Ҳисоблашни ёқтирмайдиганлар учун маблағларини назорат қилиш учун 5 усул

Оммабоп 13-11-2018

Бундай кишиларга соддалаштириш, автоматлаштириш каби ёндашувлар молиявий маблағларни бошқаришда қўл келади.

Сонлар, ҳисоб-китоб билан боғлиқ барча нарсалар гуманитар йўналиш вакилларига ёқмайди. Бироқ бутун умр шу тарзда давом этолмайди. Гуманитар йўналиш вакиллари ҳам кун келиб “улғайишади” ва пулни ҳисоблаш кераклигини англай бошлашади. Акс ҳолда, ғояларнинг пайдо бўлиши ва ижодкорлик ўрнига мия тежаш ёки қарз олишни ўйлаш билан банд бўлади.

Шахсий маблағни назорат қилиш одати – бюджетни режалаштириш, кирим ва чиқимларни ҳисоблашни шакллантириш мушкул. Дастлаб бу машғулот билан шуғулланиш имконини берадиган шахсий қарашларни енгиш зарур. Кейин эса кўп вақт олмайдиган ва асабга тегмайдиган усулни топиш лозим.

Агар сиз ҳам гуманитар соҳа вакили бўлсангиз, балки қуйидаги маслаҳатлар орасидан ўзингиз учун қулай бўлган бирортасини топарсиз.

Фото: Pixabay

1-усул. Тақсимланг

Агар шахсий маблағларни назорат қилишга қарор қилган бўлсангиз-у, бироқ бу машғулот сизга тўғри келмаса, вазифани тақсимланг. Албатта буни исталган кишига ишониб топшириш ярамайди. Бу усул оилали кишиларга мос келади.

Масалан, Алишер – ҳуқуқшунос. У гуманитар йўналиш вакили, ҳисоблашни ёқтирмайди. Унинг турмуш ўртоғи Саодат эса – ҳисобчи. Шунинг учун айнан у оиланинг молиявий маблағлари учун масъул. Алишер ҳар куни кечки пайт ўзининг харажатлари ва тушумлари ҳақида гапириб беради.

Ижобий жиҳати:

Ёқтирмаган ишни бажаришга ўзингизни мажбурламайсиз.

Оила бюджетини режалаштириш ва юритиш осонлашади. Чунки оиланинг барча аъзолари бу ишда иштирок этишади.

Салбий жиҳати:

Ҳар бир оиланинг ўзига хос ҳисоб-китоб юритиш усули бор.

Сиз харажатлар тўғрисидаги маълумотларни берасиз, бироқ ўзингизда маблағни назорат қилиш одатини шакллантирмайсиз.

2-усул. Тажриба ўтказинг

Ўз-ўзига савол бериб, гипотезани илгари сурадиган, кейин эса тажриба ўтказадиганлар учун мос келади.

Тажриба – гуманитар соҳа вакилларига мос келадиган усул.

Тажрибанинг асосий саволи: “Бир ой давомида кунлик харажатлар ёзиб борилса нима бўлади?”

Бир ой давомида чидай олишингизга шубҳаланяпсизми? Бир ҳафтадан бошланг. Етти кун давомида ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзгаришларни сезасиз. Дастлаб улар онг даражасида содир бўлади, кейин эса моддий даражада сезила бошлайди.

Тажрибанинг яхши томони шундаки, агар натижалар сизни қувонтирса, уни давом эттириш мумкин. Агар фойда бермаса, тугатиб қўя қоласиз.

Ижобий жиҳати:

Тажриба илк қадамни қўйиш имконини беради, ҳаракат қилишга рағбат уйғотади.

Пулингиз қанча экани, уни нималарга сарф қилишингизни билиш керак ёки зарур эмаслиги борасида шахсий хулосалар чиқарасиз.

Салбий жиҳати:

Ҳар қандай тажрибада бўлгани каби натижа салбий бўлиши мумкин.

Аслида нима содир бўлаётганини баҳолаш учун вақт сарфлашга тўғри келади.

Фото: Pixabay

3-усул. Соддалаштиринг

Агар ҳар куни 100-500 та категориядаги харажатларни киритишга тўғри келса, буни ҳеч ким уддалай олмаслиги аниқ. Бу ишни эндигина бошлаётганларнинг биринчи хатоси – ҳар бир харид учун муайян категорияни ўйлаб топиш.

Овқатланиш, коммунал тўловлар, хўжалик харажатлари, транспорт, тиббиёт, таълим ва кийим-кечакка қанча харажат сарф бўлаётганини билишнинг ўзи етарли.

Ҳисоб-китобни юритиш тизими қанчалик содда бўлса, у тезда одатий тус олади. Назорат қилиш учун майда-чуйдалар ҳақида ҳам бош қотириш шарт эмас. Моҳиятан, жами пулни 50/20/30 нисбатида уч қисмга бўлиш лозим: мажбурий харажатлар, жамғарма ва мажбурий бўлмаган харажатлар.

Ижобий жиҳатлари:

Агар категориялар умумий бўлса, назорат қилиш осон, чалкашиш эса қийин бўлади.

Вақтни тежайсиз.

Салбий жиҳатлари:

Сизда харажатлар тўғрисидаги умумий маълумотларгина бўлади холос.

4-усул. Автоматлаштиринг

Харажатлар ҳисобини юритишнинг уч усули бор: дафтарда, электрон жадвалда ва иловада. Дастлабки икки ҳолатда барча бандларни қўлда киритиш керак бўлади. Яъни, ҳар куни дафтар ёки файлни очиб, ёзиб чиқиш. Бир кунни қолдирсангиз, ҳафта қандай ўтганини сезмай қоласиз. Кейин барча харажатларни чеклар ва банк хабарларига қараб, киритиб чиқишга ярим соат вақт топиш қийин бўлади.

Кўплаб иловаларнинг муаммоси ҳам айнан шундай. Улар дафтардан жадвалининг чиройлилиги ва автоматик тарзда яратилиши билан фарқланади. Ҳар куни қайд этиш тамойили ўша-ўша.

Автоматлаштириш бюджетни ташкиллаштиришда ёрдам беради. Ўтган ойдаги маълумотларга қараб кейинги давр учун харажатларни режалаштиришни 15 дақиқада амалга ошириш мумкин.

Ижобий жиҳати:

Маблағни назорат қилишга камроқ вақт кетади

Ҳар куни харажатларни ёзиш ҳақида ўйлаш шарт эмас.

Салбий жиҳати:

Мукаммал иловалар мавжуд эмас

Ўрнатилган иловадаги узилишлар кишини асабийлаштиради.

Фото: Pixabay

5-усул. Тажриба алмашинг

Шахсий маблағ ҳақида кўплаб китобларни ўқиш, бироқ режалаштириш ва ҳисобга олишни бошламаслик мумкин. Гуманитар соҳа вакилларига ўз тажрибаси ҳақида ўртоқлашиш, жавоб тариқасида рағбат ва маслаҳатлар олиш осон.

Бу афзалликдан фойдаланиш керак. Эртанги кундан бошлаб маблағларингиз ҳисобини юритишга қарор қилдингиз – бу ҳақида бутун дунёга сўзлаб беринг. Нима қилишни режалаштирганингиз ва қандай муддатда амалга оширмоқчилигингизни ёзинг. Ўз вазиятингиз ва маблағни режалаштириш одатини шакллантириш эвазига яратиладиган ёрқин келажакни тасвирланг.

Ҳеч кимга айтишни истамасангиз – кундалик юритинг. Ана ўшанда ўзингизнинг олға силжиганингизни кўрасиз ва юзага келадиган муаммоларни вақтида англашга муваффақ бўласиз.

Ижобий жиҳати:

Ўзгаларга ёрдам берасиз ва ўзингизни яхши ҳис этасиз.

Ўзингизга ўхшаб фикрлайдиганларни топасиз – қўллаб-қувватлаш ортиқчалик қилмайди.

Салбий жиҳати:

Одамларнинг ҳаммаси ҳам ижобий муносабат билдирмайди, танқидга тайёр туринг.

Тажрибангизни тасвирлаш, саволларни шакллантириш учун вақт ажратиш керак бўлади.

Шахсий маблағни назорат қилиш – фойдали одатлардан бири. Агар доимий равишда пул танқислигини ҳис қилсангиз, вазиятни ўзгартириш учун вақт, куч, ирода ҳам етишмайди. Бу одатни шакллантириб, ўзингизни муваффақиятингиз учун мақтанг ва йўл қўйилган хатоларни таҳлил қилинг. Ана ўшанда барини амалга оширишга муваффақ бўласиз.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2019 XABARDOR.UZ