Дунёнинг энг ҳайратланарли ҳовузлари

Дизайн 28-01-2015

Сув — ҳаёт манбаи. Бир неча дардга даво бўладиган, кайфиятни кўтариб, инсонни тетиклаштирадиган машғулотлардан бири сузишдир. Америка қитъасидан Австралияга қадар, мавжуд энг ажабтовур ҳовузлар ҳақида билиб олинг.

 Ижтимоий тармоқлардаги дўстларингизга ҳам мақолани ўқишни тавсия қилинг! 

• Олтин қувват ҳавзаси

Агар хумордан чиққунча пул сарфлаш ниятингиз бўлса, Тибетдаги беш юлдузли авлиё Режис дам олиш масканига йўл олинг. Бир кечага 300 доллар тўлаб, Ҳимолайнинг оғзингизни очиб қўядиган даражадаги беқиёс кўринишидан ҳузур қилишингиз мумкин. Бу курортда қолиш билан оламда ягона, тилла билан безатилган сув ҳавзасидан бахраманд бўлиш имконини ҳам қўлга киритасиз. Унинг суви тузланган ва 28-32 (Сельций) даражада иситилган. Бу ерда оёқларингизни уқалатишингиз ва яна турли таомларга буюртма бериш каби эксклюзив имкониятлардан фойдаланишингиз мумкин.

• “Нефрит тоғи” дам олиш масканининг ҳовузи

Кариб денгизининг яширин олмоси ҳисобланган авлиё Лусиа оролида жойлашган ушбу ҳовузни (к)ўриб кўзингизга ишонмайсиз. “Нефрит тоғи” афсонавий маскан бўлиб, унда алоҳида пляжлар, аъло даражадаги спа муолажалари ва ҳар бир хона деразасидан кўринадиган гўзал манзаралари билан машҳур. Бу кўплар учун “асал ойи” ўтказиш танловини беради. Бироқ ушбу оромбахш жойда бир кеча қолиш учун “атиги” 1550 АҚШ доллари керак бўлади. Бошқа томондан орзу қилиш бепул-ку!

• Хавасу шаршараси табиий ҳовузи

Аризона штатининг Супаи шаҳри яқинида Хавасу шаршараси бор. Агар ҳеч ким сузиб кўрмагандек сузиш истагида бўлсангиз, шу жойга келинг. Маҳаллий Хавасупай халқининг миллий маданияти ва она табиатнинг ҳайратланарли кўриниши уйғунлашган бу жойга сайёҳлар чекланган миқдорда кириши мумкин. Яна Хавасупай қабиласидан ҳам рухсат олишингиз керак бўлади. Нима ҳам дердик, жон куйдирмасанг, жонона қайда?

• "Chongwe River House" ҳовузи.

Совуқ сувда бўкиб, ёввойи саёҳат қилишга нима дейсиз? Замбиадаги "Chongwe River House" меҳмонхонасига ташриф буюринг. Бу меҳмонхона Чонгви дарёси узра жойлашган сув ҳавзаси(нинг) ўзгача дизайни билан ҳаммани лол қолдиради. Бир кечага 550 АҚШ доллари тўлаш эвазига сувда халоват топиб, ёввойи табиат мўъжизаларини кузатасиз.

• “The Cambrian Hotel” ҳовузи

Швецариянинг 20 та энг зўр сихатгоҳ меҳмонхоналари қаторига кирган “The Cambrian Hotel” Абелбоден шаҳрида жойлашган. Алп тоғлари устидаги бепоён ҳовузни кўриб оғзингиз очилиб қолади. Бу маскан йил давомида ташриф буюрувчилар учун очиқ бўлиб, икки кишилик хоналар учун бир кечалик нарх 216 доллардан бошланади.

• “Hotel Caruso”даги сарҳадсиз ҳовуз

Италиянинг ўзгача жило берилган XI асрга тегишли саройи худди Ўрта Ер денгизининг айвонига ўхшайди. Сиз тоғлар ва денгиз манзарасини жозибали яримой шаклидаги сарҳадсиз ҳовуздан туриб томоша қилишингиз мумкин. 

 "San Alfonso del Mar" денгиз суви ҳовузи

Чилининг Алгарробо шаҳридаги дабдабали курорт дунёдаги энг катта сузиш ҳавзасига эга экан. Тасаввур қилинг-а, катта миқдордаги тоза денгиз суви хусусий қумли соҳилга туташган. Агар бу маконда ором олишга қарор қилсангиз, “океан тўлқинига бориб кўрсаммикан?”, “шу баҳайбат ҳовузда қолаверсамчи?”, деган хаёллар сизни чўлғаб олади.

• Тимсоҳозаврлар ғори ҳовузи.

Руҳий таъсирланишга таъбингиз қалай? Агар юрагингиз бақувват бўлса, а(А)встралиянинг Дарвин шаҳридаги тимсоҳларга тўла ушбу ҳовузга бир шўнғиб чиқинг. Сув остида 200 тадан кўпроқ махлуқот бўлиб, улар ичида узунлиги беш метрга етадиган улкан тимсоҳлар ҳам бор! У ерга кунига ўн икки марта 9:30 дан 17:00 гача ҳимояланган қафасда шўнғиш мумкин. Бир киши учун бундай саргузашт 160 долларга тушса, ботир дўстингизни ўзингиз билан олиб олсангиз 240 доллар тўлайсиз.

• “One&Only Reethi Rah” ҳовузи

Аслида, Малдив оролларидаги ушбу нуфузли спа меҳмохонасидаги бу сув иншооти океан ичидаги ҳовуздир. Ушбу манзара кўринадиган виллани бир кечага ижарага олиш 2250 АҚШ долларига айланади.

• Немо 33 ҳовузи

"Гиннес рекордлари" китобига дунёдаги энг чуқур ҳовуз сифатида киритилган ушбу сув ҳавзаси Бельгиянинг Бруссель шаҳрида барпо этилган. Ғаввозлар учун махсус яратилган ушбу мажмуа йил бўйи фаолият олиб боради. У ерда сиз бор йўғи 61 доллар эвазига шўнғиш бўйича сабоқ олишингиз, сертификатингиз бўлган тақдирда эса 28 доллар тўлаб, сув остига йўл олишингиз мумкин.

• Оберой Удаивилас ҳовузи

Махарожа саргузаштларини бошдан кечиришни истовчилар учун яхши вариант. Қадимги Мевар қироллигининг мафтункор оқ пойтахти Ҳиндистоннинг Удайпур шаҳрида 55 акр майдонни эгаллаган Оберой Удаивилас курортига марҳамат! Пичола кўлининг манзараси билан туташган жилвакор ҳовуз ва сервиқор боғлар саройнинг ўзига хос манзарасидир. Аммо ҳолва деган билан оғиз чучимайди. Ушбу эртакнамо шарқона лаззатнинг баҳоси 525 доллардан бошланади.

• "Library Resort"даги қизил ҳовуз

 Таиланддаги ушбу ҳовуз турфа ранглар билан безатилган. У ўзининг бетакрор услуби ва кўзни қамаштирувчи нафосати билан одамлар эътиборини тортмоқда. Агар бассейнда сузиб кўришни хоҳласангиз, 320 доллар тўлашга тайёр туринг.

• "Grand Hotel Tremezzo"даги сузувчи кўлмак ҳовузи

Италиянинг Комо кўлида сузиб чиқинг-у, Беллажио тоғларидан кўриниб турадиган ажойиб ҳовузда чигал ёзинг. "Grand Hotel Tremezzo" меҳмонхонасида ичкаридаги “чексиз ҳовуз”, бешта жакузи ва спа муолажаларидан бахраманд бўласиз. Кармонингизда ҳар кеча учун камида 522 доллар бўлса бўлгани.

• Памуккале ҳароратли ҳовузлари

Табиат мўъжизаларидан бири бўлган бу табиий сув ҳавзалари мовийлиги ва жозибаси билан барчанинг ҳайратига сабаб бўлади. Бу маскан Туркиянинг жануби ғарбидаги Денизли қишлоғида жойлашган бўлиб, у ерга кириш бир киши учун 13 долларга тушади.

• "Como Shambhala" спа ҳовузи

Балининг Убуд шаҳри яқинидаги чакалакзорларда яширинган ушбу маскан дунё ташвишларини унутиш ва ором олиш учун зўр жойдир. Саломатлигингиз ҳақида қайғуриш ва озгина ўзингиз ҳақингизда ўйлашингиз учун қулай макон. Бу ерда сизга ҳар куни йога машғулотлари, спа ва менюси соғлом таомлар билан тўла буфет таклиф этилади. Оромгоҳдаги хоналарда қолиш нархи бир кечага 600 доллар.

• Бонди айсберг жамоат ҳовузи

Сиднейдан чамаси 15 дақиқа юриб, Бонди ҳаммомларига етиб келиш мумкин. Денгиз суви тўлдирилган жамоат ҳовузи қарийб бир асрким дунё бўйлаб сайёҳлар эътиборини жалб этаяпти. Энг яхши томони шундаки, миллион долларга арзийдиган кўринишга эга бу ҳовузда чўмилиш катталар учун 5,5, болалар учун 3,5 доллар туради. Бассейн эрталаб 6.30 дан кечаси 19.30 гача ишлайди.

• Ик Кил ғори ҳовузи

Яна бир ғаройиб табиат қўйнидаги ҳовуз Мексикодаги Ик Кил меъморий боғида жойлашган. Дум-думалоқ кўринишдаги ҳовузчанинг кенглиги 29 метрни, чуқурлиги эса салкам 40 метрни такшил этади. Шаршаралар, денгизнинг садаф сувлари ва ёввойи жунгли табиатини томоша қилиб сузиш учун атиги 6 доллар тўлайсиз.

• "Purobeach Pool"

Черногориянинг Порто шаҳрида жойлашган ҳашаматли пляж клуби кун давомида тин олиш ва кечга бориб дам олиш учун мўлжалланган. Клуб 64 метрлик ҳовуз, иккита бар, муолажалар столи, ресторан ва бир нечта бутикларни ўз ичига олади.

• "Harbour Plaza" меҳмонхонаси ҳовузи

"Victoria Harbour" ва Гонг Конг шаҳрининг кўкка туташган биноларини томоша қилиш учун энг зўр жой "Harbour Plaza" меҳмонхонасининг 23- қаватидаги ҳовуздир. Бу ерга фақат меҳмонхонада тунаётган мижозлар кириши мумкин. Бир кеча қолиш эса тахминан 200 долларга тушади. 

• Гиола табиий ҳовузи

Грециянинг сирли жавоҳири Гиола Тассос оролининг жанубий томонидаги Астрис қишлоғида жойлашган садафдек соф ҳовуздир. Бу ерга етиб келишда қийинчиликлар бор. Чунки сиздан 2 километр пиёда юриш талаб этиладида. Бироқ 8 метр баландликдан феруза сувга шўнғиш учун "озгина" юриш нима бўлибди?



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2019 XABARDOR.UZ