Чин муҳаббат ва садоқат тимсоли: Саид Аҳмаднинг қамоқхонадан жўнатган хати

Ёзувчилар 3-07-2018

Чин муҳаббат ва садоқат ҳар қандай шароитда ҳам аслини йўқотмайди. Собиқ тузумнинг қонли қатағонларидан минглаб инсонлар қатори азоб чеккан Ўзбекистон ҳалқ ёзувчиси Саид Аҳмад ва унинг суюкли рафиқаси, беназир шоира Саида Зуннунованинг ҳаёт йўллари бунга мисолдир. Ёзувчининг Жезқозғон (Қозоғистон, Қарағанда вилояти) қамоқхонасидан жўнатган мактубларини ўқиб, бу фикрга амин бўлиш мумкин. Саид Аҳмад 1951 йилнинг 5 май куни ёзган хатида шундай дейди:

“Мен на Ватан олдида, на инсоният олдида айбдор эмасман. Фақат сизнинг олдингиздагина гуноҳкорман, холос. Ҳа, фақат сизнинг олдингизда! Чунки айни замонда чекаётган азобларингиз фақат мен туфайли. Мен бўлмаганимда Сиз бунча қийналмаган бўлардингиз. Хаёл кучи билан сизни қай шароитда яшаётганингизни кўриб турибман. Шодлик ва қайғуларимга шерик бўлган, ғариб масканимда сиёҳдонимнинг етимлигини сездирмаган чинакам дўстимни унутмайман. Шодлигини кўрмай, ғамига шерик бўлган кимсани унутиб бўладими, ахир?!”.

Бу пайтда Заида Зуннунова “халқ душманининг хотини”, деган таъқиб остида яшаган. Шоирани ишдан бўшатишган. Яшаш шароити жуда қийин аҳволда бўлган. Шундай эса-да, у турмуш ўртоғининг кўнглини кўтаришга, турмушдаги икир-чикир гаплар билан уни бироз чалғитиш, умид беришга ҳаракат қилган. Бу мушфиқ аёлнинг қамоқхонадаги Саид Аҳмадга 1952 йил, 23 январда юборган хатида шундай сўзлар бор:

“Янги дастурхон олдим, салфеткалар тикдим. Сиз келганингизда биринчи йиғилган меҳмонларга ёзаман, деб ният қилдим. Сервизимизнинг камини тўлатдим. Саид Аҳмад ака, нима қилай, ўзимни ўзим шундай овутиб ўтираман. Агар ўз аҳволимга фақат ақл кўзи билан қарасам, жинни бўлиш ҳеч гап эмас. Шунинг учун баъзан бўлаётган нарсаларнинг ҳаммасини унутишга ҳаракат қиламан: кийимларингизни оламан, тозалаб қайта қўяман, рўмолча тикаман, носкиларингизни ямайман. Шундай пайтларда сиз ҳозир келаётгандай бўлиб туюлади менга”.

Бу хатларни ўқиб, чин муҳаббат ва садоқатнинг икки улуғ тимсоли бугун ҳам кўпларга ибрат мактаби эканига амин бўламиз.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2018 XABARDOR.UZ