Бадавлат кишилар ҳақидаги энг машҳур 7 "афсона"

Миллиардерлар 11-04-2017

Кўпчилик бадавлат кишиларни салбий қиёфада кўради. Баъзан бу шундай. Шу билан бирга, бойлик осон қўлга киритилади деб ҳисоблашади. Қайсидир маънода шундай ҳам. Шунга қарамай, тўлиқ картина бироз мураккаброқ. InsiderPro шу мавзудаги мақоласи билан бўлишди.

Улар - хасис, ноинсоф ва бойлик эвазига ҳукмронликни қўлга киритувчи кишилар - ҳар ҳолда бадавлат кишилар ҳақида кўпчилик шундай фикрда. Биринчи марта миллиардер АҚШ президенти бўлганидан сўнг, бадавлат кимсалар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут ўсишда давом этаётган бир вақтда бундай "афсона"га ишониш айниқса осон.

Бироқ ҳаёт анча мураккаб. Албатта, биз кўпинча дунёни оқ ва қора рангларда кўриб ўрганганмиз. Қуйида бадавлат кишилар ҳақидаги етти энг кенг тарқалган "афсона"ни ёдга оламиз.

 

1. Улар катта уйларда яшашади ва қимматбаҳо машиналар минишади

Собиқ Motley Fool шарҳловчиси Морган Хузел ўзининг Лос-Анжелесдаги ҳашаматли меҳмонхонада швейцар сифатидаги тажрибасидан келиб чиқиб, нималарни англаганини баён қилган:

"100 минг доллардан қиммат автомобили бор кишини учратсангиз, у ҳақида бир нарсани аниқ биласиз: ҳозир унинг банк ҳисобидаги маблағи 100 минг долларга кам ёки у кимгадир 100 минг доллар қарз".

Албатта, ҳар қандай қоидада ҳам истисно бўлади, лекин умумий олганда, шуни инобатга олиш кераккки, унинг ишлари сиз ўйлагандек яхши бўлмаслиги ҳам мумкин. Бу ғоя Стэнли Томас ва Данко Уильямнинг миллионерлар тўғрисидаги китобида баён қилинган хулосалар билан тасдиқланади. Муаллифларнинг аниқлашича, 1 миллион доллардан зиёд маблағга эга оилаларнинг аксарияти ўрта тоифа аҳоли яшаган жойларда истиқомат қилган ва улар ўз мавқеини тасдиқловчи харидлардан қочишган.

 

2. Бадавлат кимсалар бахтлироқ, чунки уларнинг пули кўп

Баъзи тадқиқотларга кўра, бадавлат кишилар ҳақиқатда бошқаларга нисбатан бахтлироқ. Бироқ шу билан бирга даромадларнинг ошиши инсонларни фақат маълум бир давргача бахтли қилишидан далолат берувчи изланишлар натижалари ҳам мавжуд. Даромадингиз эҳтиёжларингизни қоплайдиган даражада ошиб, харажат ҳақида ўйламай, кўнглингизга келганини қила оладиган пайтингиз келганидан кейинги киримларнинг ошиши сизнинг кайфиятингизни яхшилай олмайди.

Шундай экан, нима учун бойлар бахтлироқ? Кўпинча бу уларнинг ўз соҳаларида муваффақиятга эришиши ёки бўш вақтлари кўпроқ экани билан боғлиқ. Нафақага чиққан кишилар орасида ўтказилган тадқиқотларнинг кўрсатишича, бўш вақтнинг кўплиги рекорд даражадаги мамнуниятга олиб келади ва ташвишни рекорд даражада камайтиради. Бадавлат кишилар бошқа аксарият одамлардан эртароқ иш жойларини тарк этишлари мумкин.

 

3. Улар бойликни мерос қилиб олишган

Wealth-X тадқиқот компанияси бутун дунёдаги 2170 нафар миллиардернинг бойиш йўлини ўрганиб чиқди. Унга кўра:

60 фоизи пулларни мустақил қўлга киритган;

20 фоизи мерос қилиб олган ва кўпайтирган;

20 фоизи бор бойлигини мерос қилиб олган.

Инсоннинг келиб чиқиши аҳамиятсиз эмас, албатта. Бироқ кейинги сафар супербадавлат кишини учратганингизда унга пуллар ўз-ўзидан ёғилмагани, аксинча пешона тери эвазига келгани ҳақида ўйланг.

 

4. Бадавлат кишиларнинг акарияти - инвестбанкирлар

Хеж-фондлар ва тўғридан-тўғри инвестиция фондларини бошқарувчи инвестбанкирлар, шунингдек венчур капиталистлар жуда бой кишилар орасида кўпчиликни ташкил қилиши ҳақиқат. Бироқ молиявий аҳволи 30 миллион доллардан ошувчи кишилар орасида бундайлар  атиги 19 фоизнигина ташкил қилар экан. 81 фоизи эса бошқа соҳаларда пул ишлайди.

 

5. Бадавлат кишиларнинг аксарияти The Ivy League университетларида таълим олишган

Дарҳақиқат, 30 миллиондан зиёд маблағга эга кишиларнинг жуда катта қисми The Ivy League (АҚШнинг шимоли-шарқидаги етти штатда жойлашган саккиз хусусий университет ассоциацияси) университетлари битирувчилари ҳисобланади.

Шундай бўлса-да, уларнинг битирувчилари ўта бой кишилар орасида атиги 3,5 фоизни ташкил қилади. Бошқача қилиб айтганда, 96,5 фоиз ўта бадавлат киши бу университетларда ўқимаган. Энг қизиғи, уларнинг 13,6 фоизи умуман олий таълим муассасасида таҳсил олмаган.

 

6. Бадавлат кишилар оғир меҳнат билан шуғулланишмайди

Томас Ко­рел­ли 5 йил давомида бадавлат кишиларнинг одатларини ўрганди. Тадқиқот натижалари унинг ўзини ҳам ажаблантирди. Тадқиқот доирасида у йиллик даромади - 160 минг доллар, омонат суммаси - 3,2 миллион дол­ла­рдан ошувчи ва 5 минг долларгача маблағ йиғишга муваффақ бўлган кишиларни бадавлат, деб ҳисоблайди. Корелли қуйидаги хулосалари билан бўлишади:

Тўлиқ иш кунида меҳнат қилган, ҳафтасига 50 ва ундан кўп соат ишлаган ходимлар орасида бадавлат кишилар - 86 фоизни, камбағаллар - 57 фоизни ташкил қилган.

Бадавлат кишиларнинг 65 фоизи вақтини шундай ўтказган, зеро уларнинг уч даромад манбаи бўлган. Ночорларнинг 6 фоизидагина даромад манбаи биттадан ортиқ бўлган.

Бадавлат кишиларнинг 67 фоизи бир кунда бир соатдан кам телевизор кўрган бўлса, 77 фоиз камбағаллар кунига бир соатдан кўп вақтини ТВ қаршисида ўтказган.

 

7. Бадавлат кишилар ҳеч қачон хонавайрон бўлишмайди

Бирорта бадавлат киши бу қонуниятни енгиб ўта олмайди: агар сиз топаётган пулингиздан кўп маблағ сарфласангиз, хонавайрон бўласиз. Бу таваккал сармояларга ҳам тегишли. Шунинг учун ҳам Хосе Кан­се­ко, Майк Тай­сон, Марк Твен ва ҳатто Уолт Дис­ней, Ҳенри Форд ҳамда Дональд Трамп ҳам  қачонлардир банкротлик ҳақида эълон қилишган.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ