Дунёнинг энг бадавлат кишиларини кимлар вояга етказган?

Миллиардерлар 15-11-2016

Tesla раҳбари, Virgin Group империяси соҳиби, Facebook асосчиси ва Microsoft яратувчисини вояга етказган аёллар ҳақидаги тўрт ҳикоя - улар кимлар? Нима билан шуғулланишган? Ўз ўғилларига нималарни ўргатишган?

Бир куни Авраам Линкольн шундай деган: "Ҳаётимдаги эришган барча муваффақиятларим онам туфайлидир".

Бундай чиройли сўзларни ҳамма ҳам гапира олмаса-да, молиявий дунё етакчилари ўз оналаридан миннатдор бўлишлари керак. Оналари уларга тўғри тарбия беришган, фарзандларининг қобилиятларини ривожлантиришган ва орзулари амалга ошишида ёрдам беришган.

Дунёнинг энг йирик тўрт нафар ишбилармонининг оналари тарихи билан Insider.pro нашри таништирди.


1. Мэй Маск: Шунчаки мафтункор она эмас

Илон Маскнинг онасини Марсга чиқарса, 68 ёшли модель ва парҳезшунос у ерда ҳам муваффақиятга эришади. 

Мэй Маскнинг моделлик карьераси ярим асрдан зиёд вақт давом этиб келмоқда. У илк марта ЖАРнинг маъмурий пойтахти Преторияда подиумга чиққан, 20 ёшдан ошганда у миллий гўзаллик танловида ғолиб бўлган, нуфузли журналларда унинг суратлари чоп этилган. Маск хоним шунингдек Revlon, Clinique and Virgin Airlines каби реклама кампанияларида ҳам иштирок этган. 

У бир неча марта ҳаммасини бошидан бошлашига тўғри келган: турмуш ўртоғи билан ажрашиши, бир жойдан иккинчи жойга кўчиши, икки марта яшаб турган мамлакатини ўзгартириши ҳам уни тўхтата олмаган. 

Мэй Маск 22 ёшида турмушга чиқиб, муваффақиятли шифокор-парҳезшунос бўлган ва бир вақтнинг ўзида 3 нафар фарзанди (Тоска, Илон ва Кимбала) тарбияси билан шуғулланган. Бироқ ажримдан кейин у оиланинг ягона боқувчисига айланган. Huffington Post'га берган интервьюсида Мэй қийинчиликларга қарамай, ўзини омадсиз дея тан олишига ғурури йўл қўймаганлигини таъкидлаган. 

"Ночор яшаган пайтингизда бор кучингиз билан ҳаракат қилишингизга тўғри келади. Мен парҳезшунослик тажрибам, валеология бўйича консультациялар, моделлик ва фарзандлар тарбиясини бир вақтда олиб борганман. Тиним билмай меҳнат қилганман", - деди у. 

Унинг ўғли Илон 17 ёшида Канадага кўчиб ўтгач, тез орада Мэй ҳам унинг кетидан етиб келади, ижарага арзонроқ уй топиб, бир неча жойда ишлай бошлайди - улардан бири Торонто университетида бўлгани учун фарзандлари бу ерда бепул таълим олишга муваффақ бўлишади. 

Илон ва Кимбал Кремний водийсига кўчиб ўтиб, янгиликлар компаниялари учун дастурий таъминотга доир Zip2 компаниясига асос солишганида, Мэй ўзида бор барча пулларни фарзандларига берган. 

Ҳатто фарзандларига яқинроқ бўлиш учун Нью-Йоркдан Лос-Анжелесга кўчиб ўтганда ҳам, аёл ишсиз ўтирмаган.

"Мен кўп вақтимни 3 фарзандим ва 10 нафар неварам билан ўтказаман. Шу билан бирга хусусий мактабда соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишдан сабоқ бераман ҳамда бу ишимни моделлик фаолиятим билан бирга уйғунлаштираман", - дейди Маск хоним. 

Энди тушунаётгандирсиз Илондаги қатъият ва энергия кимдан ўтганини?!


2. Еве Брэнсон: Қўрқув ва таъналардан холи аёл

Ричард Брэнсон нафақат тадбиркорлик фаолияти, балки матбуотда кенг ёритилувчи денгизда сузиш ва ҳаво шарларида парвоз қилиш бўйича жаҳон рекордларидан ўтиш ҳаракатлари туфайли ҳам ном қозонган. Шундай экан, онасининг ҳам саргузаштларга ўчлиги ҳеч кимни ажаблантирмаса керак. 

Еве Брэнсон 1924 йилда Англиянинг Миделсекида ҳарбийлар оиласида дунёга келган. Унинг таржимаи ҳолига кўра, планер учувчиси бўлиш учун ўзини ўсмир йигитга солган. 

Иккинчи жаҳон уруши йилларида у ўз хоҳишига кўра, ҲҲКнинг Аёллар ёрдам хизматига киришган. Урушдан кейин раққоса ва актриса бўлиб ишлаган, ёрқин вест-энд потсановкаларда иштирок этган. 

Шундан кейин Еве British South American Airways'нинг борт кузатувчиси бўлиб хизмат қилган. Кейинчалик майорга турмушга чиқиб, ишини ташлаган. Улар уч фарзандли бўлишган (Евенинг эри 2011 йилда ҳаётдан кўз юмган).

Турмуш ва оналик аёлнинг ғайратини сўндирмаган. Эрининг омади келмагач, Евенинг ўзи пул ишлай бошлаган. Daily Mail'да чоп этилган мақолада унинг ҳунармандчилик билан шуғулланганлиги ва тайёрлаган маҳсулотларини Harrods универмагида сотгани таъкидланган.

Бундан ташқари, у ҳарбий полицияда назоратчи-инспектор бўлиб ишлаган ҳамда кўчмас мулк агентлигини бошқарган.


Ҳозир Еве 91 ёшда ва у ўғли билан бирга Йўқолган ва эксплуатациядаги болалар халқаро марказининг фаолиятида иштирок этади (Еве бошқарувда, Ричард эса молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди). Шунингдек улар маҳаллий аҳолига таълим олиш ва ишга жойлашишда ёрдам берувчи Марокаш хайрия фондига асос солишган.


3. Карен Кемпнер: Камтар шифокор


Интернет-технологиялар соҳасидаги энг машҳур ва нуфузли ишбилармон – Facebook компанияси раҳбари Марк Цукербергнинг онаси Карен Кемпнер ҳақида кўп маълумот йўқ. Афтидан, у ўзига эътибор қаратишни ёқтирмайди. 

New York журналида ёзилишича, Кемпнер, Бруклин коллежининг сарвқомат талабаси ўзининг бўлажак турмуш ўртоғи – Нью-Йорк университетида стоматологияни ўрганувчи Эдвард Цукерберг билан танишиб қолган. 1979 йилда улар турмуш қуришган ва Нью-Йорк шататидаги Уайт-Плейнсга кўчиб ўтишган. Жуфтликнинг 4 фарзанди бор.

Дипломни қўлга киритгач, Карен психиатр сифатида узоқ ишламади. У эрининг Доббс-Ферри шаҳарчасида жойлашган стоматологиясида администратор бўлишга қарор қилди. Facebook раҳбари бўлган ўғлининг улкан даромадларига қарамай, жуфтлик ҳали-ҳануз ўзининг севимли эски жойида яшаб келади. 

Эвард радиога интервью берганида студияга қўнғироқ қилган бир тингловчи “Фарзандларингиз кичик пайтида Карен ишлаганми?”, дея савол берган. 

“Менинг турмуш ўртоғим супераёл бўлган. У ишлаб, уйда қолишнинг уддасидан чиққан”, - дея жавоб берган. 

Шубҳасиз, Facebook раҳбари ҳам онаси ҳақида худди шундай фикрда. Ҳиндистон бош вазири билан бўлиб ўтган учрашувда Марк Цукербергнинг Нарендра Модига берган саволларидан бири унинг онаси ҳақида эди. 

Марк Цукербергнинг ўзи ҳам отаси каби камтар шифокор қиз билан турмуш қурди (2012 йил), Присцилла Чан журналистлар билан мулоқот қилишни у қадар ёқтирмайди. 


4. Мэри Максвелл Гейтс: Омадли ишбилармон ва хайрияпарвар


Молиявий аҳволи 76,7 миллиард долларга баҳоланган Microsoft асосчиси, дунёнинг энг бадавлат кишиси - Билл Гейтс тўйи олдидан онасининг келини Мелиндага ёзган мактубини кўп хотирлайди. 

У ерда шундай ёзилган эди: “Кимга кўп нарса берилган бўлса, ундан талаб ҳам кўп бўлади”. 

Кўп йиллар давомида хайрия ишлари билан шуғулланган Мэри Макс-велл Гейтс шундан 6 ой ўтиб, 64 ёшида кўкрак бези саратонидан ҳаётдан кўз юмган. Гейтс унинг мактубини сақлаб қўйган. Онасининг ўлимидан кейин отаси билан биргаликда Bill & Melinda Gates Foundation’га асос солган. Бу онасининг истаги эди. Ўткир зеҳн ва ишбилармонлик қобилияти Биллга айнан онасидан ўтган бўлса, ажаб эмас. 

Мэри мактаб ва коллежда энг яхши ўқувчи бўлган. У турмуш ўртоғи билан коллежда танишиб қолган. Жуфтлик 3 фарзандни дунёга келтирган. Аёл хайрия ишлари билан шуғуллана бошлаган ва бир неча йирик ташкилотларнинг бошқарув таркибида бўлган. United Way компанияси ҳам шулар жумласидан бўлиб, бу ерда у дастлаб Кинг округи бошқарув раиси, кейин эса бу йирик ташкилотнинг ижро қўмитасини бошқарган биринчи аёл бўлган. Мэри ўша пайт Microsoft раҳбари бўлган ўғлини Employees Giving Campaign дастурини йўлга қўйишга кўндирган ва кейинчалик Гейтснинг ўзи ҳам бу ташкилот бошқаруви таркибига қўшилган.

Мэри Гейтс кўплаб йирик ташкилотлар аъзоси бўлган. У ўша вақтда апартеид сиёсати кетаётган ЖАРда сармояларни тўхтатиш ташаббуси билан чиққан. 

Қизи Либби Арминтраутнинг сўзларига кўра, у жуда ҳам талабчан она бўлган ва фарзандларига кўп вақт ажратган. 

Билл болалигида ҳам, катта бўлгач ҳам онаси билан кўп зиддиятга борган, бироқ шубҳа йўқки, у доим ўғлини қўллаб-қувватлаб келган. 1975 йилда у Ҳарвардни ташлаб, Microsoft’га асос солганида, Мэри ўғли ўзининг илк катта шартномасини имзолаши учун United Way бошқарувидаги барча алоқаларини ишга солган. 



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ