Дунёнинг энг яхши меҳмонхоналари ўнталиги

Рейтинг 24-12-2014

Ҳар йилнинг охирги ойида “Luxury Travel” сайти дунёдаги энг яхши меҳмонхоналарни аниқлаш бўйича сўров ўтказади. Бу йилги сўровларда ҳам ҳар йилгидек ўн мингдан ортиқ сайёҳлик компаниялари ва сайёҳлар қатнашишди. Қуйида ана шу сўров натижалари билан танишасиз.

“Shangri-La Hotel Paris”

Париж, Франция. 

Номинация: Энг яхши ошхона  

“Shangri-La Hotel”да меҳмонлар “La Bauhinia” деб номланувчи шиша гумбаз остида овқатланишлари, “L’Abeille” ресторанида мазали француз таомларидан татиб кўришлари, Европанинг биринчи фирма ресторани “Shang Palace”да хитой миллий таомларидан баҳраманд бўлишлари мумкин. 

“St.Regis King Cole New York”

Нью-Йорк, АҚШ

Номинация: Энг яхши бар.

Айтишларича, “Қонли Мэри” коктейли айнан шу ерда ихтиро қилинган бўлиб, у дастлаб “Red Snapper” деб аталган. Бу Иккинчи жаҳон урушидан илгари бўлган. Шу кунгача “King Cole” меҳмонхонасидаги бар минглаб меҳмонлар томонидан энг яхши бар, деб ҳисоблаб келинади.  

“Rocco Forte Hotel Savoy”

Флоренция, Италия.

Номинация: Энг яхши оилавий дастур

“Savoy” меҳмонхонаси Уффици галереяси ва Флоренция кафедрал собори орасидаги йўлнинг ярмида жойлашган. Меҳмонхона номерлари итальян дизайни ва санъати билан замонавийлик уйғунлашган ҳолда безатилган. “L'Incontro” бар-ресторанини итальян ошхонаси мутахассиси бўлган бош ошпаз Фульвио Пьеранжелини бошқаради.  

“Cuixmala”

Коста-Легре, Мексика

Номинация: Сайёҳлик соҳаси етакчиси 

Меҳмонхона 25000 акр майдонда жойлашган, пляж ва лагуналар қўриқхонанинг бир қисми ҳисобланади, атроф эса чексиз плантациялардан иборат. Бу ерда йўлингиздан тўнғиз чиқиб қолиши, кокос плантацияларида саёҳат қилишингиз, ҳайвонлар учун мурувват уйига ташриф буюришингиз ёки тошбақа инкубаторида денгиз тошбақаларининг болаларини кўришингиз мумкин. 

“Qasr al Sarab Desert Resort”

Бирлашган Араб Амирликлари, Лива саҳроси.

Номинация: Бизнесдаги инновациялар 

Бу ерда қум ва қумтепаларга кўзингиз тушиши аниқ, лекин улар мириқиб ҳордиқ чиқаришингизга асло халал бермайди. Улкан очиқ бассейн, энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган номерлар ва узлуксиз сервис доимо хизматингизда бўлади. Саҳро билан танишиш учун махсус дастур мавжуд: туяларда сайр, қумтепаларда велосипедда учиш, камондан ўқ отиш ва қум устида виндсерфинг.  

“Four Seasons Hotel Lion Palace”

Санкт-Петербург, Россия

Номинация: Дизайн соҳасидаги энг яхши ютуқ 

Мармар зиналар, тилла суви юритилган ганчкорлик, баландлиги беш метрли шифтлар ва XIX аср услубида қайта тикланган ички кўриниш ушбу меҳмонхонага ўзгача кўрк бағишлайди. “Trendymen” сайти фикрича, уни Россиядаги энг яхши меҳмонхона, деб аташ мумкин. 

“Rosewood”

Лондон, Буюк Британия

Номинация: Йил кашфиёти

Яқиндагина очилган бу меҳмонхона 1914 йилда қурилган бинода жойлашган. Лондондаги Хай-Хоуберн кўчасидаги “Rosewood London” меҳмонхонасида меҳмонларга буюртма бўйича тайёрланган мебель ва итальян мармаридан қилинган ванна хонаси бўлган, ҳар бири ўзгача безатилган номерлар таклиф этилади.  

“Park Hyatt New York”

Нью-Йорк, АҚШ

Номинация: Номердан кўриниб турувчи энг яхши манзара  

2015 йилда очиладиган бу меҳмонхонада Нью-Йоркдаги энг катта номерлар бўлади. Улар орасида энг каттасининг майдони 475 квадрат метр бўлиб, меҳмонхона энг сўнгги технология билан жиҳозланган жами 92 та люкс номердан иборат бўлади.  



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ