Чиройда тенги йўқ қўриқхоналар

Саёҳат 13-05-2015

XABARDOR.UZ: Табиатнинг қандай яшаётганини, унинг ривожланиш босқичларини ўрганиш, унинг ижод намуналарини кўриш ҳамда баҳраманд бўлиш баробарида илмий тадқиқ этиш, шу билан бир қаторда, жонзотларнинг яшаб қолишига имконият яратиш мақсадида миллий парклар, қўриқхоналар ташкил этилади. Шу боис сайёрамизнинг қатор мамлакатларида ана шундай хиёбонлар ташкил этилган бўлиб, у ерларга инсон қадами камроқ етиши таъминланади. Ҳақиқий ёввоий табиат қонунияти шакллантирилади.

Табиатни муҳофаза қилиш ишлари унда тобора камайиб бораётган, йўқолиш арафасига келиб қолган ҳайвонот, наботот олами вакилларини сақлаб қолишга улкан ҳисса қўшади. Ер юзида умумий миқдорда олиб ҳисоблаганда 16 000 қўриқхона бўлиб, унинг майдони 19 300 000 квадрат километрни ташкил этади. (Африка қитъаси майдонидан катта). Бугун эътиборингизга ана шу хиёбонлар орасидаги энг катта ва энг чиройли ўнтасини тақдим этамиз. 

 

Рангел-Сент-Элайас миллий парки ва қўриқхонаси

Майдони: 53 321 км²

Рангел-Сент-Элиас миллий парки Алясканинг жанубий қисмида жойлашган. Бу АҚШдаги энг катта миллий парк ҳисобланади. Парк ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган бўлиб, бундан ташақари, халқаро қўриқхоналар биосферасига ҳам киради. У ердаги Сент-Элиас тоғи қиялиги бўйича АҚШ ҳамда Канада ҳудудидаги энг баланд тоғ ҳисобланади. 

 

Аир ва Тенере миллий қўриқхонаси

Майдони: 77 360 км²

Ушбу қўриқхона Нигер давлати ҳудудида жойлашган бўлиб, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган эди. Қўриқхонани икки қисмга ажратса бўлади. Шарқий қисми Аир тоғлари этаклари билан туташиб кетган, ғарбий қисми эса марказий Саҳроий Кабирнинг жанубий чўлли ҳудуди — Тенерега бориб тақалади.

 

Лимпопо трансчегаравий парки

Майдони: 99 800 км²

Лимпопо — Мозамбик, Жанубий Африка ва Зимбабве ҳудудлари бўйлаб ястанган бўлиб, ўзида Банайн миллий парки, Крюгер миллий паркига ўхшаш ўнлаб миллий паркларни бирлаштирган улкан қўриқхонадир. Қўриқхона ерида Африка филлари, жирафалар, леопардлар, гепардлар, холли сиртлонлар ва кўплаб бошқа мавжудотлар яшайди.

 

Галапагос денгиз қўриқхонаси

Майдони: 133 000 км²

Галапагос денгиз қўриқхонаси ривожланаётган мамлакатлар орасидаги энг катта денгиз қўриқхонаси ҳисобланади. Бу ҳудуд кўплаб денгиз жонзотларининг уйи бўлиб, жумладан, акулалар, китлар, тошбақалар ва скаттларнинг маконидир. Айнан шу ерда Чарльз Дарвин турларнинг келиб чиқиши ва уларнинг эволюциясига бағишланган тадқиқотларини олиб борган.

 

Катта риф тўсиқли миллий парк

Майдони: 345 400 км²

Ушбу денгиз қўриқхонаси Австралиянинг шимоли-шарқий соҳилларида, Маржон денгизида жойлашган. У маржонларнинг турли турларини сақлаб қолиш мақсадида ташкил этилган ва бундан ташқари бу ерда денгиз жонзотларининг ҳам антиқа турларини учратса бўлади.

 

Папаханаумокуакеа миллий денгиз ёдгорлиги

Майдони:  360 000 км²

Номи айтилиши қийин ушбу қўриқхона Гавайи архипелагида жойлашган бўлиб, ўз таркибига ўнлаб ороллар ва атолларни бирлаштиради. Қўриқхона 7000 минга яқин жонзот турларининг уйи ҳисобланади, жумладан, йўқолиб кетиши хавфи остида турган Гавайи монах-тюленининг ҳам.

 

Феникс оролидаги қўриқхона ҳудуди

Майдони: 408 250 км²

Феникс оролидаги қўриқхона Тинч океани ҳудудидаги энг катта ва энг мовий сувли қўриқхона ҳисобланади. У Кирибати Республикаси таркибида бўлиб, Микронезия ва Полинезияда жойлашган. Айтишларига қараганда, Ер сайёрасини самолётда айланиб чиқмоқчи бўлган биринчи учувчи аёл Амелия Эрхарт 1937 йил айнан шу ерга қулаб, ҳалок бўлган эмиш.

 

Окавонго-Замбези трансчегаравий қўриқхонаси

Майдони: 444 000 км²

Ушбу табиатни муҳофаза этиш ҳудуди Африка қитъасидаги Ангола, Ботсвана, Намибия, Замбия ҳамда Зимбабве каби мамлакатларларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, қўриқхона таркибида Чобе ва Хванга миллий паркларига ўхшаш бир қанча миллий парклар, Окавонго дарёси дельтаси ҳамда Виктория шаршараси киради. Трансчегаравий ушбу қўриқхона сайёҳликни ривожлантириш ва жонзотларни бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга бемалол ҳаракатлана олишлари учун тузилган.

 

Чагос ҳарбий денгиз қўриқхонаси

Майдон: 545 000 км²

Чагос архипелаги Буюк Британияга қарашли бўлиб, Мальдив оролларидан 500 км. узоқликдаги масофада жойлашган. У дунёдаги энг йирик денгиз қўриқхонаси ҳисобланади, унинг майдони Франция майдони ўлчами билан тенг. Қўриқхона ҳудудида экотизимга оид жуда камёб жонзотлар учрайди. Бу ерда кам учрайдиган ғаройиб жонзотларни ҳам кўриш мумкин.

 

Шимоли-шарқий Гренланд миллий парки

Майдони: 972 000 км²

Ушбу қўриқхона Гренландиянинг бутун бир шимолий-шарқий ҳудудини қамраб олган бўлиб, сайёрадаги энг катта миллий парк ҳисобланади. Ўзининг майдони бўйича жаҳондаги 163 мамлакатдан катта (алоҳида ҳисоблаганда). Бу ерда қутб айиғини, моржларни, тулкиларни, қор бойўғлиларини, қўйбуқаларни ва яна кўплаб жонзотларни учратиш мумкин. Гренланд миллий парки ҳам, ўз навбатида, жаҳондаги энг катта шимолий миллий парк ҳисобланади.

Сарвар Анвар ўғли тайёрлади.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ