Чарльз Диккенс: теран фикр соҳибининг умр йўли

Ёзувчилар 8-02-2015

7 февраль — инглиз тилидаги бир қанча романлар муаллифи, танқидчи, комик қаҳрамонларни моҳирлик ила тасвирлаб бериш устаси, ижтимоий мавқега эга машҳур ёзувчи Чарльз Диккенс таваллуд топган кун. У ўз даврида Ангилиядаги энг жўшқин, илҳомбахш, мақсадлари сари интилувчи етук шахс бўлган. Унинг ижоди озодлик куйи сифати янграган.

Унинг насрда қалам тебратиши миллатнинг ҳақиқий фазилатини очиб берувчи, дунёга машҳур “инглизча юмор”нинг пайдо бўлишига замин яратди. Айнан Диккенс адабиётга қуйи қатлам вакилларининг образини жонли гавдалантириш, уларнинг ҳаётига чуқур разм солиш каби ғояларни олиб кирди. Ўз қаҳрамонлари ёрдамида меҳр-муҳаббат ва эзгулик тушунчаларини ёқлаб чиқди, уларни муносиб тақдирлади. Ёзувчи туғилганига 203 йил тўлди ва шу муносабат билан биз унинг ҳаётига бир қур назар ташлашга аҳд қилдик.

1. У 1812 йилда кўп фарзандли порт амалдори оиласида туғилган. Болалигидан ўқишга иштиёқи баланд Чарльз уйдаги барча китобларни қолдирмай ўқиб чиқади, унинг адабиётга бўлган муҳаббати эрта шаклланади.

2. Чарльз ҳаётий қийинчиликларга анча вақтли рубарў бўлди. 1822 йилда отасини Лондонга хизмат юзасидан чақириб олишганидан сўнг, оила анчайин ночор аҳволга тушиб қолади. Шу боис у тўнғич фарзандлар қатори мактабни ташлашга мажбур бўлади. Яшаш учун ишлай бошлайди. Қимматли буюмларини гаровга қўяди, севимли кутубхонасини сотишга мажбур бўлади, хуллас бир сўз билан айтганда, афтодаҳол болага айланади.

3. 1824 йил Диккенс учун муҳим йил бўлди. У бир заводда 4 ойдан бери қора меҳнат қиларди. 12 ёшли Чарльз одамлар орасига киришга, жамиятга аралашишга аҳд қилади. Адвокатлик маҳкамаларидан бирида кичик ходим сифатида иш бошлайди ва бўш вақтларида тугалланмай қолган ўқишини давом эттиради. 18 ёшида эса тиришқоқлиги туфайли Британия музейига ишга киради. Тинимсиз ҳаракатлари туфайли суднинг мустақил мухбирига айланади. 1832 йилдан эса “The True Sun” ҳамда “The Mirror of Parliament” да мухбир сифатида фаолият олиб боради.

4. 1832 йилдан унинг Лондон ҳаёти ва ундаги кишилар ҳаётига бағишланган кичик ҳикоялари эълон қилина бошлайди. Орадан бир мунча вақт ўтгач, 1835 йилнинг баҳорида “The Evening Chronicle” ношири Ж.Хогартнинг қизига унаштирилади ва ана шундан сўнг шаҳар ҳаёти ҳақида қатор ҳикоялар эълон қила бошлайди.

5. 1836 йилнинг 7 февралида 24 ёшли ижодкорнинг илк тўплами нашр этилади. У “Бознинг ҳикоялари” деб номланади. (Ўша пайтларда Диккенс “Боз” тахаллуси билан ижод қилган. Бу кичик укаси Мозеснинг лақаби бўлган). Бора-бора ёш қаламкашнинг ўзига хос диккенсона йўналишда ёзилган ҳикоялари дунё юзини кўра бошлайди. Уларда Лондон кўчалари, судлар ва адвокатлар, қамоқхоналар, байрамлар, парламент, сиёсатчилар, жамиятнинг қуйи қатлами моҳирона тасвирланар эди.

6. У навбатдаги ижод маҳсули — “Пиквик клуби ҳангомалари” тўпламининг биринчи сонини ўша пайтдаги таниқли карикатурачи Р.Сеймур билан ҳамкорликда чиқаради. Бироқ унинг иккинчи сони чиқмай қолади. Чунки дўқ-пўписалар остида қолган Сеймур кўп ўтмай ўз жонига қасд қилади. Аммо тиниб-тинчимас Диккенс узоқ ўйлаб ўтирмай Физ тахаллуси остида ижод этувчи ёш рассом Х.Н.Браун билан ҳамкорликда “Пиквик клуби ҳангомалари”нинг навбатдаги сонини 40 минг нусхада босмадан чиқаради. Айнан шу асар Диккенснинг ижодида туб бурилиш ясайди.

7. 1837 йилнинг январидан “Бентли альманахи” ойлик журналига бошчилик қилади ва айнан шу йилнинг февралида “Оливера Твистер”нинг илк бобларини ёзади. Шу билан бирга у “Пиквик клуби ҳангомалари”ни чиқаришда давом этади, комедия операсида либретто ёзади ва таниқли масхарабоз Гримальдига атаб китоб битади. Айнан ана шу йил унинг биринчи фарзанди — кичик Чарльз дунёга келади.

8. Диккенс ўзининг ижоди орқали Лондоннинг қабоҳат дунёси иллатларини очиб ташлайди. Буни ўзининг қаҳрамони етим бола Оливер Твистнинг саргузаштлари орқали яққол кўрсатиб беради. Унинг романларидаги қаҳрамонлар кулги ортига беркитилган мажруҳ қалблар, ҳамдардликка муҳтож юраклар, жамият бир четга ажратиб ташлаган инсонлар қиёфаси ёрдамида гавдалантирилади.

9. Диккенс 1837 йилда “Экзаминер” газетасининг театршунос танқидчиси, кейинчалик қалин дўсти, адабиёт масалалари борасидаги маслаҳатгўйи, биринчи биограф Д.Форстер билан учрашади. Ўзининг юксак иқтидори ҳамда адабиёт оламидаги ўрни сабаб “Гаррик” клубининг, 1838 йилнинг июнида эса машҳур “Атенеум” клубининг аъзосига айланади.

10. Бироқ Бентли билан ўрталарида юзага келган келишмовчилик туфайли у “Альманах”да ишлашдан бош тортади. Чапман ҳамда Холларнинг кўмаги билан “Жаноб Хамфрининг соати” ҳафталик газетасини чиқара бошлайди. Унда “Қишлоқ дўкони” ҳамда “Барнаби Раж” ҳикоялари чиқади. Ишлари кўпайиб кетганлиги боис “Жаноб Хамфрининг соати” газетасини чиқаришни тўхтатади. 1842 йилнинг январида рафиқаси билан Америка томон йўл олади.

Саёҳати давомида ўсиб келаётган Америка адабий муҳитидаги қинғирликлар билан кураш олиб боради. Аммо кўп ўтмай хафсаласи пир бўлади.

11. 1845 йилнинг июлида Лондонга қайтиб келгач, либераль газета “Дейли ньюс” нашриётида боши билан ишга шўнғиб кетди. Кўп ўтмай у ернинг раҳбари билан ўрталарида чиққан нифоқ туфайли Диккенс нашриётдан кетишга мажбур бўлади. Шу вақтдан бошлаб унинг қуроли фақат китоб бўлиб қолади. Бундан ташқари у ҳаваскорлар ижросида қўйиладиган хайрия спектакллари учун ёш режессёр ҳамда актёрларни ҳамкорликка чорлайди. 1849 йилда ўзининг машҳур романи, бутун ижодининг маҳсули сифатида туғилган “Дэвид Копперфилд” романини ёзади.

12. Диккенс 1850 йилнинг охирида Булвер-Литтон билан ҳамкорликда “Адабиёт ва санъат соҳасидаги ижодкорларга ёрдам бериш” фонди устида иш олиб боради. Орадан бир йил ўтиб эса у “Совуқ уйларда” асари устида ишлай бошлайди. Унинг ижоди борган сари юксалар, ўз қалами билан жамиятнинг бўш қатламларини аёвсиз танқид қиларди. Айнан шу йиллари унинг ижоди юксак чўққига кўтарилган, десак хато бўлмайди.

13. Ёзувчининг ижоди анча омадли ҳамда сермаҳсул келади. Унинг асарларини Англиядан тортиб, Парижгача яхши кутиб олишади ва севиб мутолаа қилишади. У ўз ёзганларини кенг оммага мароқ билан ўқиб беради. Аммо афсуски, ишларнинг кўплигидан, тинимсиз меҳнат туфайли унинг соғлиғи ёмонлаша боради, секин-асталик билан қўл-оёқлари ҳаракатдан қола бошлайди. Аммо шунга қарамай қалби ёниб турган ижодкор тўхтамайди, Америкага навбатдаги сафарга отланади.

14. Ёздаги қисқагина таътилдан сўнг, навбатдаги сафар тадоригини кўради. Аммо 1869 йилда Ливерпулдаги 74- (!) чиқишида соғлиғи жудаям ёмон аҳволга келиб қолади. Гэдсхиллдаги тинч ва хотиржам муҳитда даволанишдан сўнг у “Эдвина Друднинг сири” асарини ёзишни ўйлаб қўяди, уни 12 ой мобайнида чиқаришни режалаб чиқади ҳамда врачини Лондон бўйлаб 12 та хайирлашув оқшомини ўтказишга кўндиради. “Эдвин Друд”нинг 31 мартда чиққан биринчи қисми чала ёзилади, 8 июнда кечки овқатланиш пайтида юрагида кучли оғриқ пайдо бўлади ва эртаси куни кечки олтилар атрофида ёруғ оламни тарк этади. Уни сўнгги манзилга кузатиш маросими ёпиқ ҳолда 14 июнда бўлиб ўтади ва у Вестминстер аббатлигидаги “Шоирлар бурчаги”да дафн этилади.

Ундан бизгача турли романлар билан бирга ҳар хил мавзуларда айтилган ўлмас фикрлар ҳам мерос бўлиб қолган. Шулардан айримлари билан таништириб ўтсак.

Ҳақиқат ва ёлғон ҳақида

Ёлғонлар борки, инсонларга қанот бағишлаб, уларни самога олиб чиқади. Аммо аччиқ ва шафқатсиз ҳақиқатлар борки, улар инсонни қўрғошин занжирлар каби ерда ушлаб туради.

Ҳақиқат ҳар доим жусурдир.

Ёлғон у ошкора ёки махфий бўладими, айтиладими ёки айтилмайдими, у барибир ёлғонлигича қолиб кетаверади.

Болалар ҳақида

Болаларга бу кичик оламда ҳеч нарса адолатсизликдек қаттиқ таъсир кўрсата олмайди.

- Менимча, сизнинг ўғлингиз бор, а? — деб сўради жаноб Домби.

- Тўрт нафар, сэр. Тўрт ўғил ва бир қиз. Барчалари соғлом.

- Ҳаа, нимасини айтасиз. Уларни боқишга кучингиз етмаётгандир? – деб сўради жаноб Домби.

- Аммо бир нарса борки у менга доимий куч бериб туради, сэр.

- Айнан нима?

- Уларни йўқотишдан қўрқиш, сэр.

Севги ҳақида

Севган юрак дунёдаги барча донишмандликдан устун туради.

Қанчалик олисда бўлмасин, тақдиримизда кимдир билан учрашиш ёзилган бўлса, у билан, албатта, учрашамиз. Барчаси қандай ёзилган бўлса шундай бўлади.

Ҳар қандай ажралиш — жудоликдан дарак беради.

Ҳақиқий ва чуқур муҳаббатни яксон этиб бўлмайди. Унинг овози сокин бўлади. У бизнинг кўзлардан уят ва сипо билан яшириниб юради ҳамда ўз вақтини сабр билан кутади. У ана шундай етилади. Вақт тез ўтади, умр оқшоми яқинлаша бошлайди, аммо у етилишда давом этаверади. Ана шу ҳақиқий муҳаббатдир.

Севги инсонларнинг энг қизиқарли ва кечиримли заиф томонларидир.

Ҳаёт ҳақида

Шундай пайтлар бўладики жаҳолатда қандайдир эзгулик яширинган бўлади.

Ақли йўқ тирик инсон ўлган инсондан кўра қўрқинчлироқдир.

Умр бизга уни энг сўнгги дақиқаларгача ҳимоя қилишимиз учун берилган.

Инсон ўз дўстини камолот чўққисига олиб чиқмагунича комил инсон бўла олмайди.

Юқори ўринга эга барча нарса ҳам юксак эмас, қуйи ўринга эга барча нарса ҳам паст эмас.

Жудаям яхши ҳаёт, худди жудаям яхши овқат ошқозонни бузгани каби, умрни ҳам бесаранжом этади. Бундай ҳолларда тана ҳам, руҳ ҳам ёрдамга муҳтож бўлиб қолади.

Китоблар ҳақида

Барча юксак технологиялардан, кашфиётлардан, илм-фан ҳамда санъатдаги ихтиролардан энг баланда китоб нашр этиш туради.

Адабиёт халқ ичида, унинг ҳислари ва кечинмалари билан бирга, бахт ҳамда бахтсизлиги билан ёнма-ён бўлиши шарт.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2018 XABARDOR.UZ