Фарзандингизга асло бундай дея кўрманг!

Оила 6-09-2016

Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг соғлом ва бахтли бўлишини истайди. Шунга қарамай, баъзан ўзимиз билиб-билмай бунга қарши иш қиламиз. Қуйида эътиборингизга фарзандингизнинг ҳаётига, келажагига таъсир қилиши мумкин бўлган гапларни ҳавола этамиз. 

Шундай гаплар борки, уларни фарзандингизга қанча гапирсангиз ҳам арзийди - булар қўллаб-қувватловчи, мақтовчи, ҳамдардлик билдирувчи сўзлардир. Бундан ташқари яна шундай гаплар, иборалар борки, уларни асло тилга ола кўрманг.


"Аҳмоқона гапларни гапирма!"

Нима учун бундай дейиш мумкин эмас? Болалар катталардан фарқли ўлароқ, ҳеч қачон бекорчи гапларни гапиришмайди. Сизга ҳар қанча кулгили ёки бемаъни туйилмасин, фарзандингиз сизга айтгиси келган ҳар бир сўз у учун муҳим аҳамиятга эга. Уни инкор этиб, боланинг сўзлари сиз учун аҳамиятсиз эканлигини билдирган бўласиз. Кейин фарзандингиз сиздан кўп нарсани сир тутадиган бўлиб қолса, ажабланманг. Қандай гап гапирмасин, унинг ютуқлари учун хурсанд бўлинг, сўзларини диққат билан тингланг. Агар у бирор бир муаммо билан келган бўлса, уни ҳал қилишга уриниб кўринг. 



"Мана ол-да, нари кет!"

Нима учун бундай дейиш мумкин эмас? Боланинг талабига жавоб беришнинг энг ёмон усули. Унга миннат  қилаётганингиз етмагандек, ундан кетишни талаб қиляпсиз. Болалар ўз истагига эришиш йўлида бу усулдан фойдаланишга тез кўникишади. Ота-оналар эса кейин "қачон шунчалик узоқлашишга улгурдик?", деб ажабланишади. "Нари кет" сўзини қўлламасликка ҳаракат қилинг, зеро бу сиз ва фарзандингиз ўртасидаги масофани узоқлаштиради. 


"Бошқалар уддасидан чиқади, сен эса йўқ".

 

Нима учун бундай дейиш мумкин эмас? Болани бошқалардан ёмон эканлигига ишонтириб, сиз фарзандингизда ўзига бўлган ишончсизлик ҳиссини шакллантирасиз. Баъзи ота-оналар шу йўл билан болани тўғри йўлга солишга уринишади, бироқ бундай усул ҳаттоки катталарда ҳам ижобий натижа бермайди. Зигмунд Фрейднинг шундай сўзлари бор: "Ўзингизни таққослашингиз мумкин бўлган ягона шахс - бу ўтмишдаги ўзингиз". Ана шу сўзларга асосланиб, болани тарбия қилсангиз, у ўзига ишонган шахс бўлиб вояга етади. 


"Кўзимга кўринма".

Нима учун бундай дейиш мумкин эмас? Бундай сўзлар болага на унинг ўзи ва на муаммолари ота-онасига кераксиз эканлигини билдиради. Баъзан ота-оналар шу йўл билан можаронинг олдини олишга ҳаракат қилишади, аммо муаммодан қочиш билан уни ҳал қилиб бўлмайди. Фарзандларингизнинг сўзларини эшитинг, уларга ёрдам беринг. Зиддиятли вазиятларда эса бошқача усулларни қўлланг. 


"Сен эплай олмайсан, яхшиси менга бер".

 

Нима учун бундай дейиш мумкин эмас? Боланинг уриниб кўриш ҳаракатига чек қўйиб, келажакда уни ёрдамга муҳтож ва омадсиз қилиб қўясиз. Психологияда буни "ўргатилган иложсизлик" дейилади, яъни инсон бирор нарсани қила олмаслигига олдиндан ўзини ишонтиради. Шундай экан, фарзандингиз қийинроқ ишга киришганини кўрсангиз, яхшиси унга "Кел, сенга ёрдамлашиб юбораман", деб айтинг ёки у сизга бирор ишда кўмак берсин. 

 

*Беодоб сўзлар* (сўкиниш)

Нима учун мумкин эмас? Ота-онанинг фарзанди олдида сўкиниши керак эмаслигини барчамиз яхши биламиз, бу борада маъруза ўқишга ҳожат бўлмаса керак. Бундай сўзларни нутқингиздан умуман олиб ташланг.


"Сен ёмонсан!" ёки "Қулоқсизсан"

Нима учун бундай дейиш мумкин эмас? Болалар ота-оналарининг фикрларини жуда қадрлашади. Бундай сўзларни айтар экансиз, фарзандингиз уларга амал қилишини ёддан чиқарманг. Бу боланинг ўзига бўлган ишончини йўқотади ва келажакдаги муаммолардан дарак беради. "Сен ёмонсан" ёки "Қулоқсизсан" дейиш ўрнига "Сен тўғри иш қилмадинг", "Бу нотўғри қарор", деб айтинг. Болага эмас, унинг ҳаракатларига баҳо бериб, сиз унинг яхши томонга ўзгаришига туртки берган бўласиз.


"Сени яхши кўрмайман"

Нима учун бундай дейиш мумкин эмас? Ота-онанинг севгисида шарт қўйиш ноўрин. Ундан маҳрум бўлиш хавфи ҳаётдан маҳрум бўлишга тенг. Фарзандингизни яхши кўрасиз-ку, ахир! Унда нима учун болага ёлғон гапирасиз? Бундай гапларни айтаверсангиз, боланинг кўнглига совуқчилик соласиз. 


"Сени ташлаб кетаман"

Нима учун бундай дейиш мумкин эмас? Ота-она - фарзанди учун энг муҳим инсон. Унинг ҳаёти ота-онага боғлиқ, бола онасиз яшашни тасаввурига ҳам сиғдира олмайди. Шу боис баъзан бу усул сизга иш бераётгандек туюлади... Ҳар қандай асоссиз таҳдидлар такрорланаверса, бола уларни қабул қилмай қўяди, лекин асабини ишдан чиқаришга улгурасиз. Асло бундай қила кўрманг! Фарзандингиз билан қўрқув ва жазога асосланган муносабат ўрнатманг. Бунинг уддасидан чиқиш осон эмас, албатта, бироқ натижа буни оқлайди. 

Кўриб турганингиздек, ота-онанинг фарзандига бўлган муносабати, уларнинг гапираётган гаплари катта аҳамиятга эга. Шу боис ҳар бир сўзингизга эътиборли бўлинг. Ота-онанинг хатти-ҳаракати эса ундан-да муҳим. Ёмон сўзлардан сақланиш билан бирга нотўғри амаллардан ҳам сақланинг, зеро фарзандингиз сизни кузатиб турибди, у келажакда сизнинг ҳаракатларингизни ёки гап-сўзларингизни такрорламаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. "Қуш уясида кўрганини қилади" мақолини доим ёдда тутинг.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2018 XABARDOR.UZ