“Facebook” ҳақидаги 11 факт

Компания 18-02-2015

XABARDOR.UZ / БИЗНЕС / КОМПАНИЯ. Марк Цукерберг асос солган компания яқинда 11 ёшга тўлди ва ўтган йиллар давомида “Facebook” дунёдаги миллиардлаб инсонлар ҳаётида муҳим ўрин эгаллади. Қуйида ушбу компания ҳақида 11та факт билан танишасиз.

1. Компаниянинг йиллик даромади 8 млрд. долларга яқин

“Facebook” даромадининг асосий қисмини рекламадан топади. Бостондаги “Nanigans” реклама компанияси мижозларининг хоҳишига кўра “Facebook”даги реклама учун йилига 500 млн. доллар сарфлайди.

2. Мобиль қурилмалардаги реклама улуши ошиб бормоқда 

“Facebook” даромадининг деярли тўртдан уч қисми мобиль рекламага тўғри келади — ўтган йилнинг тўртинчи чорагида бу сумма 2,5 млрд. долларни ташкил этди. Фойдаланувчиларнинг деярли 38 фоизи ушбу ижтимоий тармоққа мобиль қурилмалар орқали киришади.

3. Дунёни ўзгартириш бизнес-режанинг бир қисмига киради 

Цукерберг эълон қилган “Facebook”нинг бизнес-режаси ғаройиб. У “Internet.org” лойиҳаси орқали барча инсонларнинг интернетга уланишига ёрдам бермоқчи. 

4. “Facebook” виртуал воқелик сари қадам ташлади 

Виртуал воқелик қурилмаларини ишлаб чиқарувчи “Oculus VR” компаниясини 2 млрд. долларга сотиб олганидан бир йил ўтгач, “Facebook” виртуал воқеликдан фойдаланиш имконини берувчи студияни ташкил этишини эълон қилди. 

5. Компания ўйлаб чиқарилган “янгиликлар”га қарши курашмоқчи 

“Facebook” фойдаланувчилари бошқалар билан баҳам кўрадига айрим янгиликлар жуда юқори сифатли ва аниқ далиллар асосида бўлса, айримлари шунчаки тўқимадан иборат бўлади. Ўтган ойда “Facebook” раҳбарияти сохта хабарларни аниқловчи фильтрация усули устида янада қаттиқроқ ишлашини эълон қилди.

6. “Facebook” йўқолган болаларни излашга ёрдам бермоқчи 

Компаниянинг январь ойидаги хабарида айтилишича, тармоқ йўқолиб қолган болалар ҳақидаги хабарларни эълон қилиш билан ҳам шуғулланади. Бу лойиҳани амалга ошириш учун “Facebook” йўқолиб қолган ва эксплуатация қилинаётган болалар ишлари бўйича миллий марказ билан ҳамкорлик келишувини тузди.

7. “Facebook” “Google” билан рақобатга киришмоқчи

Декабрда ижтимоий тармоқ раҳбарияти фойдаланувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида ўз ички қидирув функциясини ишлаб чиқмоқчи эканлигини эълон қилди. Бу эса қидирув тизими соҳасида етакчи бўлган “Google” билан кураш бошланаётганлигини билдиради. 

8. Тармоқ “Google”га тегишли “YouTube”га ҳам рақобатчи бўлмоқда 

“Facebook” эртами-кечми энг оммабоп видео алмашиш майдонига ҳам айланиши мумкин. “Socialbakers” агентлиги айнан мана шундай фикрда. Ўтган йилнинг ноябрида “Facebook”га жойлаштирилган видеолавҳалар сони “YouTube” жойлаштирилган видеолар сонидан ошиб кетди. 

9. “Facebook” иш вақтида ҳам одамларга ёрдам бермоқчи 

Январь ойида компания иш вақтида фойдаланиш учун мўлжалланган “Facebook at Work” лойиҳасини ишга туширди. У электрон почта ўрнини босиши ва иш жараёнини яхшилаши тахмин қилинмоқда.

10. “WhatsApp”нинг сотиб олиниши зарар келтирди 

“Facebook” 21,8 млрд. долларга “WhatsApp” сервисини сотиб олди, лекин ўшандан буён у компанияга фақат зарар келтирди. 2014 йилнинг биринчи ярмида “WhatsApp”нинг даромади 16 млн. долларни ташкил этган бўлса-да, у акцияларнинг бозордаги ҳолати билан боғлиқ равишда 232 млн. доллар харажат қилинишига сабаб бўлди. Айни пайтда ушбу сервис хизматидан фойдаланувчилар сони 700 млн. кишига етган.

11. “Facebook”нинг шубҳали тадқиқоти шов-шувга сабаб бўлди

Ўтган йили “Facebook” бундан икки йил илгари фойдаланувчилар устидан ўтказган тадқиқоти учун узр сўради. Ўшанда компания тармоқ фойдаланувчиларининг хабарларидан ўз тадқиқоти мақсадларида фойдаланганди. Бу ҳақда жамоатчиликка маълум бўлгач, катта шов-шув кўтарилди. Охир-оқибат компаниянинг бош техник директори Майк Шрепфер жамоатчиликдан узр сўради.

Қизиқарли рукнларимизга ташриф буюринг:  Карьера / Оммабоп / Пазанда / Маслаҳат /Миллиардерлар



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ