Ақлий фаолиятни оширувчи 10 омил

Карьера 14-09-2015

Бу мақолада ақлли бўлиш, шунинг билан бирга, саломатликни яхшилаш, ёш билан боғлиқ руҳий жараёнларни барқарорлаштириш ҳамда ҳаётни янада ёрқинроқ этишга ундовчи бир қанча фойдали маслаҳатлар билан яқиндан танишасиз.

Бир деганда ақлли бўлиб қолиш мумкин эмас. Ақлли бўлиш — ҳаёт мазмуни бўлиб, тинимсиз изланишда бўлиш ва кўпроқ илм олишга асосланади. Бу бир мунча қийин иш, аммо унинг охири жудаям ёқимлидир. Қуйида сиз ақлли бўлишни нимадан бошлаш кераклигини ўзингиз билиб оласиз.

1. Доимий равишда жисмоний машқлар билан шуғулланинг

Бу ҳолат танада қон юришини яхшилайди ва мияга етарли миқдорда кислород етиб боради. Шу билан бирга руҳият ҳам барқарорлашади. Ўзингизнинг ёшингизга муносиб жисмоний дастур танланг ва у билан доимий шуғулланинг. Бу ерда энг асосийси — доимийлик.

2. Етарли даражада ухлаётганингизга аҳамият беринг

Кўп бора олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, зарур миқдорда ухламаслик диққатни сусайтириб юборади, қисқа ва узоқ муддатли хотирани сусайтиради. Сиз муаммоларни тез ҳал қила олмай қоласиз, кўриш қобилиятингиз ёмонлашади, реякциянгиз секинлашади. Айниқса, руҳият билан боғлиқ масалаларда тез ва тиниқиб ухлаш ўта зарур.

3. Нима тановул қилаётганингизга ўта эътиборли бўлинг

Мия яхши ишлаши учун унга етарли даражада фойдали манбалар керак бўлади. Таомномангизни витамин, аминокислота ва углеводларга бой таомлар билан бойитинг. Бунинг учун қўшимча маҳсулотлар сотиб олиш шарт эмас.

4. Агар чекувчи бўлсангиз, зудлик билан ташлашга ҳаракат қилинг!

Сигарет тутунидаги захарлар мияга етиб боради ва унинг ишлашини мутлақо ишдан чиқаради. Чекишни ташлашга бўлган ҳаракат шундай жараёнки, вақти келиб сиз бу ишингиздан ҳеч қачон афсусланмайсиз.

5. Алкоголь ичишни камайтиринг

Кўпчилик меъёрида қабул қилинган алкоголь мияга фойда беради, деб ҳисоблайди. Аммо бу тасдиғини топмаган фактдир. Аммо уни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш мия фаолиятидаги айрим функцияларни мутлақо ишдан чиқариши исботланган. Ҳатто унинг мияга етказган зарари асоратли оқибатларга ҳам олиб келади.

6. Доимий равишда янги нарсаларни ўрганишга ҳаракат қилинг

Янгироқ бирор нарса ўрганишга ҳаракат қилинг. Масалан чет тилларидан бирини ёки мусиқа асбобларидан бирини чалишни. Илгари сизда қизиқиш уйғотган нарсангизни ўргансангиз янада фойдали. Бу мия шакли ўзгаришига ва ижобий ўсишига сабаб бўлади. айниқса, математика, мантиқ ва қийин бошқотирмалар устида ишласангиз бу мия фаолиятини яхшилаш билан бирга, руҳиятингизни тинчлантиради, иродангизни мустаҳкамлайди ҳамда IQ даржангизни бир неча босқичга юқорилайди. Бу борада онлайн-хизматлардан фойдалансангиз ҳам бўлади.

7. Ақлли ва зиёли инсонлар билан дўстлашишга бел боғланг

Улар билан тез-тез учрашиб туринг. Кенг доирадаги мавзуларда мунозара юритинг. Фикр алмашинг. Бу ишларнинг бари сизга янги ғоялар ва фикрлар тақдим этади. Ана шунда доно одамлар ўзларини қандай тутишларига ва қандай фикр юритишларига гувоҳ бўласиз. Улардан эса ниманидир ўрганасиз ва бу сизга кейинги ҳаётингизда қўл келади.

Агар сиз ўтирган жойдаши энг ақлли одам бўлсангиз, ишонаверинг, муносиб жойда эмассиз. Доим ўзингиздан кўра ақллироқ одамлар бор жойда бўлишга ҳаракат қилинг.

Александр Журба, бизнесмен ва сармоядор

8. Бир ҳафтда бир марта бўлса-да, бирор-бир жиддий китоб ўқинг ва ўқиганларингизни чуқур тафаккур этинг

Бу сўз бойлигингиз ва нутқингизни оширишга хизмат қилади. Суҳбатларни чиройли ва маъноли олиб борасиз. Бунинг учун ҳар куни оз-оздан мутолаа қилиш лозим.

9. Компьютерда мураккаб ўйинлар ўйнашга ҳаракат қилинг

Пойгалар ва шунга яқин ўйинлар реакциянгиз ошишига ёрдам бериши мумкин, бироқ улар ақлий даражангизни оширишга хизмат қилмайди. Шундай ўйин танлангки, у ақлий ва психологик томондан сизни ҳаракатга келтирсин. Бунга стратегик ёки бошқотирмали ўйинлар мисол бўла олади.

10. Ақлингизга чегара қўйманг

Кўпчилик ўзига маълум бир вазиятларда ўзига ишонмайди ёки ўзини йўқотиб қўяди. Одамларнинг гап-сўзи, инкор этувчи омиллар ва ваҳимали сабаблар — буларнинг бари сизнинг ақлий фаолиятингизга қўйиладиган тўсиқлардир. Бунга асло йўл қўйманг. Ўзингизга ишонинг ва ҳаётингизни доно инсонлар сингари бошқаринг!

Сарвар Анвар ўғли тайёрлади



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ