Америкалик энг сахий 5 та миллиардер

Компания 10-11-2014

Билл Гейтс номи бутун дунё бой кишилари рўйхатининг энг юқорисида зикр этилган. Бу шахснинг бойлиги айни кундаги ҳисоб-китобларга кўра, 81,2 млрд АҚШ долларини ташкил этади ва у 21 йилдан буён “Forbes” журнали тузадиган рўйхатда етакчиликни бошқа ҳеч кимга бермай келади.

Шунингдек, Билл Гейтс дунёнинг энг сахий кишилари рўйхатини ҳам бошқариб турибди. Ўтган йилнинг ўзида у ва рафиқаси ташкил этган хайрия фонди томонидан муҳтожларга ёрдам бериш мақсадида 2,65 млрд доллар миқдорида маблағ ажратилган. Бу маблағнинг асосий қисми безгак ва бошқа юқумли касалликларга қарши кураш ишларига йўналтирилган бўлса, 50 млн долларлик қисми СПИД хасталигига чалинган беморларни тузатиш учун сарфланган.

“Microsoft” асосчиси ўз ҳаёти давомида жами 30 млрд доллардан ошиқ миқдордаги маблағни хайрия ишлари учун сарфлаган ва бу миқдор унинг фаолияти давомида ишлаб топган пулларининг 40 фоизини қамрайди.

Сахий миллиардерлар рўйхатида иккинчи поғонани яна бир америкалик ишбилармон Уоррен Баффет банд этган. У 2013 йилда хайрия ишлари учун Билл Гейтсдан озгина камроқ пул – 2,63 млрд доллар ажратган.

Ҳотамтой кишилар учлигини америка косметика қироли Леонард Лаудер тўлдириб турибди. У "Эсте Лаудер" фирмаси раҳбари ҳисобланади. У ўз хайрияларини бироз бошқачароқ йўсинда амалга оширган, яъни у ўз коллекциясидаги санъат асарларини Нью-Йоркдаги Метрополитен музейига совға қилган. Бу экспонат жами 1,1 млрд долларга баҳоланган 78 та қимматбаҳо сурат ва ҳайкаллардан иборат. Лаудер кубизм йўналиши ихлосманди бўлиб, 40 йил давомида Пабло Пикассонинг 33 та, Жорж Бракнинг 17 та, Хуан Гриснинг 14 та ва Фернан Леженинг ҳам 14 та ишини турли кимошди савдоларида қўлга киритган эди.

2013 йил кўрсаткичларига кўра, тўртинчи рақамли сахий бадавлат инсон фейсбук асосчиси Марк Цукерберг бўлган. У ўтган йил давомида "Кремний водий" фондига 991 млн доллар миқдорида пул ўтказиб берган. Ушбу фонд ёш авлод учун турли таълим дастурларини тайёрлайди.

Молиячи Жорж Сорос эса инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи турли ташкилотлар фаолияти учун 734 млн долларлик ёрдам кўрсатган ҳолда, бу рўйхатда бешинчи бўлди.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2018 XABARDOR.UZ