Интернет ҳақидаги амалга ошмаган башоратлар

Интернет 7-05-2015

XABARDOR.UZ / 80- ва 90-йиллар охирларида Ғарб оммавий ахборот воситаларида янги технологияларга ишонч билдирилмаган мақолалар тез-тез чоп этилиб турилган. Ҳозирги кунда уларда билдирилган компьютер ва интернетга оид айрим фикрлар ўринсиздек туюлади. 

Ноутбукларнинг ҳеч кимга кераги йўқ

ЭРИК САНДБЕРГ-ДИМЕНТ, THE NEW YORK TIMES, 1985 йил

“Ноутбукларнинг оммалашмаслигига сабаб шуки, одамлар улардан маркетологлар кутаётганчалик фойдаланишмайди. Умуман олганда, ҳеч ким компьютерни ўзи билан пляжда ёки поездда олиб юришни хоҳламайди. Улар вақт ўтказиш учун газетадаги бизнес ёки спортга оид хабарларни ўқишни маъқул кўришади. Микрокомпьютер саноати эса негадир ҳамма компьютерга ёпишиб олади, деб ўйлайди. Лекин ундай эмас.

Ҳа, тўғри, уйида ўтириб компьютерда ишлашни истайдиган кишилар кўп. Лекин улар ишхонасидаги компьютерини уйига кўтариб келишни исташармикин? Ундан кўра уйга бир нечта дискет кўтариб кетган маъқулроқ”.

Интернет бефойда, чунки у тобеликни келтириб чиқаради

НИКО МАКДОНАЛЬД, EYE MAGAZINE, 1995 йил

“Шуниси аниқки, интернет келажакда етарлича фойдаланувчиларга эга бўлмайди, чунки унинг аниқ тузилмаси йўқ. Онлайнга жойлаштириладиган аксарият нарсалар – билдирувлар, янгиликлар, биржа котировкаларининг ишлаб чиқариш қиймати бўлиб, улар фақат истеъмолчининг бевосита пул тўлови билан амалга ошади. Иккинчидан, барча дастурий таъминотлар яхшиланишига қарамасдан, интернетдан кенг истеъмол технологиялари, масалан, телевидение ёки видеомагнитофонларчалик фойдаланиб бўлмайди. 

Интернетнинг аксарият янги фойдаланувчилари унга тобе бўлиб қолишади, улар интернет алоқаси учун пул тўлашаётганини ва ҳаттоки реал ҳаётдаги бурчларини ҳам унутиб қўйишади. Бу эса технологиянинг номукаммал эканлигидан дарак беради”.

Интернет тарих ҳақида муҳокама юритадиган мактаб ўқувчилари туфайли бефойдадир

КЛИФФОРД СТОЛЛ, NEWSWEEK, 1995 йил

“Интернет тарафдорлари ушбу тармоқнинг кўплаб таҳрир қилинмаган маълумотлар уммони эканлигини сизга ҳеч қачон айтишмайди. Муҳаррирлар, таҳлилчилар ва танқидчиларнинг йўқлиги боис интернет сараланмаган ахборотлар ахлатхонасига айланиб қолган. Сиз нимани ўқимаслик, нимани эса ўқиш кераклигини англай олмайсиз. Бутунжаҳон тармоғига кириб, Трафальгар жанги ҳақида маълумот қидираман. Юзлаб файллар чиқади, уларни очишга 15 дақиқа вақтим кетади, улардан бири саккизинчи синф ўқувчиси томонидан ёзилган таржимаи ҳол бўлиб чиқади, иккинчиси компьютер ўйини бўлади, учинчиси эса Лондондаги ҳайкал сурати бўлади. Уларнинг ҳеч бири менинг саволимга жавоб бўлмайди ва мен қидирувдан чарчайман.

Бундан ташқари, кибербизнес ҳам бор. Бизга каталоглар орқали бир зумда харидни амалга  оширишимиз мумкинлигини ваъда қилишади. Биз тармоқ орқали авиачипталарга буюртма берамиз, ресторанларни брон қиламиз, олди-сотди шартномаларини муҳокама қиламиз. Нима учун уйим яқинидаги савдо маркази бир кунда интернетдаги бир ойлик савдодан кўра кўпроқ пул топади? Агарда интернетда ишончли тўлов хизмати бўлганида ҳам (бундай хизмат эса йўқ), тармоққа капитализмнинг энг зарур омили – сотувчилар етишмайди.

Интернетдаги бирорта ҳам маълумотлар базаси газетанинг ўрнини боса олмайди, бирорта ҳам CD-ROM ўқитувчилик қила олмайди ва бирорта ҳам компьютер тармоғи ҳукуматчалик ишлай олмайди”.

Интернет — бу вақтинчалик урф

РОБЕРТ МЕТКАФ, ETHERNET ИХТИРОЧИСИ, INFOWORLD, 1995 ЙИЛ

 “1996 йил билан боғлиқ башоратларнинг деярли барчаси интернетнинг ўсиши билан боғлиқ. Лекин мен дадил айтишим мумкинки, интернет тез орада худди янги чиққан юлдуздек тус олади ва 1996 йилда инқирозга учрайди”.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2019 XABARDOR.UZ