Ақл ишлатишни талаб қилувчи 7 ўйин ва уларнинг тенгсиз усталари

Ғаройиб кишилар 12-08-2016

"Спортчи" деганда кишилар кўз ўнгида қандай инсон гавдаланади? У қадар ўткир ақл соҳиби бўлмаган  мустаҳкам мушаклар...бироқ интеллектуал қобилиятлар ташқи кўринишдан кўпроқ диққатни тортишини ҳамма ҳам англаб етавермайди.

Келинг, спортнинг интеллектуал турлари ҳақида сўз юритамиз. Интеллектуал спорт мусобақаларида кишилар ҳисоблар бўйича беллашадилар. Бугун тўхталиб ўтадиган спортчиларимиз инсон учун энг асосий мускул - мияни мустаҳкамлашади. 

Шахмат бўйича чемпион

Шахмат - икки рақиб учун 64 катакли тахтада махсус шаклларни жамлаган мантиқий стол ўйини бўлиб, у санъат, илм-фан ва спорт элементларини ўзида уйғунлаштирган. Ўйин номи форс тилидан келиб чиққан: "Шах мат" сўзма-сўз таржима қилганда - "шох ўлди", деган маънони англатади.

Свен Магнус Эн Карлсен — Эло рейтингининг 2 700 ва 2 800 пунктни босиб ўтган, ФИДЕнинг расмий рейтингини 19 ёшда бошқарган энг ёш шахматчи. 2013 йилнинг февраль ойидан - Эло рейтинги тарихида энг юқори чўққини (2872 пункт) забт этган спортчи. Магнус Гари Каспаровнинг 13 йил давомида сақлаб келган 2851 пункт натижасидан ўзиб кетиб, рекорд ўрнатди.

2014 йилнинг май ойида рейтингнинг мутлоқ чўққисига чиқди - 2882 пункт. 2013 йилда Time журнали Магнусни "Титанлар" таснифида "Жаҳоннинг энг нуфузли 100 кишиси" рўйхатига киритди. 

Шашка бўйича чемпион

Шашка - оқ ва қора доначалар билан ўйналадиган стол ўйини. Партия пайтида ҳар бир ўйинчининг ўзига тегишли рангдаги шашкалари бўлади. Ўйин мақсади - шашкалар йўлини тўсиш ёки уларни ютиб олиш орқали рақибга йўл қолдирмаслик.

Александр Георгиев — россиялик шашка устаси, тўққиз карра жаҳон чемпиони, уч карра Европа чемпиони. Халқаро гроссмейстер. 

Александр Георгиев Александр Леман билан ҳамкорликда Леман-Георгиев турнирларини ўтказиш тизимини ишлаб чиққан. 

Го бўйича чемпион

Го — Шарқий Осиёнинг қадимий мантиқий ўйини. Икки ўйинчидан ҳар бири ўзига тегишли рангдаги тошлар билан имкон қадар катта ҳажмдаги ҳудудни чегаралаши керак бўлади. 

Ли Седоль — го бўйича 9-дан корейс профессионали, 2010 йилги ёзги Осиё ўйинларида го бўйича жамоавий ўйин ғолиби. Ли Седоль 1996 йил 13 ёшида 1-дан профессионали номини олган. 2002 йилда у ўзининг илк халқаро  мукофотини қўлга киритган. 2010 йилнинг 4 июнида эса у турнирлардаги 800-ғалабасини қозонган. 

2016 йилнинг март ойида Ли Седоль Google DeepMind компанияси томонидан ишлаб чиқилган AlphaGo компьютер дастурига қарши ўйнаган ва беш партиядан бирида ғолиб бўлган. 

Бридж бўйича чемпион

Бридж — жамоа ёки жуфт бўлиб ўйналадиган интеллектуал карта ўйини. Спорт бриджи - Халқаро олимпия қўмитаси томонидан спорт тури сифатида расман тан олинган ягона карта ўйини. Бридж мураккаблиги, қизиқлиги ва таниқлилиги бўйича шахмат ва го каби интеллектуал ўйинлар билан бир қаторда туради. 

Илай Калбертсон — америкалик тенгсиз бридж устаси. Унинг отаси нефть конларини излаш билан шуғулланган, шу боис умрининг катта қисмини Европада нефть қидириб ўтказган. Илайнинг болалик ва ўсмирлик йиллари Россияда ўтган. У Женева ва Парижда таҳсил олган. Кавказ, Мексика ва Испаниядаги инқилобий ҳодисаларда фаол иштирок этган. 

Рус инқилоби даврида отаси бор будидан айрилган ва Америкага йўл олган. Бир қатор касблар ичидан Илай бридж ўйининг профессионал устаси бўлишни афзал, деб билган. У Вridgе Wоrld журналига асос солган, турнирларда хотини билан жуфтликда муваффақиятли қатнашган, маърузалар ўқиган ва бриджга оид китобларни нашрдан чиқарган. 

30-йилларнинг охирида янги уруш хавфи аниқ бўлганда, у карта ўйинини тарк этиб, сиёсий фаолиятга қайтган. Жаҳон федерациясига, 1946 йилда эса - БМТ ислоҳотлари фуқаролар қўмитасига асос солган ва халқаро тинчликпарвар кучлар ёрдамида сайёрада тинчлик сақлашни тарғиб қилган. 

Рубик кубигини йиғиш ва бошқотирмаларни ечиш бўйича чемпион

Рубик кубиги - 1974 йилда венгриялик ҳайкалтарош ва меъморчилик муаллими Эрне Рубик томонидан ихтиро қилинган (ва 1975 йилда патентланган) механик бошқотирма.

Феликс Земдегс — Рубик кубигини йиғиш бўйича жорий рекорд соҳиби ва бошқа кўплаб бошқотирмаларнинг етакчи йиғувчиси. У 44 марта жаҳон рекордини ўрнатган. У 2008 йилда 12 ёшида бошқотирмаларни ечишни бошлаган ва атиги 71 кундан кейин унинг ўртача йиғиш вақти 20 сониядан камроқни ташкил қилди. 2010 йилнинг 30 январида у инсонлар орасида биринчи марта 9,21 натижа билан расман sub-10 (10 сониядан кам) даражасига кўтарилди. 

У Рубик кубигини тезликка йиғишда ҳақиқий инқилоб содир этди. Феликснинг навбатдаги рекордидан сўнг собиқ чемпион Эрик Аккерсдейк у ҳақида шундай деган: "Мен жаҳон рекордларининг янги таснифларини яратишни таклиф қиламан, бири Феликснинг ақл бовар қилмас натижалари учун махсус ва бири оддий одамлар учун. Агар шундай қилинмаса...мен кетаман".

Counter-Strike бўйича чемпион

Counter-Strike — дастлаб Half-Life ўйини модификацияси сифатида ишлаб чиқилган компьютер ўйинлари серияси. Ўйиннинг асосий ғояси - икки жамоа - террорчилар ва контр-террорчилар қаршилиги. Мақсад - карта вазифасини бажариш ёки рақибларни йўқ қилиш.

Даниил Тесленко — Zeus лақаби билан танилган украиналик киберспортчи. Counter-Strike профессионал ўйинчиси. Natus Vincere жамоаси ўйинчиси. Counter-Strike  тарихидаги энг яхши капитанлардан бири ҳисобланади. Жамоасининг 7 совринига қўшимча равишда у яна бир шахсий мукофотни қўлга киритган - Arbalet Cup Asia'нинг энг яхши ўйинчиси. Шу билан бирга Arbalet Cup Best of Four'да энг яхши фрагер бўлган. Даниил ўйинда стратегик фикрлашни қўллайди, воқеалар ривожини олдиндан айтиб, жамоалари ҳаракатларини тўғри йўналтиради.

Спорт покери бўйича чемпион

Покер — спорт карта ўйини, унинг мақсади - 4 ёки 5 картани қўллаб ёки барча рақибларни ўйинда иштирок этишни тўхтатишга мажбурлаб, имкон қадар юқори покер комбинациясини йиғиш ва ставкаларни ютиш. Ўйин тўлиқ ёки қисман ёпиқ карталар билан кечади.

Доминик Ницше — профессионал покер ўйинчилари ёш авлодининг энг ёрқин ва истеъдодли вакилларидан бири: Доминик турнирлардаги илк ғалабалрини мактабда ўқиб юрганидаёқ қўлга киритган. Онлайн покернинг ўзида Ницше 3 миллион доллар ишлаб олган. Бугунги кунга келиб, Доминикнинг лайв-турнирлардаги мукофот пуллари 3 миллиондан ортиқни ташкил қилади.

Доминик Ницше 1991 йилда Германияда таваллуд топган, ота-онаси туфайли болалигидан карта ўйинларига қизиққан. Ўсмирлик даврида эса Ницше видеоўйинларга қизиқиб қолган ва онлайн-покер  ўйнай бошлаган. Ўша пайтлар оддий немис бола учун онлайн-покер шунчаки видоўйинларнинг бир тури эди, холос. Бир неча йил ўтгач, ёш ўйинчи бутун дунё аҳлининг назарига тушди. Доминикнинг тарихида мағлубиятдан кўра, ғалабалар кўпроқ. Ўйинчи ўз рақиби карталарини билмагани учун покер аксарият карта ўйинлари каби тўлиқ маълумотли ўйин ҳисобланмайди. Айнан шу жиҳат уни ҳаётдаги рақобатли вазиятларга (масалан, сиёсат ёки бизнесда) яқинлаштиради. 



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ