Энг қадрли рўйхат

Психология 11-04-2015

Бир куни миннесоталик математика ўқитувчиси ўқувчиларига қуйидагича топшириқ берибди: синфдошларнинг рўйхатини тузиб, исм-шарифи тўғрисига синфдошининг унга энг ёқадиган сифатини ёзишни сўрабди. Дарс сўнггида ўқитувчи рўйхатни йиғиштириб олибди.

Ўша кун жума эди. Ўқитувчи дам олиш кунлари бу ёзувлар устида ишлаб, душанба куни синфдошлари уларда кўрадиган яхши сифатлар йиғилган рўйхатни ўқувчиларга келтириб тарқатди. 

Болалар ўқир экан, синфнинг у ёқ-бу ёғида шивир-шивирлар эшитилар эди: “Наҳотки, буларнинг ҳаммаси мен ҳақимда бўлса? Мени бунчалик яхши кўришларини билмаган эканман”. Ўқувчилар натижаларни синфда муҳокама қилишмади, бироқ муаллима ўз мақсадига эришганини сезарди. Болаларда ўзига ишонч ортди. 

Бир неча йиллардан сўнг мана шу болалардан бири Вьетнамда ҳалок бўлди. Уни она юрти — Миннесотага дафн қилишди. У билан видолашиш учун собиқ дўстлари, синфдош-у, ўқитувчилари келишди. Дафн маросимида унинг отаси математика муаллимасининг ёнига келиб:

— Сизга бир нарса кўрсатмоқчиман. 

У ҳамёндан тўрт букланган, эскириб қолган бир қоғозни олди. Қоғоздан у қайта-қайта ўқилгани кўриниб турарди. 

— Мен буни ўғлимнинг нарсалари орасидан топдим. Бу қоғоз доим унинг ёнида бўлган. Танияпсизми?

Ота қоғозни муаллимага узатди. Бу синфдошлари бу йигитда кўрган ҳислатлар рўйхати эди. 

— Сизга катта раҳмат, — деди унинг отаси. — Ўғлим уни жуда қадрлар эди.

Ва шу ерда бир ҳайратланарли ҳол юз берди: йигитнинг синфдошлари ҳам бирин-кетин бу рўйхатни кўрсатишди. Болаларнинг кўпчилиги бу қоғозни ёнларида, ҳамёнларида олиб юришар экан. Бири бўлса, уни оилавий суратда сақлар экан. Шунда болаларнинг бири шундай деди:

— Биз ҳаммамиз бу рўйхатни сақлаб қўйганмиз. Ахир шундай нарсани ташлаб бўларканми? 

“Бола қалбига беш йўл” китобидан

Муаллифлар: Гэри Чепмен, Росс Кэмпбелл.

Xabardor.uz таржимаси



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ