Дунёдаги энг ажойиб кўприклар

Саёҳат 24-11-2016

Сиз фотосуратчи, саёҳатчи ёки шунчаки чиройли нарсаларни қадрловчи бўлишингиздан қатъий назар бу бетакрор кўприклар эътиборингиздан четда қолмаслиги аниқ.

Дунёнинг турли бурчакларида қад ростлаган кўприклар сизни ноодатий дизайни ва жойлашуви билан лол қолдиради.

 

Пуэнте-Нуэво, Испания

Андалузиянинг Ронда шаҳри — фотосуратчилар орзусидир. Пуэнте-Нуэво «янги кўприк» маъносини англатади. Бу чуқурлиги қарийб 100 метр бўлган дарадан тираб чиқарилган уч кўприкдан бири саналади. Бу кўприклар тарихи XV асрга бориб тақалади.

 

Роял Горж, Колорадо штати

Роял Горж — бу дунёдаги энг баланд кўприклардан бири. У Колорадо штатидаги Кэнон-Ситида жойлашган ва Арканзас дарёсидан 300 метр баландликда тортилган. Роял Горж узунлиги — тахминан 400 метр. У 1929 йилда қурилган.

Кўприк Royal Gorge Bridge and Park миллий боғи таркибига киради. У ерда сиз лифт кабинаси, скайкостер ёки канат бўйлаб тушиш ва ажойиб манзаралардан баҳра олиш имконига эга бўласиз.

 

Сторсезандет кўприги, Норвегия

Букилган қияликлар ва қуриб битказилмаган иллюзия улашувчи кўприк дизайни туфайли уни «маст кўприк» ёки «манзилсиз йўл» деб аташади. Бу материкни Аверой ороли билан бирлаштирувчи саккизта энг узун ва машҳур кўприклардан бири саналади. У 1989 йил қурилганидан бери ўзининг трамплинга ўхшаш қиёфаси билан сайёҳлар кўнглига ваҳима солади.

 

Ракотцбрюке, Германия

Ракотцбрюке кўприги Кромлау немис сарой боғида, Берлиндан 2 соатлик узоқликда жойлашган. Бироқ унга яқинлашган сайин сиз ўзингизни худди бошқа оламга тушиб қолгандек ҳис этасиз.

Бу қадимий иншоот 1860 йили сувда ажойиб айлана ҳосил қилиш учун қурилган. Айни дамда бу кўприкдан фойдаланиш тақиқланган.  Албатта, бу оқилона қарор. Бежизга, Ракотцбрюкени «шайтон кўприк» деб аташмайди.

 

Убэйн, Мьянма

Мьянмада шафақни томоша қилишни хуш кўрувчилар сеҳрли суратлар олиш учун Убэйн кўпригидан яхшироқ жойни топа олишмайди. У дунёдаги энг узун ва қадимий кўприк бўлиб, тик дарахтидан ясалган. Убэйн Аведа 1851 йили собиқ қироллик саройидан қолган материаллар билан қурилган. Кўприк асосини сувдан чиқиб турувчи 1 000 ортиқ тонкалар ташкил этади.

У қачонлардир Бирма пойтахти бўлган «мангулик шаҳри» Амарапурага ташриф буюрувчи сайёҳлар орасида жуда ҳам машҳур.

 

Тауэр кўприги, Лондон

Агарда барча даврнинг энг таниқли ва чиройли кўприги рўйхатга киритилмаса, нотўғри бўлар эди. У 1894 йил Темза орқали транспорт хизматини таъминлаш учун чқурилган. Баланд устунли кемалар унинг тагидан ўта олиши учун кўприк бир вақтнинг ўзида ажраладиган ва осма қилиб қурилган. Шу тариқа, Тауэр кўприги ўзининг чиройи ва функционаллиги билан ажралиб туради.

 

Понте Веккьо, Италия

Флоренциядаги Понте Веккьо кўпригидан ўта туриб, дўконларга ҳам кўзингиз тушади. Арно дарёси устидан қад ростлаган бу қадимий иншоот шу кунга қадар ўзининг илк жозибасини сақлаб қолган. У ҳозир заргарлик ва совғалар дўконларини ўз ичига олади. Қачонлардир у ерда гўшт сотишган.

 

Харбор-Бриж, Сидней

Сиз кўплаб суратларда ўз гўзаллигини акс эттирган ва Сидней тимсолига айланган Харбор-Бриж кўприги ҳақида эшитгандирсиз. Унга кўтарила олиш мумкинлигини биласизми? Сўнгги 16 йил ичида кимки таниқли шаҳар тароватидан баҳра олишни истаса, кўприк чўққисига кўтарилмоқда.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ