"Барселона" тарихидаги энг яхши 7 давр

Футбол 10-11-2014

"Барселона" жаҳон футболидаги энг кўп совринларни қўлга киритган жамоалар сирасига киради. Совринларга эга бўлиш учун кучли хоҳиш билан биргаликда, кучли мураббий, юлдузли таркиб ва замонавий-илғор ғоялар ҳам бўлиши керак. Қуйида "Барселона" раҳбарлари тузган шундай совриндор таркибларни кўриб чиқамиз.

Барселона 1951-1953 Ютуқлари: 2 Ла Лига чемпионлиги, 2 та Қирол Кубоги, Лотин кубоги, Эвъ Дуарте кубоги Мураббий: Фердинанд Даучик Юлдузлари: Ладислао Кубала (суратда), Сасар, Басора, Эдуардо Манчон, Жоан Сегарра

Кубала 1951-1953-new

Ўша вақтларда анча йиллар сиёсий машмашалар туфайли чемпионатдан бадарға қилинган "Барселона" 1951 йилда яна ҳаммасини бошидан бошлаганди. Словакиялик мураббий ўзининг қайнукаси Ладислао Кубала билан биргаликда жамоани янги даражага олиб чиққан эди. Венгриялик ҳужумчи Кубаланинг тўхтовсиз гол уриши "Барселона"ни соврин йиғувчи машинага айлантиради. 1952 йили жамоа бир мавсумнинг ўзида 5 та совринни ўзиники қилиб олади. Булар – мамлакат чемпионлиги, Қирол Кубоги, Жанубий-Ғарбий Европа чемпионлари Кубоги, Испания Суперкубоги ва Каталония Кубоги.

Лекин, тез орада жамоада ички муҳит бузилади ва мураббий футболчилар билан келиша олмасдан, жамоани тарк этади. Натижада жамоа ҳам кучсизланади.

barsa-tarkib-1951-1953

Барселона 1958-1960 Ютуқлари: 2 Ла Лига чемпионлиги, Қирол Кубоги, Ярмаркалар Кубоги (ҳозирги УЕФА кубоги) Мураббий: Эленио Эррера (суратда) Юлдузлари: Ладислао Кубала, Луис Суарес, Золтан Тсибор, Шандор Кочиш, Антони Рамальетс

Эррера 1958-1960-new

Ўтган йилларнинг охирига келиб, Ди Стефано бошчилигидаги "Реал Мадрид" кетма-кет уч марта Чемпионлар Кубогини қўлга киритиб, Европада гегемонлик қилаётган давр эди. Аргентиналик мутахассис ушбу жамоага рақобатбардош "Барселона"ни яратиш шарти билан Каталонияга таклиф этилди. У жамоага ўзининг инқилобий ғоялари билан кириб келди. У асосан Кубалага ўйнайдиган жамоани ҳимоявий ўйнашга ўргатди. Ҳатто, ўзини жамоада қиролдек тутадиган бу футболчини захирада қолдиришдан тоймасди.

У ўрнатган қаттиқ интизом кўпчилик томонидан танқид қилинса-да, у ўз натижалари билан қораловчиларининг оғзини ёпиб қўя олади. 2 йил давомида "Реал" жамоаси ички чемпионатда ҳечқандай ютуқсиз қолдирилди.

Лекин, Чемпионлар Лигасида айнан "Реал" билан ўйинда ҳам у ҳужумчиларсиз тактикасини қўллаб, мағлубиятга учрайди ва бу мағлубият унинг ишдан кетиши билан якунланади.

barsa-tarkib-1958-1960

Барселона 1973-1978 Ютуқлари: Ла Лига чемпионлиги, Қирол Кубоги, Чемпионлар лигаси ярим финали Мураббий: Ринус Михелс, Хеннес Вайсвайлер Юлдузлари: Йохан Круииф (суратда), Карлес Решак, Йохан Неескенс, Хуан Мануель Асенси

Кройф 1973-1978-new

 

Барселона бу давргача Испаниянинг ўртамиёна жамоаси деб ҳисобланар эди. Айнан, Михелснинг фаолияти вақтида жамоа барқарорликка эришди ва доимий равишда еврокубокларда қатнашадиган, ички чемпионатда доимий равишда юқори ўринларда юрадиган бўлди. Михелс жамоага голландларнинг "тотал футболи"ни жорий қилади. Ижрочилар сифатида "Аякс"дан Круифф ва Неескенс келтирилади. Бу жамоа 1974 йили Испания чемпионлигини "Реал" билан ҳал қилувчи баҳсда 5:0 ҳисобида ғалаба қозониш орқали қўлга киритган эди. Круииф футболчилик фаолиятини тугатгандан кейин ҳам "Барселона"да қолиб, ҳозиргача жамоага жонкуярлик қилиб келади.

barsa-tarkib-1973-1978

Барселона 1984-1986 Ютуқлари: Ла Лига чемпионлиги, Қирол Кубоги финали, Европа чемпионлари кубоги Мураббий: Терри Венейблс Юлдузлари: Бернд Шустер (суратда), Херардо, Мигели, Хулио Альберто, Хосе Рамон Алесанко

Бренд Шустер 1984-1986-new

 

Михелс давридан кейинги икки мураббий - Латтек ва Меноттилар даврида жамоа совринлар хонасини чанг босиб ётди. Инглиз мутахассиси Венейблс анча вақтдан бери совринсиз қолаётган "Барселона"ни ғалабаларга бошлаш учун чақирилган эди ва у ўз миссиясини муваффақият билан адо этади. У 4-4-2 тактик схемасини қўллаб, 11 йилдан кейин биринчи маротаба Испания чемпионлигини олиб берди.

Унинг жамоаси Бернд Шустер ташкил этадиган ҳимоявий услубда ўйнар эди. Венейблс кетгандан кейин ҳам то жамоага инглиз ҳужумчиси Линекер ташриф буюрмагунича, шу услубда ўйнашда давом этилади. barsa-tarkib-1984-1986

Барселона 1990-1994 Ютуқлари: 4 марта Ла Лига чемпионлиги, Кубок эгалари кубоги ғолиблиги, 2 марта Испания Суперкубоги, УЕФА Суперкубоги Мураббий: Йохан Круииф Юлдузлари: Микаель Лаудруп, Христо Стоичков, Хосеп Гвардиола, Рональд Куман, Антони Субисаррета

Гвардиола 1990-1994-new

Круиифнинг "Барселона"даги мураббий сифатидаги фаолияти футболчи сифатидаги фаолиятидан кам бўлмади. Ахир жамоани ундан кўра яхши биладиган ва яхши кўрадиган одам йўқ. Ахир у 70-йиллар бошидан бери шу ерда эди. У бу ерда тузган жамоани “орзулар жамоаси” деб атай бошлашди. “Дрим-Тим” кетма-кет 4 марта Испанияда тенгсиз бўлди. Халқаро майдонларда эса кетма-кет икки марта, ҳозирги ЕЧЛ га тўғри келадиган Европа Чемпионлари Кубогини қўлга киритилади.

Жамоани енгиб бўлмасдек тасаввур пайдо бўлади. Лекин, бу ғалабали даврларнинг ҳам охири бор эди. 1994 йили Афинадаги Чемпионлар лигаси финалида яна бир истеъдодли мураббий Фабио Капелло бошқараётган “Милан” билан бўлган баҳсда Круииф ёшартирилган таркибни тушириб таваккалга йўл қўяди ва йирик 0:4 ҳисобида мағлубиятга учрайди. Қўлидан келганини қилиб бўлганини тушуниб бўлган Круифф ўз ихтиёри билан истеъфо беради. Лекин у ҳозиргача ҳам “каталониянинг ўз кишиси” ҳисобланади.

barsa-tarkib-1990-1994

Барселона 2004-2006 Ютуқлари: 2 марта Ла Лига чемпионлиги, Чемпионлар лигаси ғолиблиги ва Испания Суперкубоги Мураббий: Франк Райкард Юлдузлари: Роналдиньо, Самуель Это`О, Карлес Пуйоль, Деку, Хави

Рональдинио - 2004-2006-new

2004 йил баҳорида жамоада катта ислоҳот бўлиб ўтади. Янги келган президент, ўзи билан янги мураббийлар жамоасини ҳам олиб келади. Франк Райкард ва унинг ёрдамчиси Хенк тен Ката олиб борган ишлар Барселона шаҳри осмонидаги қора булутларни тарқатиб юбориб, мухлисларнинг узоқ йиллик изтиробларига чек қўяди, жамоа Европа саҳналарига қайтади.

Райкард жамоаси футбол тарихига "арча услуби" номи билан кирган услубда ўйнай бошлайди. Бу услуб, қанот ҳимоячиларининг тезкор ҳужумларга фаол қўшилиши, марказий яримҳимоячиларнинг ақлли паслари ва ҳужумдаги Роналдиньонинг афсунгарона ҳаракатлари асосига қурилган эди.

Райкарднинг биринчи мавсумидаёқ Ла Лигада биринчилик қўлга киритилади, Чемпионлар лигасида эса евромайдонларга эндигина кириб келган Абрамовичнинг қудратли "Челси" сидан мағлуб бўлишади. Лекин кейинги йилдаёқ мақсадга эришилади – финалда "Арсенал" мағлуб этилади.

Райкарднинг жамоадаги фаолияти узоқ давом этмади. "Барселона" раҳбарлари футболни эмас, натижаларни муҳим ҳисоблашди ва жамоадаги авлодлар алмашуви шароитида бу мураббийга жавоб бериб юборишди. Мухлислар ҳалигача унинг "ҳароратли" ўйин кўрсатадиган жамоаси ва нозик финтлари билан ўзига маҳлиё этган Роналдиньонинг ўша ўйинларини ички энтикиш билан эслаб юришади. barsa-tarkib-2004-2006

Барселона 2008-2011 Ютуқлари: 3 Ла Лига чемпионлиги, Қирол Кубоги, 2 марта Чемпионлар Лигаси ғолиблиги, 2 марта Испания Суперкубоги, УЕФА Суперкубоги, Клублар ўртасидаги чемпионат ғолиблиги. Мураббий: Хосеп Гвардиола Юлдузлари: Лионель Месси, Андрес Иньеста, Хави, Карлес Пуйоль, Дани Алвес.

Месси 2008-2011-new

Вақтлар ўтади, лекин ушбу жамоадақа жамоа бошқа бўлмайди. Футбол тарихи ҳали бунақа кучли, ҳаддан ташқари кучли жамоани кўрмаган эди. Хосеп Гвардиола устози Йохан Круиффдан ўрганганларига максимал даражада муваффақиятли қўшимчалар киритди ва ҳақиқий енгилмас жамоани яратди. Тўпни назорат қилиш, рақиб жарима майдонига қаттиқ босим уюштириб, техникавий ҳужумчиларнинг ёриб киришларига асосланган эди унинг “тики-така” деб ном олган тактикаси. “Тики-така” услубига қарши ҳеч қандай чора қўллаб бўлмай қолди. Бу даврлар мобайнида асосан “Барселона” аъзоларидан ташкил топган Испания терма жамоаси ҳам енгилмас жамоага айланди.

“Барселона” сўзи “энг кучли” рақиб деган ибора билан синоним сифатида ҳам ишлатиладиган бўлган эди. Гвардиола ўзидан олдинги мураббийлар каби томошабоп ўйин кўрсатишдан ташқари, натижани ҳам муҳим деб билади. Натижада уч йил ичида 2 марта ЕЧЛ финалида ғалаба қозонилди.

Жамоа футболчилари қўлга киритиш мумкин бўлган барча ютуқларни қўлга киритиб бўлишгач, уларда ғалабаларга бўлган чанқоқлик камая боради, шунингдек, баъзиларининг ёши ўта бошлайди, қолаверса, кўп йиллик ўрганишлардан кейин, “тики-така”га қаршилик қилиш учун янги услублар ишлаб чиқилди. Энди, ҳамма “Барселона”нинг қулашини кута бошлайди. Ҳалокатдан сақланиш учун жамоа янги мураббий ва янги ғояларга ўтишни маъқул кўради. Гвардиола ҳам бу қарорни қўллаб-қувватлаган ҳолда, ўз ўрнини бўшатиб беради.

barsa-tarkib-2008-2011



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2019 XABARDOR.UZ