Бокс тарихидаги энг яхши нокаутчилар

Бокс 16-05-2015

XABARDOR.UZ: Майнинг дастлабки якшанбасида Лас-Вегасда ўтган Флойд Мейуэзер ва Мэнни Пакьяолар ўртасидаги “аср жанги” кўплаб бокс мухлисларининг ҳафсаласини пир қилди. Шов-шувли тарзда реклама қилинган жанг Флойд томонидан қўлланган тактик курашга айланди, оқибатда ўта зерикарли ўтган баҳс америкалик боксчининг очколар бўйича ғалабаси билан ниҳоясига етди.

Ўтмишнинг қайси боксчилари Мэйузерга томошабоп жанг ўтказиш борасида сабоқ берган бўлишарди? Қуйида ўз рақибларини “парчалаб” ташлаган энг яхши нокаутчилар билан таништирамиз.

 

Эрни Шейверс

1969-1995 йиллар давомида рингга чиққан америкалик оғир вазнли боксчи ишқибозлар орасида “аср панчери” лақабини олганди. Маълумот учун: панчер – жангни муддатидан олдин, кўпинча битта кучли зарба билан якунлайдиган боксчи. Шейверснинг статистикаси ёмонмас — 74 ғалаба, уларнинг 68таси нокаут орқали қўлга киритилган. Эрнининг кўплаб рақиблари, жумладан, Муҳаммад Али ҳам Шейверс каби ҳеч ким кучли зарба бера олмаслигини тан олишган. Эрни “Рокки 3” фильмида боксчи Клаббер Лэнг ролини ўйнаш учун синовдан ўтаётганида Сильвестр Сталлоннинг биқинига зарба беради. Шейверс бу ролга олинмаган, лекин Сталлоненинг узоқ вақт кўнгли айниб юрган. 


Жорж Форман

Америкалик бу боксчи ҳаваскорлик боксидаёқ рақибларининг юзи ва қовурғаларини синдирган. Мехикода ўтган 1968 йилги Олимпиада финалида Форман боксчи Йонас Чепулиснинг юзини “бўтқа”га айлантириб ташлаган. Жоржнинг ҳисобида 76та ғалаба (68та нокаут) ва кўплаб синган жағлар ҳамда тишлар бор. Аммо у Муҳаммад Алига қарши ҳеч нарса қила олмаган ва барча чемпионлик унвонларини бой берган. 


Майк Тайсон

Темир Майкдан зарба ўтказиб юборган боксчиларнинг кўпчилиги биринчи раунддан кейиноқ касалхонага жўнаган. Тайсон метин ҳимоя, катта тезлик ва ҳужумни уйғунлаштирган бўлиб, унинг рақиблари тиббий суғуртанинг барча бандларидан фойдаланишдларига тўғри келган. Афсуски, “нокаутлар қироли” кейинчалик алкоголь ва гиёҳванд моддаларга ружу қўйган.


Леннокс Льюис

Бутун дунёга машҳур британиялик боксчи Майк Тайсон ва Виталий Кличкони енгиб, учта камар билан рингни ғолибона тарк этган. Льюиснинг зарбаси қандай кучга эга эканлигини нафақат унинг рақиблари, балки бокс мутахассислари ҳам муносиб баҳолашган.



Жо Фрейзер

Фрейзер Маниладаги триллер”1975 йилги бокс жангининг иштирокчиларидан бири бўлган. У Муҳаммад Али билан биргаликда ўтган асрнинг энг томошабоп жангларидан бирини намойиш этган.

Жонинг айтишича, у болалигида фермадаги чўчқа уни йиқитиб юбориши натижасида болакайнинг қўли синиб қолади. Оқибатда унинг қўли нотўғри ўсади. Жо қўлини фақат маълум бир бурчак остида букиши мумкин эди, лекин бу бурчак хук зарбаси бериш учун жуда қулай бўлиб чиқди. Доимий машқлар орқали Фрейзер маҳоратини оширди, унинг берган хукларидан сўнг кўплаб рақибларининг “бошидан тутун чиқиб” кетарди.  



Дэвид Туа

Самоалик оғир вазнли бу боксчининг бўйи унчалик баланд бўлмаса-да (1,78 метр), зарба кучи даҳшатли эди. Туанинг рақиблари кўпинча жангнинг ўртасигача зўрға етиб боришарди. Жон Руисга қарши ўтказган биринчи чемпионлик жангида Туа атиги 19 сонияда ғалабага эришган.



Олег Маскаев

“Катта О ҳам рингни чўзилиб ётган рақибларига нигоҳ ташлаганча тарк этишни хуш кўрган. Маскаев эришган 39 ғалабанинг 28тасида нокаут қайд этилган. Унинг машҳур америкалик Хасим Раҳмонга берган зарбаси унутилмайдиган зарба бўлган. 1999 йилда Маскаев Раҳмонга шундай зарба берганки, Ҳасим рингдан ташқарига учиб тушган. “The Ring” журнали эса уни “Йил нокаути” деб эълон қилган. 2006 йили эса “Катта О” 12 раундлик жангда WBC йўналишида чемпионлик камарини қўлга киритган.



Ака-ука Кличколар

Владимир Кличко чемпионлик камарларини қўлга киритгунига қадар унинг иштирокидаги жангларни ухлаб қолмасдан кўрса бўларди. “Доктор Куволда” ҳисобида 64 ғалаба ва 53 нокаут бор, акаси Виталий эса (у ҳам “Доктор”, фақат “Темир мушт”) рақибларини 41 марта қулатган.



Эвандер Холифилд

Холифилднинг Майк Тайсонга қарши ўтказган жанглари барча бокс ишқибозлари такрор-такрор кўрадиган жангга айланган. Эвандернинг айтишича, Темир Майкнинг зарарли одатларга берилиши уни бокс билан янада кучлироқ шуғулланишга мажбур қилган. 1997 йилда ўтказилган реванш жанги эса “The Ring” журнали томонидан “Йил воқеаси”, деб эътироф этилган.



Костя Цзю

Цзюнинг зарбаларидан кўплаб машҳур америкалик ва мексикалик боксчилар “тотиб” кўришган. Константиннинг энг ёдда қоларли жанги эса америкалик Заб Жудага қарши ўтказилган. Дастлабки раундда Жуда фаоллик билан ҳаракат қилган, иккинчи раундда эса тенгкурашлар остида ўта бошлаган. Лекин раунд охирида Цзю Забга шундай кучли зарба берганки, Жуда бир зарбадан кейин икки марта йиқилган. Рефери америкалик боксчининг эътирозига қарамасдан жангни тўхтатган.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш
Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2018 XABARDOR.UZ