Эски "Бавария"лар

Бокс 10-11-2014

1. "Бавария" 1971-1974 Ютуқлари: 3 марта Бундеслига ғолиблиги ва 1 Чемпионлар Кубоги Мураббий: Удо Латтек Юлдуз футболчилари: Франц Беккенбауер, Зепп Майер, Герд Мюллер, Пауль Брайтнер.

bavariya-9

Бу жамоанинг лидери шак-шубҳасиз - Беккенбауер эди. Айнан унинг 1972-йили Мюньхенда ўтказилган Олимпиада ўйинларида кўрсатган порлоқ ўйинидан кейин, ҳамма, энди бундан буёғига Беккенбауер ўйнайдиган "Бавария" немис футболида ҳаммадан кучли бўлишини башорат қила бошлаганди. Ундан ташқари таркибда бир мавсумда 40 та гол урадиган Герд Мюллер ҳам бор эдики, "Бавария" рақибларни бирин-кетин "ер тишлата" бошлади.

Немис футболининг 70-йиллари ҳақида сўз кетганда, биринчи навбатда "Бавария" ва "Боруссия" Менхенгладбах қарама-қаршилиги кўз олдимизга келади. Бир томонда клублар билан ишлашда катта тажрибага эга Латтек турса, иккинчи томонда дунёга Гюнтер Нецер, Юпп Хайнкесс, Берти Фогц, Алан Симонсен, Ули Штилике каби феноменларни етиштириб берган даҳо - Вайсвайлер турарди. Агар, ўша рақобатда "Бавария" эмас, "Боруссия" ютиб чиққанида, эҳтимол ҳозир Германия футболи байроқдори мюнхенликлар эмас, менхенгладбахликлар бўлиши ҳам мумкин эди.

bavariya-10

1974 йили "Бавария" ҳозирги ЕЧЛ га тўғри келадиган ўша вақтдаги Чемпионлар Кубогини қўлга киритади ва яна икки мавсум бу совринни ўзларида сақлаб қолишади. Айнан шу жамоа асосида қурилган ГФР терма жамоаси ҳам 1974-йили жаҳон чемпионига айланишган эди.

2. "Бавария" 1981-1987

Ютуқлари: 3 марта Германия чемпионлиги, 2 марта Германия Кубоги. Мураббий: Пал Чернаи (1981-83) ва Удо Латтек (1983-1987) Юлдуз футболчилари: Жан-Мари Пфафф, Лотар Маттеус, Клаус Аугенталер, Карл-Хайнц Румменегге, Пауль Брайтнер.

bavariya-5

Беккенбауер ва Мюллер футболни тарк этгач, "Бавария" ҳам олдинги "Бавария" бўлмай қолди. Икки йил Пал Чарнаи ҳеч қандай чора ўйлаб топа олмагач, унга жавоб берилиб, мураббийлик постига Удо Латтек қайтарилди. Шунингдек, жамоа логотипи ҳам ўзгартирилди, янги имиж яратилди.

Латтек қайтган йилиёқ Германия Кубогини ютади, кейинги мавсумларда эса кетма-кет уч маротаба Германия чемпионлигига эришилди. Шундай қилиб, Латтек Германия чемпионатини 8 марта ютган ягона мураббий бўлиб қолади.

Бу жамоанинг етакчиси - Карл-Хайнц Румменигге эди. Бу ҳужумчининг футболга кириб келиш тарихи қизиқ. У банк хизматчиси бўлиб ишлар, футбол билан эса, ҳаваскор тарзда шуғулланар эди. Кунлардан бир куни Карл ота-онаси билан гаплашади ва ҳаётини буткул футболга бағишлашга қарор қилади. Кейинчалик, бундан ҳеч ким афсусланмади. У икки марта Европнинг энг яхши футболчиси дея эътироф этилган.

bavariya-6

Латтекнинг иккинчи даврида Германияда унинг жамоаси билан рақобатлаша оладиган рақиб қолмади. Мюнхенликлар Бундеслигада ўзларини худди ўз хўжалигида кезиб юрган хўжайин каби ҳис қилишарди. Фақатгина бир мавсумда "Вердер" қаршилик кўрсатган, лекин тезда тан беришга мажбур бўлган эди. Румменигге ва Латтек кетгандан кейин ҳам Лотар Маттеус бу жамоани юқори савияда ўйин кўрсатишини таъминлаб турган эди.

3. "Бавария" 2000-2001

Ютуқлари: Германия чемпионлиги, ЕЧЛ ғолиблиги, Қитъалараро Кубок. Мураббий: Оттмар Хицфелъд Юлдуз футболчилари: Оливер Кан, Штефан Эффенберг, Жованни Элбер, Мехмет Шолль.

bavariya-3

Ўтган асрнинг охирги ўн йиллиги жамоа учун қора булутлар остида ўтди. Бу йиллар ичида жамоа мавсумни 10 чи ўринда тугатган мавсумлар ҳам бўлди, кетма-кет мураббийлар алмаштирилган мавсумлар ҳам бўлди. Жамоани Лербю, Риббек, Беккенбауер, Траппатони, Аугенталер каби номдор мураббийлар бу тушкунликдан қутқариш учун беҳуда уринишди...

Фақат 1999 йили "Бавария" бошқарувига Оттмар Хицфельд келибгина аҳвол ўзгарди. "Генерал" лақабли бу талабчан мураббий биринчи мавсумиданоқ жамоани ички чемпионатда яққол пешқадамга айлантирди. Шунингдек, "Бавария" - "Манчестер Юнайтед" иштирокидаги Барселона финали ҳам ўша йили бўлиб ўтган эди.

Ўша маъшум финалдан кейин жамоа тезда ўзига келиб олади ва Европа чемпионлигини қўлга киритиш учун қайтадан кураш бошлайди. Ва кейинги йилиёқ мақсадга эришилади. Чорак-финалда "қизил иблислар" иккала ўйинда ҳам мағлуб этилиб, ўч олинган ҳолда, ярим-финалда "Реал", финалда эса, "Валенсия" таслим қилинади.

Бу жамоанинг юраги - Штефан Эффенберг эди. Айтиш мумкинки, у бир вақтнинг ўзида бир неча футболчи иш кучига эга эди. У майдонда ҳамма ишни бажарар - ўйинни тузарди, рақибларникини эса бузарди ва ҳакамларни ҳам сергак ишлашга мажбур этарди. Унинг жамоадошлари яхшиямки унга рақиб эмасликларига шукрона келтириб ўйнашар эди.

bavariya-4

Ўша йили Германия чемпионлиги охирги турнинг охирги дақиқасида, "Гамбург" ва "Бавария"нинг ўзаро учрашувида ҳал бўлган, ўйин вақти яқинлашгани сайин, гамбургликлар чемпионликка тайёрланишар эди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган охирги дақиқада Патрик Андерсон киритган гол, мюнхенликларнинг чемпион бўлиб кетишини таъминлаган эди.

4. "Бавария" 2004-2006

Ютуқлари: 2 марта Германия чемпионлиги, 2 марта Германия Кубоги Мураббий: Феликс Магат Юлдуз футболчилари: Рой Макай, Клаудио Писарро, Михаэль Баллак, Лусио.

bavariya-1

Темир Магат номи билан машҳур бўлган бу мураббий, икки йил қаторасига олтин дублъ қайд этган ягона мураббийдир. У бунга ўзининг ўта қаттиққўллиги, тинимсиз турли оғир машғулотлар ўтказиши (у ҳар сафар машғулотларда шогирдларини 50 маротаба майдон атрофида югуртирар эди) орқали эришган. Унинг шиорлари ҳам ўзига хос эди: "Муваффақиятларга ишонч - оғриқларни унуттиради" ва "Ҳақиқий профессионаллар доим жангга тайёр турмоғи лозим".

bavariya-2

Бу жамоада "Баер" дан сотиб олинган Баллак ва Лусиолар лидерлик қилишарди. Кейинроқ уларнинг ўрнида "Бавария" мактабидан Швайнштайгер ва Филипп Лам етишиб чиқади. Магат ваъда қилган муваффақиятларга ҳам эришилади, лекин, халқаро ареналардаги ўйинларда жамоа аъзоларидаги толиқиш сезилиб қолади. Шу сабабли, жамоа раҳбарияти биринчи сабаб пайдо бўлиши биланоқ, унга кетиш эшикларини кўрсатиб қўйишади.

5. "Бавария" 2012-2013

Ютуқлари: Германия чемпионлиги, Германия Кубоги, ЕЧЛ ғолиблиги Мураббий: Юпп Хайнкесс Юлдуз футболчилари: Арьен Роббен, Томас Мюллер, Бастиан Швайнштайгер, Франк Рибери.

bavariya-7

Юпп Хайнкесс қўли остида жамоа тарихидаги энг юлдузли таркиб йиғилган эди. Бу орзулардаги жамоа, яъни, "дрим-тим" деб ҳам аталган таркиб бўлди. Бу даврда барча рекордлар янгиланди, бу жамоанинг ўйинларини эфирга узатиш ҳар қандай телеканал учун обрў ҳисоблана бошланди. Томошабинлар ҳам бу жамоа ўйини вақтида фақат ўйинни томоша қилиш билан машғул бўлар эдилар.

Мавсумдаги 54 та ўйиннинг 46 тасида ғалаба қозонилди, ва бу ғалабаларнинг аксар қисми жуда йирик ҳисобларда қайд этилар эди. Масалан, "Гамбург" билан 9:2.

bavariya-8

Муддатидан олдин, Бундеслига якунига ҳали 6 та тур борлигида чемпионлик масаласи ҳал қилинди - бу жамоанинг 23 чи чемпионлиги бўлди. Лекин, ҳали мавсумдаги ютуқлар олдинда кутиб турган эди. "Уэмбли" финалида ҳам, Берлиндаги Германия Кубоги финалида ҳам дортмундликлар тор-мор этилгач, бу ютуқлар тўкис бўлди. Шундай қилиб жамоа тарихидаги илк требль нишонланди.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2018 XABARDOR.UZ