Бу сафар “Олтин тўп”га ким эга чиқади?

Футбол 10-11-2014

"Олтин тўп-2014" учун даъвогар футболчилар рўйхати

Гарет Бэйл (Уэльс) 

Карим Бензема (Франция)

Диего Коста (Испания)

Тибо Куртуа (Бельгия)

Криштиану Роналду (Португалия)

Анхель Ди Мария (Аргентина)

Марио Гётце (Германия)

Эден Азар (Бельгия)

Златан Иброҳимович (Швеция)

Андрес Иньеста (Испания)

Тони Кроос (Германия)

Филипп Лам (Германия)

Хавьер Маскерано (Аргентина)

Лионель Месси (Аргентина)

Томас Мюллер (Германия)

Мануэль Нойер (Германия)

Неймар (Бразилия )

Поль Погба (Франция)

Серхио Рамос (Испания)

Арьен Роббен (Голландия)

Жеймс Родригес (Колумбия)

Бастиан Швайнштайгер (Германия)

Яя Туре (Кот-д'Ивуар)

1 декабрь куни "Олтин тўп"га даъвогар бўлган асосий 3 нафар футболчининг номи эълон қилинса, соврин 12 январь куни тантанали маросимда топширилади. Бизнинг жамоамиз ҳам футболнинг ашаддий ихлосмандларидан иборат. Таҳририят ходимлари ўзлари кимни энг яхши деб ҳисоблашларини билдиришди ва фикрларини асослаб беришга ҳаракат қилишди. Кўрамиз, охир-оқибат кимнинг тахмини рост бўлиб чиқар экан?

1. Криштиану Роналду (Махсуджон)

cristiano

Қачонки, футболчи ўзининг чиройли ўйинига гўзал натижаларни ҳам ҳамоҳанг қила олса, бундай футболчини ифодалаш учун янги спорт терминини ўйлаб топиш керак бўлади. Масалан, "супер одам", “биоробот” ёки "гол машинаси"га ўхшаш. Ёки шунчаки Роналду. Чунки ҳозирда бу номнинг ўзи кўп нарсани англатмоқда.

Криштианунинг ўтган мавсумдаги ўйинлари ҳар йилгидан ҳам фантастик тус олди. У ҳаммадан кўп гол урди, "Реал" билан бирга ЕЧЛ финалида зафар қучди. Жаҳон чемпионати вақтида жароҳат туфайли кўнгилдагидек ҳаракат қила олмаган бўлса-да, унинг жамоаси гуруҳда фақат бўлажак жаҳон чемпионларига ютқазди.

Қолаверса, жаҳон чемпионати мавсумнинг бир ойинигина қамрайди. Қолган 11 ойдаги ўйинларни четга сурган ҳолда, фақат ўша 1 ой асосида ҳукм чиқаришда мантиқ йўқ. "Олтин тўп"га ҳаммадан ҳам кўпроқ лойиқ одам бу – Криштиану Роналду. У ҳақиқий спортчиларга хос барча жиҳатга эга: жисмоний етуклик, меҳнаткашлик ва жонкуярлик, твиттердаги юз миллионлаб фолловер. Унга фақат ҳавас қилиш мумкин. Мен унинг яна бир марта саҳнага чиқиб "Олтин тўп"ни кўтариши ва ўзининг ҳақиқий ҳиссиётларини кўз-ёшлари билан ифода этишини кўришга ошиқаяпман.

2. Мануэль Нойер (Азиз)

noer

Ҳар сафар йилнинг энг яхши футболчисини аниқлаш жараёнида дарвозабонларга нисбатан адолатсизлик кузатилади. Ахир ғалабаларда дарвозабон ҳам асосий ишни бажарадику. "Дарвозабон – ярим жамоа" дейилгани бежиз эмасдир. Лекин, Лев Яшиндан кейин ҳали ҳеч бир дарвозабон хизматлари учун муносиб тақдирланмади. Фақатгина Жан-Луижжи Буффон ва Икер Касильяснинг бунга яқин келганини эслашимиз мумкин. Мануель Нойер эса, Бразилия мундиалида Германия терма жамоаси билан ютуққа эришгани ва "Бавария" сафида ажойиб мавсумни ўтказгани билан бунга ҳақлидир.

У дарвозасини голлардан сақлашдан ташқари, ўз жамоаси ҳимоясини мустаҳкам тарзда ташкил қилади, ўйинни ақл билан ўқий олади, икки оёғида ҳам яхши ҳаракат қилиб, рақибларни алдашга кириши орқали ўз жамоадошларига ишонч бағишлаб, рақибларга руҳан зарба беради. Тўпларга чиқишда унга етадигани йўқ. У сўнгги ҳимоячи вазифасини ҳам қойилмақом қилиб бажаради. Рақиб жарима майдонига ёриб кириб, гол уриб қолиши ҳам мумкин. Уни яна шунинг учун қадрлаш керакки, футболда бир вақтлар Гаэтано Ширеа ва Франко Барези ҳаракат қилган амплуа - "либеро" атамасини унутилиб кетмаганини исботламоқда.

3. Филипп Лам (Умиджон)

lam

Мен асосий вазифани унутиб ҳужумга чиқиб кетадиган Нойер ёки ҳадеб йиқилиб тушаверадиган Роналдудан кўра, дунёнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун қария Филипп Ламни номзод қилиб кўрсатаман. Ҳимоячининг йил давомида у каби ёрқин ўйин кўрсатиши охирги марта 2006 йил италиялик Фабио Каннаваро мисолида кузатилган ва унга ўша мавсум учун "Олтин тўп" топширилган эди. Филипп Лам билан ҳам шундай бўлиши керак. Унинг сардорлигида Германия терма жамоаси жаҳон чемпионлигига эришди, "Бавария" ҳам ички чемпионатда тенгсиз бўлди.

Хосеп Гвардиола ўз умрида кўрган энг ақлли ва ишончли ўйин кўрсатадиган футболчи сифатида айнан уни қайд этган. Мухлислар ҳам гувоҳ: у тинмасдан ўз қаноти бўйлаб югуради ва ғалабаларни таъминлайди.

4. Томас Мюллер (Фазлиддин)

tomas

Кўпчилик Мюллер деганда афсонавий Герд Мюллерни кўз олдига келтиришга ўрганиб қолган. Лекин охирги йилларда яна бир Мюллер етишиб чиқдики, уни тан оладиган вақт келди.

Томас Мюллернинг қайси амплуада ҳаракат қилишини ҳеч ким, ҳатто унинг мураббийлари ҳам айтиб бера олмайди. Лекин у тинмай гол ураверади, ураверади. У шунингдек, жамоанинг барча ҳужумларида фаол ҳаракат қилади. Жисмонан унча бақувват кўринмасада, тезлиги мақтанарли бўлмаса-да, у ниҳоятда барқарор ўйин кўрсатишда давом этаверади. Бразилия мундиалида ҳам энг яхши деб тан олиниш учун айнан у муносиб эди. Ўшандаги ноҳақлик учун ҳам бу сафар "Олйин тўп" унга берилиши керак.

Тьерри Анри у ҳақида шундай дейди: "Футбол шундай ўйинки, уни Мюллер каби ўйнаш керак. У футболни маромига етказиб ўйнайди. У ҳимояланиш керак бўлганда ҳимояланади, ҳужум қилиш керак бўлганда ҳужумга ўтади, тўпни назорат қилади, ҳужум йўналишларини белгилаб беради, умуман олганда, барчасини тўғри бажаради".

5. Арьен Роббен (Маъруфжон)

robben

Голландиянинг узоқ йиллардан бери етакчиси бўлиб келаётган Роббеннинг жамоалардаги фаолияти ҳам ҳавас қилгудек. У "Челси", "Реал" ва "Бавария"даги ўйинлари билан ўзини кўрсатиб бўлган. Роббендаги тезлик, техника, аниқ зарба, масъулиятни ўз зиммасига олиш каби хислатларнинг жамланиши, яъни, универсаллик бошқа ҳеч бир замонамиз футболчисида йўқ.

Унинг жаҳон чемпионатида нималар қилгани мухлислар ёдидан кўтарилмагани аниқ. Испания билан ўйинда улуғвор "қизил фурия" ҳимоясини яксон этиб ташлаган Роббен "Олтин тўп" эгаси бўлиш учун асосий номзод.

6. Ди Мария (Азимжон)

di-mariya

Аргентиналик улкан истеъдод эгаси, ўзининг юксак маҳорати, бетакрор финтлари, қанотдаги тезкор ҳаракатлари ва ҳужумни ташкил қилишдаги ақлли қарорлар чиқариш хусусиятларидан ташқари гўзал хулқга ҳам эга. Уни мухлислар ҳам, мураббийлар ва бошқа футболчилар ҳам ёқтиришади. Агар кутилмаганда жароҳат олиб қолмаганида ва Германияга қарши финал учрашувида қатнашганида, Аргентина термаси билан жаҳон чемпионига айланиши ҳам мумкин эди.

У ёзги трансферлар вақтида Манчестерга кўчиб ўтди ва ўзининг АПЛ футболчиларидан савия борасида қанчалар устун эканини намойиш этиб келмоқда.

7. Леонель Месси - ортиқча изоҳга хожат йўқ

messi-no-comment



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2019 XABARDOR.UZ