Ҳиндистоннинг энг бадавлат кишиси миллиардларини қандай ишлаб топди?

Миллиардерлар 1-06-2018

Талаб бўлган жойда доим таклиф ҳам бўлади. Мобил алоқа бизнесини Жанубий Осиё аҳолисининг энг ночор қатламлари ҳам фойдаланадиган қилиб йўлга қўйиш мумкинми? Тажриба бунинг мумкин эканини кўрсатмоқда. Forbes Ҳиндистоннинг энг бадавлат кишиси қандай қилиб мобил алоқа бизнесини йўлга қўйгани ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.

Ўтган йил охирида Ҳиндистоннинг энг қиммат компанияси ҳисобланган Reliance Industries'нинг 50 минг ходими ва дўстлари қирқинчи Оила йилини нишонлаш учун Мумбайдаги 40 км'ли стадионда йиғилди. Яна 200 минг киши шоуни томоша қилиш учун видеоалоқа орқали уланди. Шоуда Ҳиндистон киноси мегаюлдузлари Амитабх Баччан ва Шоҳрух Хон, қўшиқчи Сону Нигамлар иштирок этишди. Корпоратив ранг-баранг мушаклар ва банкет билан якунланди. Бироқ байрамнинг ҳақиқий юлдузи Reliance компанияси директорлар кенгаши раиси ва энг йирик акциядори Мукеш Амбани бўлди (Forbes рейтингида 40,1 млрд доллар билан 19-ўринда жойлашган).

"Reliance дунёнинг етакчи 20 компанияси қаторига қўшила оладими?", - дея қичқирди у оммага қараб, улар чироқларини кўтарганча, аренани "чироқлар тўлқини"га айлантириб, "Ҳа, қўшила олади!", дея жавоб беришди.

Амбанининг ўз олдига қўйган мақсадлари катта, у шу кунгача жуда кўп нарсаларга эришди. Reliance — дунёнинг энг йирик компаниялари орасида ҳозирча 106-ўринни эгаллайди, ўтган йили компания даромади 4,6 миллиард долларни ташкил қилган, сотувлар ҳажми эса - 50,9 миллиард доллар. У нефть-газ секторининг асосий ўйинчиси, дунёнинг энг йирик нефтни қайта ишловчи заводлари унга тегишли. Бироқ у шунингдек соғлиқни сақлаш, тўқимачилик саноати ва телекоммуникация соҳаларида ҳам ўз бўлимларига эга Ҳиндистоннинг энг йирик ретейлери. Унинг Network18 шўъба корхонаси CNBC, CNN, MTV ва Nickelodeon (телевидение), Paramount Pictures (кино) ва Forbes (матбуот) каби Ғарб брендлари билан ҳамкорлик қилади.

Шундай бўлса-да, ҳозирги кунда Амбанини Jio'га киритилган 33 миллиард долларлик инвестиция кўпроқ қизиқтирмоқда. Jio - бир ярим йил ичида 160 миллион мижозни жалб қила олган кенг полосали 4G-интернетни тақдим этувчи сервис. Jio мижозларининг ярмидан кўпи илк ярим йилда, яъни Reliance сотувларни рағбатлантириш мақсадида сервисдан бепул фойдаланишни таклиф қилганида сервисга қўшилган. Улар сервисда қолишди, чунки Jio мамлакат ичидаги қўнғироқлар учун пул олмасликка ваъда берди ва маълумотларни етказиш учун ўта паст тарифларни таклиф қилди. Мижозлар базасининг шиддат билан ўсиши акцияларнинг 2017 йилда 70 фоизга қимматлашишига олиб келди ва Амбанининг молиявий ҳолатига 16,9 миллиард доллар қўшди. Таҳлилчилар "Jio эффекти" ҳақида сўзлай бошлашди.

 Мукеш Амбани
Фото: Reuters /Amit Dave 

Бироқ Амбани учун Jio шунчаки унинг молиявий ҳолатидаги рақамлар эмас. "Маълумотлар - бу янги нефть" афоризми айнан унга тегишли. У шу компания Ҳиндистонда қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш каби соҳалардаги мураккаб муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берадиган ахборот инқилобини бошқаришига ишонади.

Мукеш Амбани Ҳиндистондан ташқарида кўпроқ дунёдаги энг қиммат хусусий уй - Мумбай жанубидаги 27 қаватли (шифтларнинг баландлиги туфайли бино 60 қаватдек кўринади) осмонўпар бино эгаси сифатида машҳур. Уй 1 миллиард долларга баҳоланади. Амбани у ерда турмуш ўртоғи Нита (Халқаро Олимпия қўмитаси аъзоси ва Ҳиндистондаги энг йирик футбол лигаларидан бирининг раиси) билан бирга спорт, мода ва шоу-бизнес юлдузлари учун қабуллар ташкил қилади. Мукеш Амбани уйи ҳақидаги саволларга "Менинг баъзиларга ўхшаб бутун дунё бўйлаб 30-40 та уйим эмас, атиги бир уйим бор", дея жавоб беради.

Амбани Ҳиндистонда шунингдек укаси Анил (58 ёш) билан ўртасидаги 10 йиллик адоват туфайли ҳам танилган — ўтган йили Reliance оиласи куни шарафига уюштирилган байрамга уни таклиф қилишмади.

Уларнинг отаси Дхирубхай Амбани мактаб ўқитувчисининг ночор оиласида дунёга келган ва Гандининг ватани - Порбандара яқинидаги узоқ қишлоқда вояга етган. Дхирубхай мактабдаги ўқишини эрта ташлаб, оиласига ёрдам беришга киришган. Етти йил давомида Ямандаги ёқилғи қуйиш шохобчасида ишлаган (ўша ерда 1957 йилда Мукеш туғилган), Ҳиндистонга қайтгач, укалари билан бирга Мумбайдаги 50 кв метрли кичик офисда зираворлар билан савдо қилувчи бизнесни йўлга қўйган. Кейинроқ, 1960-йилларда ака-укалар ипга қизиқиб қолишди ва янги ажойиб мато - полиэстерни импорт қила бошлашди.

1966 йилга келиб "Полиэстер шаҳзодаси" Гужарат штатида синтетик матоларни ишлаб чиқарувчи биринчи фабрикани қурдирди. У коррупцияга қарши бюрократик тўсиқларни муваффақиятли енгиб ўтди, бироқ 1977 йилда Ҳиндистоннинг миллийлаштирилган банклари унинг компанияси кенгайишини молиялаштиришни рад этишди ва Reliance'ни биржага олиб чиқди. Акциялар Ҳиндистоннинг ўрта қатлами орасида жойлаштирилди ва талаб таклифдан анча ошиб кетди. Асосан кичик шаҳарларда яшовчи, таваккал қилган ўша 58 минг ҳиндистонлик ўз танловидан афсусланмади. Кейинги йилларда акциялар сезиларли даражада ўсди, Дхирубхайлар оиласининг молиявий ҳолати эса нефть-кимё соҳасини ўзлаштириш баробарида ошиб бораверди ва охир-оқибат 6,6 миллиард долларга етди.

"Отам Ҳиндистон глобал бозор иштирокчиси бўлиши мумкинлигини олдиндан кўра билган ва доим унинг миқёсини кенгайтириш ҳақида ўйлаган. Бу Reliance ДНКсига кирган", - дейди Амбани. У компания 36 йилдан буён эгаллаб келаётган марказий офисда Forbes журналисти билан учрашди.

1986 йилда Дхирубхай инсультни бошдан кечирганида Мукеш ва Анилнинг зиммасига катта масъулият тушди. Ака-укалар ўзаро жуда яқин бўлишган. Улар куни бўйи елкама-елка туриб ишлашган, уларнинг турмуш ўртоқлари ва фарзандлари эса оилага тегишли 14 қаватли бинонинг турли қаватларида яшашган. 2002 йилда Дхирубай иккинчи инсульт натижасида ҳаётдан кўз юмганида Reliance Ҳиндистондаги энг йирик ва эҳтимол, энг нуфузли компанияга айланди.

Дхирубхай ўлими олдидан аҳолининг кенг қатлами учун арзон мобил сервисини яратишни режалаштириб юрганди. Уяли телефонлар бойларнинг ўйинчоғи бўлган бир вақтда мобил алоқа тарифлари юқори бўлган. Отасининг орзусидан илҳомланган ўғиллар мобил коммуникациялар билан шуғуллана бошлашди.  "Баъзилар таваккал қилишга кўпроқ мойил бўлишади, - дейди Мукеш. - Таваккалсиз яшаш зерикарли".

2002 йилда Reliance дисконт телекоммуникацион сервисни ишга туширди ва мобил алоқага тарифлар нархини дақиқасига 32 центдан 2 центгача пасайтиришга эришиб, бозорни "силкитди". Муваффақиятнинг акс таъсири — ака-укалар компания устидан назоратни қўлга киритиш учун кураша бошлашди. Амбанига яқин манбага кўра, рақобат отанинг ўлимидан анча олдин бошланган. Кўпчилик 2002 йилда телеком-сервисни ишга тушириш маросимида Анилнинг йўқлигини сезди, бу оиладаги келишмовчиликларга биринчи ишора эди. Анилнинг вакили вазиятга изоҳ беришдан бош тортган.

Дхирубхай васият қилишга улгурмай ҳаётдан кўз юмди, бироқ оила тартиб-қоидаларига кўра, Reliance директорлар кенгашини ким бошқарса, тўлиқ назорат ўша инсонда бўлади деб ҳисобланган (ҳар ҳолда Мукеш шундай ҳисоблайди). Раис ўринбосари бўлган Анил бунга рози бўлмаган, у каттароқ таъсир доирасига эга бўлишни истаган. Мукеш эса у йирик завод ва фабрикаларни ишга тушириш ишлари билан шуғулланган, деб ҳисоблаган. Бундан ташқари, у кўпроқ отаси билан яқин бўлгани ҳақида айтишади. Анил Болливуднинг янги актрисаларидан бирига уйланишга қарор қилганида отаси у билан хафалашиб қолган, отаси у қизни ўғлига муносиб деб билмаган, Мукешнинг турмуш ўртоғини эса отаси танлаб берган. Анил акасига нисбатан муомалага устароқ бўлган, у компаниянинг молиявий ишлари билан шуғулланган ва банкирлар, сармоячилар ҳамда журналистлар олдида Reliance номидан иштирок этган. Шу билан бирга, у онасига яқинроқ бўлган.

Ака-уканинг аёллари ўзаро чиқишмаслиги вазиятни янада кескинлаштирди, бироқ охир-оқибат уларнинг онаси Кокилабин ўғилларини яраштиришга муваффақ бўлди, 2005 йилда оиланинг молиявий воситалари тақсимланди. Мукеш оила бизнесининг катта қисмига - асосий нефть-газ бизнеси Reliance Industries'га эга бўлди. Анил эса нисбатан янги бўлимлар - телеком, молиявий хизматлар ва электр энергия ишлаб чиқаришга доир бўлимларни қўлга киритди.

Тақсимлов ака-укаларнинг молиявий ҳолатини сезиларли даражада оширди. 2008 йилда уларнинг биргаликдаги бойлиги мисли кўрилмаган даражага етди - 85 миллиард доллар. Мукеш 43 миллиард доллар билан дунёнинг бешинчи энг бадавлат кишисига айланди, Анил эса 42 миллиард доллар билан олтинчи ўринни банд қилди.

Молиявий инқироз оилавий можарога таъсир кўрсатди. Ака-укаларнинг ярашуви фақат қоғозларда бўлгани аён бўлди. 2008 йилда Анил ўз телекоммуникацион компаниясини Жанубий Африканинг MTN компанияси билан бирлаштирмоқчи бўлганида Мукеш тинчлик келишувига асосланиб, битимга тўсқинлик қилди. 2009 йилда Анилнинг компанияси акциялари нархи тушиб, унинг молиявий ҳолатини 32 миллиард долларга камайтирди. Юридик ҳисоб-китоблардан бир йил ўтиб, ака-укалар рақобат қилмаслик ҳақидаги келишувни бузишди.

Кутилмаганда Мукеш телекомга қайтиш имконига эга бўлди.

"Антилия" - дунёнинг энг қимматбаҳо турар-жойи - Мумбайда кўплаб баҳсларга сабаб бўлди

У ҳаммасини бошидан бошлади: 2010 йилда махфий равишда фақат кенг полосали интернет тақдим этишга изн берувчи лицензияга эга кичик компанияни сотиб олди. Бироқ Амбани “товуш” – маълумот турларидан бири экани ва эртами кечми қоидалар ўзгаришини яхши биларди. 2013 йилда бу рўй берганида Мукеш бунга тайёр эди.

У бу бизнесни шиддат билан кенгайтира бошлади ва умуммиллий тармоқни тезроқ яратиш учун Reliance’нинг қурилиш, қонунчиликни тартибга келтириш ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича экспертларини жалб қилди. У ҳамёнбоп 4G-телефонларни ишлаб чиқишда электроника гигантлари Qualcomm ва Spreadtrum билан ҳамкорлик қилди ва уларни 22 долларлик қайтарилувчи кафолатли депозит эвазига сотди. Бугунга келиб Reliance лойиҳага умумий миқдорда 33 миллиард доллар сарф қилди ва ўз инвестицияларини қарз (7 млрд доллар), акциядорлик капитали (17 млрд доллар) ҳамда муддатсиз тўловлар ва етказиб берилувчи кредитлар (9 млрд доллар) ҳисобига молиялаштирди.

Jio сервиси жуда арзон, тез ва (Ҳиндистоннинг майдонини инобатга олганда) энг асосийси, мамлакатнинг 95 фоиз ҳудудида ишлайдиган сервис бўлган. У қадар фаол бўлмаган ўйинчилар бозорда аранг жон сақлашарди. Telenor ва Tata Group ўзларининг симсиз интернет тақдим этувчи бўлимларини телекоммуникация магнати Сунил Митталнинг Bharti Airtel компаниясига сотишди. Миллиардер Кумар Бирлега қарашли собиқ рақиблар Vodafone India ва Idea Cellular ҳужумга қарши туриш учун бирлашишга рози бўлишди. Мукеш укасини “ерга уриш” учун Анилнинг телекоммуникацион бизнеси “қолдиқлари”ни 3 миллиарддан ортиқроққа сотиб олди. Қачонлардир у 43 миллиард долларга баҳоланган эди. “Бу бор йўғи бизнес қарор эди, - дейди Мукеш. – Бу бизни қониқтиради ва биз бу вазиятдан максимум фойдаланишга ҳаракат қиламиз”.

Jio туфайли Ҳиндистон мобил трафиги бир йил аввалги 1 миллиард Гбайтдан 28 миллиардгача кўтарилди. Маълумотлар истеъмоли ҳажми бўйича ҳозир Ҳиндистон Хитой ва АҚШни ортда қолдирмоқда. Биргина Jio’нинг ўзига Sprint, Verizon ва AT&T’ни биргаликда олганда ҳам кўпроқ мобил трафиги тўғри келмоқда.

  Мукеш Амбанининг аёли Нита Амбани

Амбанининг режалари улкан: бу маълумотларнинг бари унинг мамлакатини қайта қуришга ва қашшоқликдан чиқаришга ёрдам бериши керак. У мисол тариқасида паст самарадорлик ва ёмон сифатдан жабр кўраётган Ҳиндистон қишлоқ хўжалигини келтирди. “Мен самарасизликни имконият сифатида қабул қиламан”, - дейди Амбани. Jio аксарияти кичик участкаларга эга 120 млн ҳинд фермери учун экиш, ҳосил йиғиш, бозор нархларидан хабардор бўлиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаси экспертларига чиқиш имконини қўлга киритиш учун ягона платформа ишлаб чиқди.

Амбани Jio ҳинд таълим тизимини ислоҳ қилишда муҳим роль ўйнаши керак, деб ҳисоблайди. У провайдер бир йил давомида Ҳиндистон коллежларида таълим олувчи 35 миллион талабага интернетга кириш имконини тақдим этишига умид қилмоқда. Шу билан бирга, у мамлакатнинг энг чекка бурчакларига, ҳар бир қишлоққа ҳам интернет етказишни ният қилган.

Jio даромад олиш усулини топмаса, буларнинг бари орзулигича қолади, албатта. Ҳисобчиларнинг баъзи найранглари орқасидан компания 2017 йилнинг охирги чорагида кичик даромадни қайд қилишнинг уддасидан чиқди (1,1 миллиард киримдан 78 миллион доллар). Шундай бўлса-да, Jio’нинг асосий устуворлиги —нархларнинг арзонлигида — бу молиявий жиҳатдан унга қарши ишлайди.

Компания ишлари юришиши учун Jio кўплаб янги абонентларни жалб қилиши, кейин эса уларни Jio Cinema (6000 фильм) ва Jio Music (16 млн қўшиқ) каби иловалар орқали катта трафик истеъмолига ўргатиш керак. Улар “қармоқ”қа илинганидан кейин Jio кўп мижозларини йўқотмаган ҳолатда нархларни оширишига тўғри келади. Ҳозирги тарифлар норационалдир.

Афтидан, Амбанини масаланинг иқтисодий томони у қадар ташвишга солаётгани йўқ, у узоқ вақтга инвестиция қилмоқчи. У ўзининг уч нафар фарзандини бизнесни бошқаришга ўргатмоқда. “Ҳозир менга ҳамма ишни назорат қилиш ва унга аралашмаслик хуш келмоқда”, - дейди у директорлар кенгаши йиғилишларида иштирок этаётгани, бироқ оператив бошқарув билан шуғулланмаётганини назарда тутиб. Режада  — IPO Jio, бироқ ҳозирча Мукеш Амбани миллионлаб оддий ҳиндистонликларга юқори тезликдаги интернетни тақдим этган ва улар учун янги имкониятлар эшигини очган инсон сифатида машҳурлик чўққисида.

“Бу пойга, - дейди у, - унда Ҳиндистон бутун дунё билан тенгма-тенг иштирок этмоқда”.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2018 XABARDOR.UZ