Ҳафта трансферлари: Ҳигуаин учун 90 млн евро, Пато Испанияда, Гамейронинг «Атлетико»га ўтиши ва «Рубин»дан навбатдаги харид

Футбол 2-08-2016

«Трибуна» сайти ўтган ҳафтада амалга оширилган жиддий трансферлар ўнлигини тузиб чиқди.

10. Жулиано
«Гремио»дан «Зенит»га, 7 млн евро

«Зенит» Россия чемпионатининг яна бир бразилиялик иқтидор билан бойитди. 26 ёшли Жулиано Шарқий Европада ўйнаш тажрибасига эга – у ўз вақтида Украинанинг «Днепр» жамоасида ёрқин ўйинлар намойиш этган, аммо оилавий сабаблар туфайли ватанига қайтганди. Жулиано «Зенит»да Халкнинг ўрнини эгаллаши ҳақида айтишмоқда. У ўз ватандошининг ўйин услубига яқин ўйин кўрсатади. Қолаверса, унга питерликлар жамоасида Халкдан кейин бўш қолган 7 рақамини беришди

9. Виссам бен Йеддер
«Тулуза»дан «Севилья»га, 9 млн евро

«Севилья»даги французлар сони Гамейро кетганидан кейин ҳам ўзгармайди. Андалузияликлар Гамейрога ўринбосар сифатида«Тулуза»дан Виссам бен Йеддерни сотиб олди. 25 ёшли бу футболчи Франция чемпионатида 2010 йилдан буён қатнашади ва у шу вақтгача 174 ўйинда 71 марта гол урган.

8. Жонатас
«Реала Сосьедад»дан «Рубин»га, 7 млн евро

«Рубин» харид қилишда давом этади. Қозонликларнинг испаниялик мураббийи Хави Грасия Санчес, Саму, Рочина ва Сонг ортидан Испания чемпионати вакили бўлган яна бир футболчини Россияга олиб ўтди. 27 ёшли Жонатас ўтган мавсумда «Реал Сосьедад» сафида 27 учрашув ўтказиб, 7та гол урган ва 2 марта шерикларини голли пас билан таъминлаган.

7. Адриано
«Барселона»дан «Бешиктош»га, 600 минг евро

Бир қатор футболчилар харид қилган «Барселона» кераксиз футболчилардан халос бўлишни бошлади. Биринчи навбатда бразилиялик универсал футболчи Адриано жамоани тарк этди. У барселоналиклар сафида ҳеч қачон асосий таркиб футболчиси бўла олмади ва турли даврларда турли амплуаларда синаб кўрилди. Луис Энрике янги мавсум учун Адрианога жой ажратмагани маълум бўлгач, уни арзимаган пул эвазига Туркияга сотдилар.

6. Чиро Иммобиле
«Севилья»дан «Лацио»га, 8,5 млн евро

Хорхе Сампаоли клубнинг ҳужум чизиғини бутунлай янгилашга қарор қилган. Бен Йеддер ва Вьетто келгач, италиялик тажрибали футболчи Чиро Иммобилега жой қолмади. Амалиётдан маълумки, Иммобиле ўз футболини фақат Апеннин ярим оролида кўрсата олган, шунинг учун «Севилья» кўп савдолашмасдан уни «Лацио»га 8,5 млн евро эвазига сотди.

5. Алешандре Пато
«Коринтианс»дан «Вильярреал»га, 3 млн евро

Адрианодан фарқли равишда, Алешандре Пато ўз авлодининг энг умидли футболчиларидан бири эди. 18 ёшида у «Сан Сиро»да «Милан» футболкасида барчани лол қолдиришни бошлаганди, энди эса унинг салоҳияти «Вильярреал»да ўйнаш учун етарли бўлмоқда… 3 млн евро эвазига.
Бу рақам Алешандренинг ҳозирги спорт формасини ифодалайди.

4. Жо Аллен
«Ливерпуль»дан «Сток Сити»га, 15,5 млн евро

Бу ҳафтада АПЛ жамоалари суст ҳаракат қилишди. Нисбатан энг катта харидни «Сток Сити» амалга оширди, жамоа «Ливерпуль»дан Жо Алленни сотиб олди. Уэльс термаси билан Европа чемпионатидаги ёрқин ўйинларга қарамасдан Юрген Клопп  Алленга янги мавсум учун жой ажратмади. Мерсисайдликлар унинг учун 15,5 млн евро ишлади, «қарғалар» ўз таркибини лиганинг энг аниқ паслар берувчи футболчиларидан бири билан тўлдирди.

3. Александр Лобанов
«Персеполис»дан, «Пахтакор»га, ?

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий дарвозабони Александр Лобанов Эрондаги сафарини якунлади. У Олий лиганинг иккинчи мавсумида «Пахтакор» дарвозасини қўриқлашни бошлайди

2. Кевин Гамейро
«Севилья»дан «Атлетико»га, 32 млн евро

Гамейронинг тўпурарлик хусусиятлари Франция терма жамоаси бош мураббийи Дидье Дешамнинг назаридан четда қолганди. Лекин трансферлар бозорида уни қадрлашди: Диего Симеоне шахсан ўзи Кевиннинг трансфери бўйича ишлади. Натижада  футболчи 32 млн евро эвазига Мадридда. «Севилья» яна 5 млн еврони турли бонуслар кўринишида олиши мумкин. Бундан ташқари, «Атлетико» андалузияликлар жамоасига ижарага берилган Лусиано Вьеттонинг маошини тўлаб беради.

1. Гонсало Ҳигуаин
«Наполи»дан «Ювентус»га, 90 млн евро

Ҳафтанинг асосий трансфери Италияда амалга оширилди. «Ювентус» Ҳигуаин учун 90 млн евро тўлашга жазм этди. «Наполи» бюджетини тўлдириб олди, аммо мухлислар ўз кумирларини у асосий рақобатчи сафига ўтгани учун кечиришмаяпти, уларнинг ғазабидан жамоа раҳбарияти ҳам бенасиб қолмаяпти. Гонсалонинг ўзи Неаполни жамоа президенти Аурелио Де Лаурентисга ортиқ тоқат қила олмагани учун тарк этгани ҳақида айтди. Бу трансфер орқали «Ювентус» футбол тарихидаги энг қимматбаҳо 3 трансфердан бирини амалга оширди.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ