Дунёнинг энг бадавлат кишилари пул, бойлик ва муваффақият ҳақида

Маслаҳат 7-02-2017

Сизнинг пуллар ҳақидаги ўй-фикрларингиз келгусида бойиб кетиш имкониятларингизга таъсир ўтказиши мумкин. Шундай экан, молиявий чўққиларни забт этишга улгурган шахсларнинг пул ҳақидаги фикрлари муҳим аҳамиятга эга эканлигини унутмайлик. InsiderPro дунёнинг энг бадавлат 15 кишисининг пул тўғрисидаги сўзларини бир мақолага жамлаб, тақдим этди. Миллиардерларнинг бу сўзлари сизнинг бизнес, инвестиция ва муваффақият ҳақидаги тасаввурларингизни ўзгартириши мумкин.

Марк Цукерберг, Facebook раҳбари

"Мен ҳеч қачон шунчаки компания яратишга ҳаракат қилмаганман. Кўпчилик даромадлар ва шу каби киримлар  мени қизиқтирмайди, деб хато ўйлашади. Аслида мен учун "шунчаки компания бўлмаслик" ҳақиқатда муҳим аҳамиятга эга бўлган, дунёни ўзгартирувчи нимадир яратишни англатади".

Мег Уитмен, Hewlett Packard Enterprise раҳбари

"Кичик бизнес худди eBay каби каттароқ нарсага айланганида у занжирли реакцияни ишга туширади. Бунинг натижасида эса интеллектуал капитал, товарлар ва хизматлар яратувчи бошқа кичик компаниялар пайдо бўлади".

Уоррен Баффетт, Berkshire Hathaway бошқарув раиси ва раҳбари

"Мен сизларга қандай бойиб кетиш мумкинлигини айтаман. Эшикларни ёпинг. Бошқаларнинг зиқналиги тутганда қўрқинг ва бошқалар қўрқаётган пайтда зиқна бўлинг".

 Эван Шпигель, Snap Inc. раҳбари ўз бизнесини Facebook компаниясига сотишдан воз кечгани ҳақида

"Дунёда бизнинг бизнесимизга ўхшаган ишни йўлга қўйишга муваффақ бўлганлар жуда кам. Бир дақиқалик даромад олиш учун бундан воз кечишнинг менга умуман қизиғи йўқ".

Опра Уинфри, медиамагнат.

"Мен учун пулларнинг ҳеч қачон биринчи ўринда бўлмаганлиги муваффақиятим сиридир".

Марк Блумберг, Bloomberg LP раҳбари

"Одамларга қанча кўп пул берсангиз, шунча кўп сарфлашади. Сарфламаган тақдирда эса уларни инвестицияга киритишади. Инвестиция киритиш - ишчи ўринлар яратишнинг яна бир усули. Пуллар фонд ёки банкларга келиб тушади, улар эса пуллардан кредитлар беришда фойдаланишади, бу эса ҳамма учун фойдали".

Ларри Пейж, Alphabet Inc. ҳаммуассиси ва раҳбари

"Агар пуллар биз учун ҳаётдаги асосий мақсад бўлганида эди, аллақачон компанияни сотиб, соҳилда тобланаётган бўлардик".

Жефф Безос, Amazon раҳбари

"Ўйлашимча, эҳтиёткорлик инновациялар ривожига туртки беради - худди бошқа чекловчи омиллар сингари. Ноодатий вазиятдан чиқишнинг бир неча усуллари мавжуд, улардан бири - буни бажаришнинг шахсий усулини кашф қилиш".

Сергей Брин, Google ҳаммуассиси ва Alphabet Inc. президенти

"Бахтни пулга сотиб олиб бўмаслиги ҳақидаги иборани кўп эшитганман. Бироқ қалбимнинг туб-тубида барибир оз бўлса-да, пулларнинг бахтли қила олишига ишонардим. Аслида эса, бундай бўлиб чиқмади".

Жек Ма, Alibaba Group директорлар кенгаши раиси

"Ҳозирги даврда истаган киши яхши пул ишлай олади. Бироқ барқарор даромад олиш, жамият олдидаги масъулиятни ҳис қилиш ва дунёни яхши томонга ўзгартириш қийинроқ".

Сара Блейкли, Spanx асосчиси

"Пуллар сизни ўзгартирмайди, улар сизнинг аслида ким эканингизни юзага чиқаради".

Ингвар Кампрад, IKEA асосчиси

"Мен бироз зиқнароқман, нима бўлибди? Бирор нарсага пул сарфламоқчи бўлсам, ўзимга ўзим савол бераман - IKEA харидорларининг ҳам шундай қилишга имконлари бормикан... Мен доимо биринчи тоифа билан учишим мумкин, бироқ пулнинг кўплиги уни беҳуда сарфлашга сабаб бўла олмайди. Яхши етакчи бошқаларга ибрат бўлиши лозим. IKEA'нинг барча ходимлари учун ибрат бўлиш эса менинг бурчимдир".

Жорж Сорос, Soros Fund Management

"Умуман олганда молиявий бозорлар ҳақида олдиндан бир нима деб бўлмайди... Ҳодисаларни олдиндан башорат қилиш ғоясининг ўзиёқ менинг бозор ҳақидаги тасаввурларимга тўғри келмайди".

Майкл Делл, Dell Inc. раҳбари

"Стратегияни ишлаб чиққунга қадар энг аввало бизнес иқтисодиётини тушуниш керак, деб ҳисоблайман. Агар сиз буни нотўғри тартибда бажарсангиз, муваффақиятсизликка учрашингиз мумкин".

 

Шелдон Адельсон, Las Vegas Sands Corporation директорлар кенгаши раиси ва раҳбари

"Мен ҳеч қачон бойиб кетишни орзу қилмаганман. Буни ҳатто хаёлимга ҳам келтирмаганман. Мен фақат бир нарсани - ўз ҳаётимда нимагадир эришишни истардим".



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ