Ello, world: янги ижтимоий тармоққа 500 долларлик рухсатнома олиш керакмикан ?

Интернет 10-11-2014

Ello ни Facebook нинг "қотили" деб аташади. Ушбу янги, истиқболи порлоқ бўлган ижтимоий тармоққа фақатгина инвайт (пуллик рухсатнома)лар орқали кириш мумкин. Шундай бўлсада уларга талаб жуда катта. Соатига ўн минглаб инвайтга талаб тушади. Уддабурон фойдаланувчилар аллақачон инвайтларни eBay онлайн-аукционида сотишни бошлаб юборишган. Қуйида Ello ўзи нима эканлиги ва бошқа ижтимоий тармоқларнинг ундан хавотирланишларига ўрин бор-йўқлиги ҳақида ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз.

"Ello – бу оддий, чиройли ишланган ва рекламадан холис бўлган ижтимоий тармоқдир" деб ёзадилар унинг асосчилари. Асосий урғу "рекламадан холис" деган иборага қаратилади. Ушбу ижтимоий тармоқнинг кичкинагина манифести (чорлов сўзлари) бошидан охиригача рекламага қарши сўзлар билан тўла. У "Ижтимиоий тармоқлар реклама берувчиларга тегишли" деган сўзлар билан бошланиб, "Сиз маҳсулот эмассиз" деган сўзлар билан якунланади. Қолган сўзларнинг мазмунини манифестни ўқимай туриб ҳам тушуниб олиш мумкин.

Унда Ello қандай қилиб даромад кўрмоқчи? Бу ҳақда ушбу янги лойиҳанинг асосчиси Пол Будниц Business Insider нашрига берган интервьюсида қуйидагича маълумот беради. Унинг сўзлари бўйича, ижтимоий тармоқнинг бизнес-модели унинг оддийлигига асосланган, яъни ундан фойдаланувчи одамлар вақти келиб қўшимча имкониятларга муҳтожлик сеза бошлайдилар. Ана шу қўшимча имкониятларга улар пул тўлайдилар. Мисол учун, фойдаланувчи бир логин остида бир неча аккаунтни бошқаришни истаб қолса, унда у бу хизмат учун бир неча доллар тўлашига тўғри келади.

Будниц фойдаланувчилардан янги пулли хизматларни жорий этишни сўраб ёзилган бир неча минг хатларни олишини айтиб ўтди. Улардан баъзилари устида ҳозирда иш олиб борилмоқда. Будницнинг айтишича, сармоячилар истаган тақдирда ҳам тармоқда умуман реклама бўлмайди. Улар бунга қарши ҳеч нима қила олишмайди, чунки акцияларнинг назорат пакети унинг асосчилари қўлида мужассамлашган. Интервьюда Будниц ҳозирча Ello да бор-йўғи етти ходим ҳамда уларга қўшимча равишда яна бир нечта четдан ёлланган дастурчилар ишлашини айтиб ўтди. У бунда ҳам ижобий жиҳатларни кўра билди, яъни одамларни қандай қилиб бошқаришни ва улардан иложи борича кўпроқ пул ундиришни ўйлайдиган бир тўда ишчилар билан тўла офис биносини сақлашнинг кераги йўқ.

Пол Будниц

Пол Будниц

Ello атрофидаги шов-шувга қарамасдан, ҳамма экспертлар ҳам унга қувончли келажакни ваъда беришмаяпти. Mashablе янгиликлар сайтида унинг бош муҳаррири Лэнс Уланофф Ello бор-йўғи Google+ ва Tumblr нинг қоришмаси дея айтиб ўтди. У Ello нинг бу тармоқларникига ўхшаш интерфейсга, яъни унда ҳам катта ҳажмдаги сурат, унинг остидаги кичкина матн ва кўриб чиқишлар сони акс этганлигига эътиборни қаратади.

Уланофф Ello даги ҳодисалар лентасини омадсиз чиққан деб айтади. У икки типга: "дўстлар" (унда сиз ёқтирадиган фойдаланувчилар жамланган) ва "шовқин" (қолган бошқалар)га бўлинган. Уларда пост (форумда ёзиладиган эълон)ларни яратиш осон, бироқ юқоридаги ижтимоий тармоқлардаги каби қулай эмас. Уланофф рекламани бермасликни номаъқул деб ҳисоблайди, чунки Facebook да рекламани осонгина кўриб чиқиш мумкин. Айнан реклама ижтимоий тармоқларнинг ўсиши ва ривожланишига ёрдам беради. Уланоффнинг фикрича, ижтимоий тармоқни фақатгина рекламага қарши чиқишлар ёки "қанча кам бўлса, шунча яхши" тамойили асосида қуриб бўлмайди. У кейинги йилданоқ Ello ни ҳеч ким ҳатто эсламаслигини башорат қилмоқда.

The Guardian шарҳловчиси Джесс Циммерманнинг таъкидлашича, Ello дизайни бошқа ижтимоий тармоқлардан кўра Dots ўйинини эслатиб юборади. У ҳам лентанинг "дўстлар" ва "шовқин"га бўлиниши ҳақида билдирилган танқидий фикрларга қўшилиб, тизимда кўп сондаги хатолар учрашини танқид остига олди.

Ello нинг машҳурлигини Циммерман унда рекламанинг йўқлиги билан эмас, балки инсонларнинг янги суҳбатлашиш моделига эҳтиёж сезаётганликлари билан тушунтиради. Одамларнинг ҳозирда мавжуд бўлган ижтимоий тармоқлардан хафсалалари пир бўлган, айнан шунинг учун улар Ello да бўлишни афзал кўришади.

PSWorld нашри Ello нинг иккинчи Facebook ка ўхшаб воқиф бўлмаслигининг бир неча сабабларини санаб ўтади. Биринчидан, Ello даги профил барча учун очиқ. Яна бошқа сабаблар ичида дўстларни топишни қийинлаштирадиган ҳаддан ташқари оддий дизайн, мобил дастурларнинг йўқлиги каби сабаблар ҳам бор. Techcrunch компаниясининг ходими Сара Бур

Facebook да ўзининг профилида сўровнома ўтказиб, одамларнинг Ello учун Facebook дан кетишга хоҳишлари йўқлигини аниқлади. Унинг фикрича, ҳозирда Ello да аудиторияни такроран жалб қилувчи ҳеч қандай нарса йўқ. Бундан ташқари, қидириш тизими жуда ёмон ишлайди – унда дўстларни, ҳатто улар қандай ном остида сервисни ишлатишларини билган ҳолда ҳам топиш жуда қийин. Бироқ танқидларга қарамасдан, кўпчилик экспертлар Ello ҳозирда ўзи танлаган йўлнинг бошида тургани ва кўпгина нарсаларни яхлишаши мумкинлигини айтиб ўтмоқдалар. Ello нинг имкониятлари яхши таассуротлар қолдиради, лекин ҳозирча тегишли равишда ишламаяпти, деб ҳисоблайди Сара Бур.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2018 XABARDOR.UZ