Дунёдаги энг қиммат 5 шаҳар

Саёҳат 4-02-2017

Oxford Economics’нинг Forbes’га келиб тушган ҳисоботига кўра, ўрта даромадга эга бўлган оилага Ҳонконг, Мумбаи, Пекин ёки Шанхайда майдони 90 квадрат метр бўлган хонадон харид қилиш учун 30 йил талаб этилади. Ҳисоботда бутун дунё бўйлаб истиқомат қилувчи аҳоли даромадлари кўчмас мулк қиймати билан таққосланган. Қуйида дунёдаги энг қиммат бешта кўчмас мулк бозори рўйхатини тақдим этамиз.

5. Лондон

Лондонда кўчмас мулк нархлари бир неча ўн йил давомида тинимсиз ошиб борди. 2013 йилдан бери Лондондаги уйлар учун нархлар мислсиз даражада ошиб кетди. Шаҳардаги хонадонлар ўртача нархи 2006 йилдаги 257 минг фунт стерлингдан 2016 йилги 474 мингга қадар кўтарилди. Орадаги фарқ 84 фоизни ташкил қилди.

Ҳукуматнинг кўчмас мулк бозорини нуфузли кўчмас мулкка давлат божини киритиш ва инвестицион объектларга янги божларни киритиш бўйича барқарорлаштириш ҳаракатлари ҳеч қандай натижа келтирмади. Бироқ, яқинда ўтказилган сўровга кўра, иқтисодчилар жорий йилда кўчмас мулк нархлари ёки аввалги даражада сақланиб қолади, ёки ҳаттоки бироз арзонлашади, деган фикрда.

4. Шанхай

Шанхай – Хитойдаги энг қиммат кўчмас мулк бозорларидан бири. У ерда ўтган йил давомида уй нархлари 40 фоизга қимматлашди. Бундай кўтарилиш билан кураш олиб бориш бироз мушкул. 2015 йилда ички фонд бозорининг кучсизланишидан қўрқиб кетган кўплаб инвесторлар ўзларини кўчмас мулк секторига уришди.
 
Бироқ Шанхайда яқин орада кўчмас мулк бозори босим остида қолиши мумкин, сабаби тартибга солиш идоралари нархларни арзонлаштириш ёки улар қимматлашишини тўхтатиб қўйиш бўйича бир қанча қадамларни қўйди. Хитойнинг 20та шаҳри, шу жумладан Шанхай шаҳри маъмурияти ҳам кўчмас мулк бозорини барқарорлаштириш бўйича янги чоралар мажмуасини амалга татдиқ этди: харидларга лимит киритилди ва ипотека бўйича чекловлар кучайтирилди.

3. Пекин

Хитойнинг қитъа қисмидаги энг қиммат кўчмас мулк бозори – Пекиндадир. Уй-жой қурилиш ва шаҳар ҳамда қишлоқ туманларни ривожлантириш комиссияси маълумотига кўра, айни дамда у ерда бир квадрат метр нархи 5820 АҚШ долларига тенг. Пекиндаги уй-жойнинг ўртача нархлари сентябрь ойида тахминан 30 фоизга қимматлашди. Хитойнинг бошқа шаҳарларида эса кўрсаткич 11 фоизга тенг бўлди.

Ҳукумат томонидан октябрда қабул қилинган чеклов чоралари нархларнинг кескин ошишини тўхтатишга хизмат қилиши лозим, бироқ уларнинг кутилмаганда тушиб кетиш хавфи ҳам бор. 

2. Мумбаи

Ҳиндистоннинг Мумбаи шаҳри дунёдаги энг қиммат уй-жой бозоридан бирига айланди. Quartz’нинг ёзишича, Мумбаида аҳоли даромадига нисбатан кўчмас мулк қиймати нисбати – “Ҳиндистондаги энг йирик шаҳарлар орасида энг баланд кўрсаткичга эга”. Давлат бойишда давом этмоқда ҳамда девелоперлар тўлиб тошган шаҳарда янги қурилиш майдонлари топишга қийналмоқда. Эслатиб ўтамиз, ушбу шаҳарда ҳамон миллионлаб кишилар хароб кулбаларда истиқомат қилади.

Ноябрда мамлакат бош вазири Нарендра Моди пул ислоҳотини ўтказиб, 500 ва 1000 рупийлик қоғоз пулларни муомаладан олгач, кўчмас мулк бозори босим остида қолди. Ҳиндистонда солиқлардан қочиш мақсадида кўчмас мулк билан боғлиқ аксарият битимлар нақд пул кўринишида амалга оширилади. Маҳаллий PropEquity компаниясининг фикрича, Мумбаида жорий йилда кўчмас мулк нархлари 30 фоизга арзонлашиши мумкин экан.

1. Ҳонконг

Ҳонконг жаҳондаги энг қиммат уй-жой бозори номини етти йилдан бери ўзида сақлаб келмоқда. Demographia ҳар йилги ҳисоботи маълумотларига кўра, ўтган йилда кўчмас мулкка ўртача нархи аҳоли бир йиллик даромадининг 18,1тасига тенг бўлган. Кичик пастлашишга қарамай (бир йил аввал бу кўрсаткич 19та йиллик даромадга тенг бўлган) Ҳонконгдаги кўчмас мулк ҳамон “жуда ҳам кўп пул туради”, дейилади ҳисоботда.

Сўнгги йилларда шаҳардаги уй-жой нархлари кескин равишда қимматлашмоқда. Бу жараён кичик фоиз ставкалари ва харидорларнинг кўплиги билан боғлиқ. Арзон уй-жойларнинг йўқлиги минтақадаги энг асосий ижтимоий муаммолардан бири саналади, сабаби бадавлат бўлмаган инсонлар кичик ва хавфли уйларда истиқомат қилишга мажбурлар.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ