Дубайда фарзандларидан ажратилиб, бошпанасиз қолган аёл қиссаси

Яхшилик 17-11-2016

Тақдир Зайнаб Фавадни шафқатсиз синовларга дучор қилди. Камситилган, 4 ёшли эгизак фарзандларидан ажратилган, панжара ортида ўтириб чиққан, бошпанасиз қолган 44 ёшли ҳинд аёли ҳозир жуда қийин аҳволда қолган. Бу ҳақида Emirates 24|7 нашри маълум қилди. 

Зайнаб икки марта ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган, бироқ фарзандлари билан қайта бирлашиш хаёли уни бундай қадамдан сақлаб қолган. 

"Мен ақлдан озай деяпман, ҳаётдан бор умидимини йўқотганимда учинчи марта бу салбий ўй-хаёлларни енгишга кучим етармикан?", - дейди у кўзида ёш билан. 

Асли гуджаратлик (Ҳиндистон), санъат институти бакалаври бўлган аёл илк марта БААга 2003 йилда келган. Тез орада у Жабал Али кийим илгичлар ишлаб чиқарувчи компаниясида маъмур лавозимида иш бошлаган. Айнан шу ерда у ўзининг бўлажак турмуш ўртоғини учратган, асли покистонлик бўлган бу йигит ишлаб чиқариш менежери сифатида фаолият юритарди. 

"Биз бир неча йил севишиб юриб, 2007 йилда, Карачи (Покистон)да турмуш қурдик", - дея хотирлайди у. 

2012 йилнинг 2 ноябрида Зайнаб Ҳиндистонда ўз эгизаклари - Мустафо ва Музаммилни дунёга келтиради. Бир неча ой ўтгач, у фарзандлари билан БААга қайтади ва Шаржада эри билан бирга яшайди. 

Бироқ оилавий хотиржамлик узоққа чўзилмади. Эри унинг номига фирма очганидан кейин улар Дубайга кўчиб ўтишди ва бу ерда уларнинг орасида келишмовчиликлар юзага кела бошлади. 

"Иш яхши кетаётганди, аммо бизнинг муносабатларимизга путур етди. Иши ҳам бошига етгач, эрим болаларни (иккаласи ҳам ҳинд паспортига эга) олиб, Покистонга кетди. Ярашишга ҳеч қандай умид йўқ эди, 2014 йилнинг охирларида Дубайдаги полиция бўлимига ёрдам сўраб борганимда, компания бошқарувидаги текширув ишлари туфайли, бировнинг айби билан бир ойни панжара ортида ўтказдим". 

2015 йилнинг июль-сентябрь ойларида Дубайдаги уй ижарачисининг унга қарши очган суд иши бўйича жарима тўловларини амалга оширмагани учун яна икки марта ҳибсга олинди. 

"Барча ҳужжатлар менинг номимга расмийлаштирилгани учун ҳаммасига ўзим айбдор бўлиб чиқдим. Ижара шартномаси узайтирилмагани ва тўлов амалга оширилмаганлиги туфайли яна жазога маҳкум бўлдим. Шунда отам Ҳиндистондаги уйини гаровга қўйиб, 14 000 дирҳам миқдоридаги тўловни амалга оширди, ҳали-ҳануз яна 26 000 дирҳам қарзим бор, уларни қаердан олишни билмайман". 

2016 йилда виза муддати тугаганлиги сабаб Зайнаб иш топа олмаётганини айтди.

Бу ерда Зайнаб не кўргуликларни бошидан кечираётган бир пайтда эри қайта турмуш қургани ҳақида хабар топди. 

"Бутун дунё кўз олдимда қоронғу. Менинг соддалигимдан фойдаланиб, алдашди, ҳақорат қилишди", - дейди Зайнаб. Ҳозир у умумий ётоқхонада базўр кун кечирмоқда. 

"Мен бор-йўғи фарзандимни қайтаришни хоҳлайман. Уларни уч йилдан бери кўрмадим, ахир, юрагим қайғу-аламга тўла", - дейди аёл. 

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги зиддиятли муносабатларни ҳисобга олсак, ночор ҳинд аёлининг Покистонга бориб, фарзандлари учун курашиши амри маҳол. 

Шунга қарамасдан, Зайнаб умид қилишда давом этмоқда. "Мўъжиза рўй бериши мумкин-ку, шундай эмасми?", - дейди у нажот билан. 



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ