгурган. US Elections Project тадқиқот хизматига кўра, муддатидан аввал овоз бериш ҳуқуқидан 41,1 млнсайловчи фойдаланган. Улардан энг кўпи Флорида (6 млндан ортиқ), Техас (4,4 млн) ва Калифорния штатларида (4,1 млн) қайд этилган. Аммо, уларнинг овозлари сайлов куни ҳисобга олинади. 

Айтиш жоизки, Америкадаги президентни сайлаш жараёни бошқа мамлакатлардаги бевосита сайловлардан сезиларли фарқ қилади. Аслида, сайловчилар бюллетендаги номзод номини белгилаш билан ҳар бир штатдан АҚШ президентини сайлаш ҳуқуқига эга бўлувчи сайловчиларга овоз берган бўлишади. Шу билан бирга, штатда қайси номзод ғолиб чиқса, ушбу ҳудуддан сайловчилар овози тўлиғича унга берилади. Бунда, рақиб томонга берилган овозлар сони инобатга ўтмайди. 

Америка университети профессори Элизабет Шерманнинг айтишича, "сайловчилар бевосита президент ва вице-президентни сайлашмайди, аксинча давлат раҳбарини сайлайдиган, таъбир жоиз бўлса, воситачиларни сайлашади". Уларнинг умумий сони Вакиллар палатаси ва сенаторлар, Колумбия федерал округидан уч вакилнинг жами сонига тенг бўлади.  Шундай қилиб, 538 кишидан иборат сайловчилар коллегиясининг қўллаб-қувватлашига эришиш учун президентликка номзод ушбу коллегияда ўзининг тарафдорлари сонини камида 270 нафарга етказиши керак. Небраска ва Мэн штатларидан ташқари барча штатлардаги қоидага кўра, аксарият кўпчилик овозни тўплай олган номзод ушбу штатнинг сайловчи-воситачиларининг умумий сонига эгалик қилади.

Сайлов арафасида, The Wall Street Journal газетасининг ёзишича, Ҳиллари Клинтон демократлар тарафдорлари кўпчиликни ташкил этувчи штатлардан 183 сайловчига ишонса бўлади. 30 овозга эга ҳудудларда ғалаба қозониш эҳтимоли юқори бўлса, 65 сайловчига эга штатлар уни қўллаб-қувватлашга тайёрликларини билдиришган. Буларнинг йиғиндиси эса - 278 овоз бўлади. 

Бу борада Трампнинг ўрни бироз таҳликали дейиш мумкин. У анъанавий республикачи штатларнинг 86та овозига эгалик қилиши аниқ. Шунингдек, Трамп ўз партияси имкониятлари юқори бўлган бошқа штатлардан 71та сайловчини ўзига жалб қила олади. Бундан ташқари, республикачиларга ён босувчи штатларнинг 58 овози унинг ҳисобига ўтиши тахмин қилинмоқда. Шу билан Трамп жами 215та сайловчига эга бўлиши мумкин. 

45 нафар сайловчининг овози эса, номзодларнинг у ёки бунисига тегиши ҳам эҳтимол. Одатда, Оқ уй раҳбарлиги учун кураш ғолиби сайловлар кунининг кечасида аниқ бўлса-да, уни расман якунлаш жараёни бироз узоққа чўзилади. Фақатгина 19 декабрда Сайловчилар коллегияси янги президент ва вице-президент учун овоз беришади. 2017 йил 20 январда янги президент қасамёд қабул қилади ва вазифасини бажаришга киришади. 

Президентлик учун номзодлар овоз бериш жараёнини ўзларининг сайлов қароргоҳида кузатишади. Дональд Трамп Манҳэттеннинг Марказий парк яқинида барпо этилган 4 юлдузли New York Hilton Midtown меҳмонхонасига жойлашган. Ҳиллари Клинтон ўз тарафдорларини Ҳадсон дарёси соҳилидаги Jacob K. Javits Convention Center кўргазмалар мажмуасида кутиб олади. 

Сайловчилар овози ҳисоблангач, воситачилар сони 270 нафарга етган номзод сайловда ғалаба қозонган ҳисобланади. Мағлуб бўлган томон эса, ошкора мағлубиятини тан олиши ва рақибини ғалаба билан қутлаши керак бўлади. Айни шу жараён, янги сайланган президентнинг "қонуний ғолиб деб тан олиниши йўлидаги илк қадам ҳисобланади". Бироқ, сайловолди кампаниясининг сўнгги босқичида Трамп бир неча маротаба овозлар қалбакилаштирилиши мумкинлигини таъкидлагани ёдга олинса, миллиардер анъанага риоя қилиши даргумон. 



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ