«Humo Arena» муз саройи шу ҳафтада очилади, аммо қурилиш ишлари кейин ҳам давом этади

Жамият 11-03-2019

Тошкент шаҳрининг Бешёғоч кўчаси бўйлаб ҳаракатланиш чекланиши 31 мартга қадар давом этади. Бу ҳақда Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берган.

«Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахтимиз меҳмонлари!

Аввал хабар берганимиздек, пойтахтда «Humo Arena» муз саройи қурилиши муносабати билан Бешёғоч майдонининг Фурқат кўчасидан - Афросиёб кўчасигача бўлган масофада транспортлар ҳаракати чекланиши 31 мартга қадар узайтирилди. Қурилиш ва махсус техника транспортлари бундан мустасно.

Юзага келадиган ноқулайликлар учун пойтахт маъмурияти узр сўрайди», дейилган хабарда.

«Humo Arena» муз саройи 15 март куни очилади, очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрида «Humo Arena» комплекси қурилиши муносабати билан барча турдаги автомобилларга 2018 йилнинг 17 декабридан 2019 йилнинг 1 мартига қадар Бешёғоч кўчасининг Фурқат кўчасидан Афросиёб кўчасига қадар ҳаракатланиш чекланганди

Қайд этиш керакки, Тошкентда Humo Arena кўп тармоқли муз саройини қуриш ишлари 2017 йилнинг февралида бошланганди. Қурилиш ишлари режа бўйича 2018 йилнинг 31 декабригача якунланиб, иншоот фойдаланишга топширилиши керак эди. Ўтган йилнинг августида ҳам Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати «Humo Arena» муз саройи 2018 йил охирига қадар ишга туширилиши ҳақида хабар берганди. 2018 йил охирида қурилиш ишлари якуни кейинги йилнинг баҳоригача кечикиши маълум бўлганди.

Шаҳар ҳокимлигининг охирги хабарига кўра, қурилиш ишлари очилиш маросимидан кейин ҳам давом эттирилади.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2019 XABARDOR.UZ