Биз билган ва билмаган «Huawei»

Психология 6-06-2016

Меҳнатсевар хитойликлар нафақат ўзлари ишлаб чиқарган техника билан ўзларини таъминлашмоқда, балки ишонч билан жаҳон бозорини ҳам эгаллашмоқда. Қуйидаги мақолада биз «Huawei» компанияси ҳақида сиз билмаган нарсаларни ҳикоя қиламиз. Сўзимизни эса Хитойнинг бу йирик компанияси номи «Хуавей» деб айтилмаслигидан бошлаймиз.

Аслида компания номи «Уа-Вей» деб ўқилади. «Huawei» сўзи иккита: «Hua» — «Хитой», ва «Wei» — «ютуқ» иероглифларидан иборат ва «Хитой ютуғи» деб таржима қилинади. Компания номининг яна бир таржимаси — «аъло ҳаракат». Компания номини 1987 йилда «Huawei» асосчиларидан бири Рен Женфей ўйлаб топган.

Бу инсон жумбоқ одам. У ҳақида жуда кам нарса маълум: «Huawei» компаниясини ташкил қилган, ҳозирда эса миллиардер. Рен Женфей жуда кам интервью беради. АҚШ ҳукумати Рен 1983 йилга қадар Хитой халқ озодлик армиясида инженерлик қилгани боис «Huawei» ўз тармоқ ускуналарида яширин кузатув воситалари ўрнатиб, жосуслик фаолиятини олиб боради деган хавотирни билдиради. Жаноб Женфей 2013 йилда интервью бериб, бундай фаолият юритилмаслигини, компаниянинг хусусий эканлиги ва давлат назоратида эмаслигини билдирган.

 

21 000 юанни қандай сарфлаш керак

“Forbes” Женфейнинг бойлигини 1,14 миллиард доллар деб баҳолайди. Айни пайтда бу Хитойдаги бойлар орасида 264-ўриндир. «Huawei» компанияси фаолияти эса 21000 юань —5680 АҚШ доллари билан бошланган. Фирма 1987 йилда худди шунча миқдордаги низом жамғармаси билан АТСлар учун қурилма ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаган. Женфэй олинган фойданинг ҳаммасини тадқиқотлар учун сарфлаган ва 1990 йилга келиб, беш юз нафар ходим ишлайдиган илмий-тадқиқот марказини ташкил этди. Орадан уч йил ўтгач, «Huawei» коммутаторлар бозорида C&C08 коммутаторини намойиш этди — у Хитойдаги энг кучли ускуна эди. Тез орада компания халқаро бозорга чиқди, 2001 йилда эса АҚШ ва Швецияда бешта тадқиқот марказини очди.

Ҳозирда «Huawei» нафақат истеъмол техникасини ишлаб чиқаради, балки ўз процессорларини тайёрлайдиган саноқли компаниялардан биридир. 

 

Молиявий ютуқ

2015 йилда компания 61 млрд доллар даромад қилганини эълон қилди, соф фойда эса 5,7 млрд долларни ташкил этди. Бренднинг нархи ошиб бормоқда Brand Financeнинг маълумотига кўра, 2015 йилда унинг нархи 70 фоизга ошган ва «Huawei» дунёнинг энг қиммат брендлари рўйхатида 47-ўринни эгаллади.

Ўтган йиллар давомида компаниянинг офис, завод ва лабораториялари дунёнинг 170та мамлакатида пайдо бўлди ва 2015 йилда «Huawei»да 170000 нафар киши фаолият кўрсатди. Шэньчжэндаги бош офисда эса 40000 нафардан ортиқ ходим меҳнат қилади.

Ходимларнинг деярли ярми — 45 фоизи илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланади. Дунёнинг 16 мамлакатида «Huawei»нинг йирик илмий-тадқиқот марказлари қурилган.  

«Huawei»нинг илмий-тадқиқот марказлари нафақат улкан, балки муҳташам ҳамдир. Улар Хитой архитектураси услубида қурилган.

«Huawei» ходимларининг иш куни эрталаб саккиз яримда бошланади. Тушлик учун бир ярим соат вақт ажратилган бўлиб, бу вақт ичида ухлаб олиш ҳам мумкин. Сўнгра соат 18гача иш давом этади.

«Huawei»да ўз соҳасининг етук мутахассислари ишлашади. Масалан, улар яқинда дунёда биринчи бўлиб дала шароитида 5G технологияси асосида маълумот узатиш синовини муваффақиятли ўтказишди. «Huawei» компанияси 5G тармоқларини 2018 йилда ишга туширмоқчи, 2020 йилга келиб эса бутун дунёда татбиқ қилишни режалаштирган.

Шунингдек, «Huawei» халқаро патентлар сони бўйича “Qualcomm”, “Samsung” ва “Sony” каби гигантларни ортда қолдирган. WIPO (Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти) маълумотига қараганда, «Huawei» икки йилдан буён патент аризаси топширган компаниялар рўйхатида етакчилик қилмоқда. 2015 йилда 3898 та ариза топширилган бўлиб, бу 2014 йилга нисбатан 456тага кўпдир.

 

Халқаро эътироф

Дастлаб «Huawei»нинг мобил маҳсулотларига дунё миқёсида шубҳа билан қаралганди. Лекин тез орада бу шубҳа тарқаб кетди: Ascend туркумидаги маҳсулотлар нарх ва сифат мутаносиблиги бўйича ажралиб турар, яъни хусусиятлари бўйича етакчи брендлар маҳсулотларидан қолишмас, нархи эса уларникига нисбатан анча арзон эди.

Ниҳоят «Huawei» компаниясига Американинг “Google” корпорацияси эътибор қаратди ва ишонч билдирди. Android-қурилмалар орасида машҳур “Nexus” туркумини 2015 йилда “Google” мазкур компания билан ҳамкорликда чиқарди. 

 

Хаёлот парвози

 

«Huawei» компанияси нафақат сифатли техника ишлаб чиқаради, балки ўз маҳсулотини қандай реклама қилишни ҳам билади. 2012 йили Барселонада ўтказилган Mobile World Congress халқаро кўргазмасида «Huawei» смартфонларидан тайёрланган улкан Пегас ҳайкали намойиш этилди. Компания бу ҳайкални тайёрлаш учун ўша пайтдаги энг янги моделини аямади — унга тўрт ядроли процессорга эга 3500 дона “Ascend Quad” смартфони ишлатилди. Қурилмалар мутлақо янги бўлиб, ҳаттоки уларнинг экранидан ҳимоя плёнкаси ҳам олинмаганди. Бу промо-акцияни тайёрлаш учун 720 соат меҳнат ва 600 метр сим сарфланди. Натижада «қанотли от»нинг баландлиги 5,7 метрни, қанотларининг узунлиги эса 4,8 метрни ташкил этди.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ