Автомобилни интернет орқали тўғри сотиш учун фойдали маслаҳатлар

Маслаҳат 12-09-2018

Автомашинани сотишда унинг эълондаги cурати муҳим роль ўйнайди. Ахир, харидор машина билан танишишдан аввал унинг расмини кўради. Қуйида автомашинани сотиш учун қандай қилиб суратга олиш кераклиги ҳақида керакли тавсиялар бермоқчимиз.

Агар эълонда юқори сифатли ва тиниқ кадрлар кўп бўлса, автомобилни тез ва яхши нархда сотиш имкони ортади. Бироқ, эълондаги машина фотосуратсиз ёки иккита хира расм билан берилган бўлса, бу харидорни дарров айнитади. Шунинг учун, автомашинангизнинг яхши томонини кўрсатадиган 10-20та сифатли фотосурат олишингиз керак.

Шундай яхши:

Бундай олманг:

Автомашинани тайёрланг

Машинангизни суратга олишдан аввал уни яхшилаб ювинг. Автомобилнинг кирлиги тасвирда яққол билинади. Ювиш учун харажат қилишга оғринманг, зеро, харидор сиз айтган нархга кўнса, сарфлаган пулингиз икки-уч баробар бўлиб қайтади. Автоуловни тўлиқ ювдирган маъқул: кузов қисмини полировка қилдириш, салонни кимёвий тозалаш керак. Буларнинг ҳаммаси суратда аниқ кўзга ташланади. Тасвирга олишдан аввал салон ичидаги ортиқча нарсалар –  навигатор, мунчоқлар, видеорегистраторларни, багаждан эса канистр, асбоблар ва бошқа кераксиз нарсаларни олиб ташланг. 

Яхши жой топинг

Автомобилни ахлатхона, гараж, эски уйлар фонида суратга туширманг. Оддийгина бир хил рангдаги девор (автомобиль рангидан фарқ қилса янада яхши) олдида тасвирга туширган маъқул. Муҳими, автомойкадан узоқлашиб кетманг. Чунки машина яна кирланиб қолса, ювдириш муаммо бўлиши мумкин. Унутманг, Сиз тоза деб ўйлаётган кузов кадрда кир, хира, охорсиз бўлиб кўринади.

Шундай яхши:

Бундай олманг:

Бошқа машиналар фонида суратга олиш ҳам нотўғри. Чунки сизнинг  машинангиз қолиб, бошқа автоуловлар харидорни жалб қилиши мумкин. Алоҳида бошқача фонни ҳам қидириш керак эмас (ҳатто фотошопда қўйилгани ҳам), улар харидорни узоқлаштиради.

Суратга олиш техникаси

Қандай аппаратда суратга олиш керак? Аксарият сотувчилар кўп ҳолларда смартфонлардан фойдаланишади. Чунки сифатли тасвир олиш имконига эга смартфонлар ҳозир кўп. 
Энди қандай суратга олишга келсак. Сизда автомобилнинг ҳар томонидан олинган энг камида 8та тасвир бўлиши керак. Улар автомобилнинг умумий кўриниши, ракурснинг 3/4 қисмини эгалловчи ўнг ва чап томони, олд ва орқа томонлардир. Айтганча, олд ғилдираклар тўғри туриши ёки кадрга диск билан бироз бурилган ҳолатда бўлсин. 

Шундай яхши:

Машинанинг бирор жойини йирик планда суратга олиш керакми? Агар у муҳим бўлса олиш мумкин. Мисол учун, сизда махсус сериядаги автомобиль бўлса, серия ёзувини аниқ-тиниқ суратга туширишингиз мумкин. Харидорга кўп маълумот берувчи суратлар яхши, албатта. Лекин унутманг, сизнинг вазифангиз фотосанъат билан шуғулланиш эмас, балки кўп маълумот берувчи тасвирларни тўплашдир.

Шунингдек, автомобилнинг капот қисмини очиқ ҳолатда олишни ҳам унутманг. Мотор қандай бўлса шундайлигича тасвирлангани яхши. Баъзи харидорлар ўта тоза моторлардан чўчишади. Чунки кир двигателга қарабгина ҳеч қаердан ёғ томмаётганини билиш мумкин.

Шундай яхши:

Яна бир жиҳат, суратга олиш жараёнида соялар қаерга тушаётганлигига аҳамият беринг. Соялар машинанинг олд қисмини тўсиб қолмаслиги керак. Умуман, соялар автомобилнинг кўркини яширади.

Бундай олманг:

Машина кузовини суратга олиб бўлганингиздан сўнг, энди унинг салон қисмига ҳам ўтишингиз мумкин. Бунинг учун сизга 4-5та кадр етарли. Идеал ҳолатда битта кадрда салоннинг умумий кўриниши, яна бир кадрда олд ва орқа ўриндиқлар тасвирланган ва битта кадр олд ўриндиқнинг орқа томонидан олинган манзарасини кўрсатиши керак. Шунингдек, муҳим деталларни ҳам эътибордан қочирмаслик керак (масалан, автомашинага қиммат овоз тизими ўрнатилган бўлса, кўрсатиш мумкин). Руль эса текис ҳолатда турсин.

Шундай яхши:

Бундай олманг:

Шуни ҳам инобатга олиш керакки, суратга олиш жараёнида кўпроқ кадрлар тўпланг (такрорий кадрлар ҳам), сўнг улардан энг яхшиларини танлаб олишингиз мумкин бўлади. Кўп ҳолларда фотоаппарат ёки смартфон камераларидаги тасвир монитор тасвиридан фарқ қилади. Шу сабабли, кўпроқ кадр олинса, танлаш имкони ҳам ортади.

Қайта ишланг

Аслида, бир маротаба олинган энг яхши кадрни эълонга жойлаган яхшироқ. Ҳозир заминальный смартфонларда суратга олиш жараёнининг ўзидаёқ, тасвирни таҳрирлаш мумкин. Кадрларни очариш ва тўқроқ қилиш имконияти ҳам бор. Қолаверса, компьютер ёрдамида суратларни қайта ишласа бўлади. Бунинг учун фотосуратларни таҳрир қилувчи дастурлардан фойдаланасиз. Бироқ ўта кўп таҳрирлаш ҳам яхши эмас. Ҳаддан зиёд ишлов бериб юборилган сурат табиий чиқмайди.

Мана, энди ЭЪЛОН ҚИЛИНГ!

Энди автомобилни газета-журнал ёки интернетаги «эълонлар тахтаси» га жойласангиз ҳам бўлади. Савдоингизнинг баракасини берсин!

Интернет маълумотлари асосида

Тоҳиржон Ғофуров тайёрлади



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2018 XABARDOR.UZ