Дунёдаги энг ғалати тақиқлар

Биласизми? 1-02-2015

Ҳар бир мустақил давлатнинг ўзига яраша қонунлари бор. Улар ижтимоий ҳаётни яхшилаш мақсадида қабул қилинади. Аммо айрим давлатларда шундай қонунлар борки, улар кишига бироз ғалатироқдек кўринади. 

Бурунди: югуриш

Охирги ўн йилликда мамлакатдаги этник гуруҳлар ўртасидаги урушлар тўхтаганидан сўнг, маҳаллий аҳоли гуруҳ-гуруҳ бўлиб югуришга чиқадиган бўлишди. Бунга иккита сабаб бор экан: биринчиси ўзларида тўпланиб қолган энергияни чиқариб юбориш, иккинчи сабаб эса агар яна шундай тўқнашувлар содир бўлса, жисмоний тайёр туриш. Шу боис 2014 йилнинг март ойида мамлакат президенти Пьер Нкурунзиза югуришни тақиқловчи қонун чиқарди. Шундай кейин гуруҳ-гуруҳ бўлиб югурган айрим шахслар жазоланди ҳам.

Руминия: “Скрэббл” ўйини

80-йилларда Руминиянинг ўша пайтдаги раҳбари Николае Чаушеску “Скрэббл” ўйинини қонун йўли билан тақиқлади. Бунга сабаб қилиб ўйинда бузғунчилик руҳиятининг кучлилиги кўрсатилди. Аммо ҳозир тақиқ олиб ташланган ва мамлакатда “Скрэббл” ўйини федерацияси фаолият олиб боради ва турли мусобақалар уюштириб туради.

АҚШ: “Киндер сюрприз” шоколадли тухуми

Бу маҳсулот дунёнинг кўплаб мамлакатларида кенг тарқалганига қарамай АҚШда қонун йўли билан тақиқланган экан. Хўш, нега? Бунга сабаб бола билмай тухум ичидаги ўйинчоқни ҳам еб қўйиши мумкин экан. Шу боис у тақиқланган. Ширинликни Канада чегарасидан АҚШга олиб кириш ҳолатлари тез-тез кузатилиб тураркан.

Эрон: эркакларнинг сочларини орқага ўриб юришлари

2010 йилда ҳукумат эронлик эркаклар сочларини қандай кўринишда турмаклаштириш мумкинлиги ҳақида каталог чиқарди. Унга кўра сочларни орқага ўриб юриш, икки чети ҳамда тепасини калта қилган ҳолда орқа соч ўстириш тақиқланди.

Сингапур: сақич чайнаш

Бу ўз маъносида эмас, албатта. Мамлакат ҳудудига сақичлар сотуви тақиқланган. Бунга 1992 йилда содир бўлган фалокат сабаб бўлган. Ўшанда бир киши сақичини вагон эшигига ёпиштириб қўйган. Яхши ёпилмаган вагон эшиги очилиб кетган ва унга суяниб кетаётган йўловчи ҳалок бўлган. Сақични саломатлик нуқтаи назаридан врачлар рухсат берган беморларгина чайнашлари мумкин.

Филиппин: Клэр Дэйнс

Актриса Клэр Дэйнсга мамлакатнинг барча ҳудудига эмас, балки айнан Манила шаҳрига кириш тақиқланган экан. Чунки у ўша шаҳарда ниҳояланган фильмга олиш ишларидан сўнг, шаҳар ҳақида салбий фикрлар билдириб ўтган экан. Шу сабаб бу ерда нафақат унинг келиши, балки у суратга тушган фильмлар намойиши ҳам ман қилинган.

Франция: “Red Bull”

Бугун бу тақиқ амалда эмас. Аммо 2008 йилгача бу ерда ушбу энергетик шарбатни истеъмол қилиш тақиқланган эди. Бунга ичимлик таркибидаги таурина кимёвий моддасининг борлиги баҳона бўлган. Ўшанда компания таурин моддаси йўқ бир қанча ўз маҳсулотларини мамлакат ички бозорига киритган эди.

Хитой: вақтлараро саёҳат

Гап кино ва телевизион шоулар ҳақида кетаяпти. Хитой ҳукуматининг фикрича бу каби ғоялар тарихга бўлган ҳурматсизлик экан. Шу боис шунга ўхшаш шоулар тақиқланган.

ЖАР: президент уйида суратга тушиш

Ўтган йилда ҳукумат президент уйида суратга тушишни тақиқлаб қўйганди. Аммо шунга қарамай бир қанча газеталар бунга аҳамият бермади ва уйнинг суратларини босиб чиқараверишди.

Шимолий Корея: мовий рангли жинсилар кийиш

Қора эмас, балки айнан мовий жинси кийиш тақиқланган. АҚШда мовий ранг урфда, шу боис у тақиққа учраган, деган гаплар ҳам юради.

Монако: маҳаллий фуқаролар учун казиноларга бориш

Худди шундай. Монакодаги “Монте-Карло” казиносига бутун дунёдан одамлар келишади, аммо у ерга маҳаллий фуқароларнинг кириши тақиқланган. Бу тақиқлов 1860 йилда монако князи Карл III томонидан жорий этилган.

Буюк Британия: парламент биносида ўлиб қолиш

Гарчи бу ҳолат инсоннинг ўз қўлида бўлмаса ҳам, аммо парламент биносида вафот этиш тақиқланган. Чунки у ерда оламдан ўтган инсон ҳукумат томонидан дафн этилади. Бу эса ҳукуматга заррача фойда келтирмас эмиш. Яна ким билсин.

Германия: ичи бўш бензин идиши

Агар Германияда машинангизни ёқилғиси тугаб, ўчиб қолса, яқин орадаги ёқилғи қўйиш шохобчасига боришга ошиқманг. Чунки бу ерда қўлингизда бензин идиши кўтариб юриш ҳам тақиқланган.

Филиппин: Фрэнка Синатрнинг “My Way”

Бу қонун йўли билан тасдиқланмаган бўлсада, аммо Филиппиндаги тунги клубларда ёки караоке барларда бу қўшиқни куйлаш тақиқланган. Бунга сабаб қўшиқнинг аҳлоқий ва маънавий бузуқлигидир.

Таиланд: “Анна ва қирол” фильми

Айтишларига қараганда, 1999 йилда суратган олинган Жоди Фостер ва Чоу Юньфатлар суратга тушган ушбу фильмда қирол оиласи ва мамлакат тарихига боғлиқ кўплаб лавҳалар бор. 1930 йилдан бери амал қилиниб келаётган қонунга кўра, Таиланд давлатига нисбатан ҳақорат учун бундай ишлар қаттиқ жазоланади.

Жанубий Корея: ярим кечаси сеть орқали видеоўйинлар ўйнаш

2011 йилда мамлакатда “shutdown қонуни” деб номланган қонун ишга тушди. Унга кўра 16 ёшдан кичиклар ярим кечадан то эрталабга қадар видеоўйинлар ўйнаши тақиқланди. Аммо бу қонун яқинда ота-оналар илтимосига биноан олиб ташланди.

Япония: клубларда рақс тушиш

Ўзининг тунги ҳаёти билан танилган Японияда клубларда рақс тушишнинг ман этилиши бироз ёлғондек туюлади. Аммо бу бор ҳақиқат. 1948 йилда аҳоли тинчлиги таъминлаш мақсадида, ана шу тақиқ вужудга келган эди. Рақс тушиш учун махсус жойлар ташкил этилди. Аммо бу тақиқни 2020 йилда Токиода бўладиган Олимпиада ўйинлари вақтида олиб ташлаш кўзда тутилмоқда.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ