Биринчи миллион сари қадам ташлаш борасидаги тавсиялар

Маслаҳат 8-06-2017

Италиялик бир миллиардердан ҳаммасини бошидан бошлашга тўғри келганда қандай йўл тутган бўлардингиз деб сўрашди. У яхши костюм харид қилиш учун етарли бўлган илк 500 долларини қўлга киритиш учун ҳар қандай ишга киришишини айтиб жавоб берди. У бу костюмда яхши иш топишга ёрдам бера олувчи ишбилармон кишиларни учратиш мумкин бўлган зиёфатларга боришини айтган.

Менинг ёшим 40 га яқинлашиб қолди. Ҳаётим давомида беш жойда ишладим (ҳозирда шахсий бизнесимга эгаман), улардан тўрттасига ўз алоқаларим орқали эришганман. Фақат биргина ҳолатда резюме йўллаб, ишга жойлашганман.

Шундай бўлса-да, алоқалар ва таниш-билишлар ўзидан ўзи келмайди. Агар сиз бошқаларга нисбатан очиқ ва дўстона муносабатда бўлсангиз, бу албатта сизга фойда келтиради. Бўш вақтингизда Дейл Карнегининг "Қандай қилиб дўст орттириш ва одамларга таъсир ўтказиш мумкин?" номли китобини мутолаа қилсангиз, фойдадан холи бўлмайди.

Китобдаги тавсияларни зиёфатларда қўлланг ва бу ҳақиқатда иш беришига ишонч ҳосил қилинг. Сиз янги одамларни учратасиз, улар билан тил топишасиз, уларнинг ҳаёти ҳақида саволлар берасиз ва улар ҳам аста-секин сиз томон талпинишади. Одамлар сизнинг илтимосингизни кутиб ўтирмай, ўзлари ёрдам таклиф қила бошлашади.

Раҳбаримдан қандай қилиб савдо соҳасида бундай муваффақиятларга эришгани ҳақида сўраганимда у коллежни тугатганидан сўнг қандайдир даражалар кетидан қувмай, лимузин ҳайдовчиси бўлганини айтди. Ўша пайтлар у эндигина Карнегининг китобларини ўқиган ва уни ҳаётдан қўллаб кўришга қарор қилган дамлари бўлган. У йўловчилар билан суҳбатни "Нималар билан шуғулланасиз?" деган саволдан бошлаган. Биргина оддий савол унга яхши фойда келтирган.

Эътибор беринг, у "Қаерда ишлайсиз?" деб сўрамаган. Кичик фарқ бор: ишга доир аниқ савол бериб, кўпчиликдан қисқа жавоб олишингиз даргумон. Нима билан шуғулланиши ҳақида сўзлаб беришни сўраш эса, инсоннинг ҳикоясини эшитишга қизиқиш билдираётганингиздан далолат беради. Ўзи ҳақида гапиришдан воз кечадиганлар жуда кам.

Карьерамнинг илк босқичида тиббиёт соҳасида тадқиқот ўтказганман ва бу мен учун мутлақо қизиқ эмаслигини англаб етганман. Мен кўпроқ пул топиш ва бизнесга "шўнғиш"ни хоҳлаганман. У пайтлар Сан-Франциско технология бозорида ишлар у қадар силлиқ кечмаётганди. Тўққиз ой давомида резюме ёзиб, салоҳиятли иш берувчиларни ўрганганман - бу натижа бермаган. Мен бундан бошлашим керак бўлмаган аслида.

Бир куни кечқурун қўшним зиёфатга боришни таклиф қилди. Мен у ерда ҳеч кимни танимасам-да, таклифни қабул қилдим. Меҳмондорчиликда севимли ичимлигимни қидириб музлатгич ёнига борганимда бир йигитни кўриб қолдим, шу баҳона танишиб олдик ва бироз суҳбатлашдик. Шундан сўнг мен ундан нима билан шуғулланишини сўрадим ва у биотехнологиялар соҳасида фаолият юритишини айтди. Мен гап орасида шу йўналишда иш излаётганимни айтиб ўтдим. Маълум бўлишича, унинг компаниясида шу йўналишда вакансиялар бўлган. Натижада менинг ҳужжатларим тўғри кадрлар бўлимига етказилган, икки ҳафтадан кейин суҳбатга чақиришган ва мени ишга олишган.

Бойишнинг миллион хил усули мавжуд. Шу билан бирга атрофимизда - қандайдир йўллар билан бойиб кетган худбин, нодон ва ғараз ниятли кимсалар ҳам йўқ эмас. Турли соҳаларда ишлаб кўрганингда бир муддат барча бадавлат кишилар шундайдек туюлади. Бироқ бундай эмас. Шунчаки ёмон ҳодиса ва вазиятлар хотирага маҳкамроқ ўрнашиб олади.

Ҳаётда муваффақиятга эришган кишилар орасида инсоний фазилатларни қадрламайлиганлар бўлмаса керак.

Шундай экан, қандай қилиб тезроқ бойиш мумкин?

Туғма етакчилар учун тавсиялар

  1. Ўқинг, ўқинг ва яна ўқинг! Китоблар мутолаа қилинг, айниқса муваффақият сирларидан сўзловчи китобларни танланг, улар донолик, зарур мулоқот кўникмалари ва шунчаки фойдали инсоний фазилатларни ривожлантиришга ўргатади. Омадли кишиларнинг таржимаи ҳоли билан танишиб чиқинг. Масалан, Марк Кьюбан ўз таржимаи ҳолида бизнес ҳақидаги ҳар қандай китобни эринмай ўқигани, унга сарфланган 15 доллар орттирилган билимни қоплагани ҳақида ёзган. Dropbox'дан Дрю Хьюстон ҳар дам олиш кунлари бизнес, савдо-сотиқ ва маркетингга оид китобларни ўқиганини таъкидлаган.
     
  2. Одамлар билан мулоқот қилинг. Буни ўрганиш қийин эмас - зеро ҳеч ким мукаммал ишбилармон бўлиб дунёга келмайди. Албатта, шундай кишилар борки, уларга зарур кўникмаларни орттириш осонроқ кечади. Бироқ сиз ҳам уларнинг даражасига етишингиз мумкин - ўқинг, ўрганинг, таҳлил қилинг ва амалда қўлланг. Мунтазам равишда! Кўпинча бир қарашда қобилиятли кишилар катта муваффақиятга эришишмайди, чунки улар бошиданоқ барчасига осон эришишган ва натижада ўз устиларида ишламай қўйишган бўлади. Тинимсиз ўз устида ишлайдиганлар эса, ҳеч қачон тўхтаб қолишмайди. Бундайлар бир куни ўз орзу-ниятларига етишганини англашади.
     
  3. Меҳнатсевар бўлинг. Ҳар қандай иш берувчи сизга профессионал этика нақадар зарур эканини таъкидлайди. Бунинг учун мўмайгина пул тўлашга ҳам тайёр бўлишади. Шундай экан, худбинлик ва бир зумда бойиб кетиш ҳақидаги орзуларни бир четга суриб, ишга шўнғинг - мана кўрасиз, бу ҳаракатларингиз албатта ўзини оқлайди.
     
  4. Таваккал қилишдан қўрқманг. Гап ўтмишда қўлга киритилган барча ютуқларни хавф остига қўйиш ҳақида эмас. Янги имкониятларга йўл очувчи яхши ўйланган таваккалга қўл урилса, арзийди. Тўғри, ҳар доим ҳам ғолиб бўлишнинг иложи йўқ, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам қимматли тажрибани қўлга киритасиз ва атрофдагиларнинг ҳурматига сазовор бўласиз.

Оддий одамлар учун тавсиялар

  1. Тез пул ишлаш ва янги имкониятларни тутишга йўл берувчи истиқболли соҳада ишга жойлашинг. Шундай гап бор: "тўлқинлар барча қайиқларни кўтариб ташлайди". Агар сиз кўп нарса ваъда қилувчи соҳани танлаган бўлсангиз, демак, вақтингиз келди.
     
  2. Энг машҳур, нуфузли компанияга ишга жойлашинг. Рейтингингиз тезда кўтарилади. Уларда кичик лавозимлардан бошлаш ҳам мумкин - барибир ютасиз, янги имкониятлар ўзини куттириб қўймайди.
     
  3. Экспертга айланинг. Танланган соҳада ўз ўрнингизни белгилаб олинг ва уни ҳар томонлама ўрганинг. Quora'да мақолалар ёзинг, мавзуий блог юритинг, бошқа экспертлар билан алоқа ўрнатинг. Тез орада ўз соҳасини яхши билиш барча йўлларни очишини англаб етасиз.
     
  4. Даромаднинг бир неча манбаига эга бўлинг. Ёзинг, маслаҳат беринг, семинарлар ташкиллаштиринг - асосий фаолиятингизга туташ машғулот топинг ва унинг кетидан пул ишланг. Тез орада сизга бу ҳам камдек кўрина бошлайди. Йўли битта: ҳаракатларни икки карра кўпайтириш. Тренинг ва консультациялар ўтказиш консалтинг фирма очиш ёки маркетингга доир китоб ёзишга туртки бериши мумкин.
     
  5. Ўзингизга машғулот топинг ва пулларни бежиз сарфлашга чек қўйинг. Пул етишмовчилигини ҳис қиляпсизми? Эртанги кунга пул йиғиб қўйишнинг иложи бўлмаяптими? Бирор машғулот топинг - иш, ўқиш, мулоқот, консультация, янги лойиҳалар, қўшимча даромад манбаи. Сиз камроқ пул сарфлаётганингизни сеза бошлайсиз.
     
  6. Ниҳоят, ўз компаниянгизни очинг. Келинг, ўз бизнесига эга бўлмаган миллиардерларни ёдга олайлик. Умуман олганда, шундайлар ҳам бўлган, бироқ охир-оқибат улар ўзлари ишлаган фирма бошқарувига етиб келишган (масалан, Шерил Сэндберг, Стив Балмер, Эрик Шмидт). Компанияга асос солиш қийин ва ҳатто нореал ишдек туюлади. Бироқ сиз аввалги пунктларни бажариб, кераклича тайёргарлик кўрсангиз, бу ягона мантиқий натижа бўлади. Муваффақият қозонган фирмалар аввал бошданоқ 50 ходим ва 10 миллион доллар даромадга эга бўлмаган - улар ҳаммасини нолдан бошлашган: ётоқхонада, отасининг гаражида ёки дўстининг болохонасида. Масалан, Майкл Делл ҳам компьютерларни ётоқхонада сотишдан бошлаган. Wal-mart Арканзас штатидаги Ньюпортда жойлашган кичик дўкончадан бошлаган. Ричард Брэнсон мусиқий ёзувларни почта орқали йўллаган. Бадавлат кишилар эришган натижаларга қараманг - бу йўлдан адаштириши мумкин. Яхшиси, улар нимадан бошлаганига қаранг, шунда иложсиз нарсанинг ўзи йўқлигини англаб етасиз.


МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ