Инвесторларни лойиҳаларга қандай жалб қилиш мумкин?

Маслаҳат 1-10-2018

Сизда мисли кўрилмаган даромад келтириши мумкин бўлган ғоя пайдо бўлди ва сиз шахсий бизнесингизни очишга қарор қилдингиз. Тез орада бадавлат ва муваффақиятли бўлишга умид қиляпсиз. Бироқ ғоя қандай зўр бўлмасин, лойиҳага пул тикилмаса, бари бекор. Шу ўринда пулларни қаердан олиш мумкинлигига доир савол пайдо бўлади. 

Албатта, бундай ҳолатларда инсон ўзининг бутун мол-мулкни сотиши, дўстлари ё қариндошларидан қарз олиши ёхуд кредит олиш учун мурожаат қилиши мумкин. Шу билан бирга, бироз фикр юритиб, камхарж йўлни танлаш имкони ҳам бор, бу - инвесторларни жалб қилиш. Бугунга келиб муваффақиятли фаолият юритаётган йирик компанияларнинг аксарияти айнан шундай йўл тутган. Таъкидлаш жоизки, инвестициялар нафақат лойиҳани бошлаб олишга, балки уни келгусида ривожлантириш учун ҳам керак бўлади. Ҳар куни дунёда қандайдир янги ғоялар пайдо бўлади ва ҳеч бир лойиҳа молиявий қўллаб-қувватлашсиз бозорда узоқ қола олмайди.

Керакли кишилар билан таниш бўлсангиз, инвесторларни топиш қийинчилик туғдирмайди. Бироқ бундай танишларингиз бўлмаса-чи? Инвесторларни қаердан топиш ва уларни қандай қилиб айнан сизнинг лойиҳангизга пул киритиши даромад келтиришига ишонтириш мумкин? Бунинг учун, биринчидан, мамлакатда бизнесга сармоя киритишга доир барча имкониятлардан хабардор бўлиш, иккинчидан эса, ҳар бир қадамни яхшилаб ўйлаб режалаштириш керак.

Бизнесга инвестицияларни қаердан топиш мумкин?

Бизнес-лойиҳаларни молиялаштириш манбалари етарлича. Керакли маблағни жалб қилишда муваффақиятга эришиш учун барчаси ҳақида билиш керак.

Биринчидан, бу - инвестицион фондлар. Бу - даромад олиш мақсадида маълум бир лойиҳаларга пул киритишга тайёр жисмоний ёки юридик шахслар гуруҳи. Бундай фондларнинг маълум бир турлари бизнеснинг аниқ йўналишлари учун жавоб беради. Улар қизиқ, даромад келтирувчи лойиҳаларга фаол пул киритишади, бироқ бу лойиҳалар синалган соҳаларга тегишли бўлиши керак. Улар инновацион ғоялар, мутлақо янги ва оригинал лойиҳаларга ҳомийлик қилишмайди. Бироқ ўз ғоянгиз муваффақиятига ишончингиз комил бўлса ва у фондлар фаолият соҳаларидан бирига тўғри келса, дадил мурожаат қилишингиз мумкин.

Иккинчидан, венчур ташкилотлар - капитали хусусий шахслар маблағларидан иборат компаниялар бор. Бу ташкилотлар оригинал, илмий лойиҳаларга кўп пул киритади, бироқ бу ерда муайян жиҳатлар мавжуд. Бундай компанияга пул киритишни таклиф қилиб, сиз аслида уларга ўз бизнесингизнинг бир қисмини сотасиз. Улушни кейинчалик сотиб олиш мумкин, лекин у инвестор тасарруфида бўлганида сармоячи ишларни юритишга аралашиш ҳуқуқига эга бўлади.

Учинчидан, қизиқарли лойиҳага ўз маблағларини киритишга тайёр муваффақиятли тажрибали ишбилармонни топиш мумкин. Бундай ишбилармонларнинг ўзига хослиги шундаки, улар одатда ғоя босқичидаги бизнес-лойиҳаларга пул тикишади. Бундай бизнес “фаришталари” сизнинг ғоянгиз даромад келтиришини олдиндан сезишса, тез орада бойиб кетишингизга ишонаверинг.

Иккита охирги услуб – давлат ва банклар. У ҳолатда ҳам, бунисида ҳам пулларни қайтаришингизга тўғри келади. Бу ўринда банк сиздан фоизларни ҳам талаб қилади. Давлат ташкилотлари эса жуда кўплаб қоғоз йиғишга мажбур қилади. Имкон қадар бу йўлларни танламаган маъқул, лекин ҳар эҳтимолга қарши шундай услублар ҳам борлигини ёдда тутган яхши.

Инвесторларни жалб қилиш – босқичма-босқич ҳаракатлар режаси

Бизнесга инвестиция топишга қарор қилган бўлсангиз, бирор бир сармоячи шунчаки ғоя унга ёққани учун пул бермаслигини ёдда тутинг. Молиявий маблағ киритиш билан шуғулланувчиларни биринчи навбатда ўз даромади қизиқтиради. Шу боис маблағ жалб қилишда энг асосийси – инвесторни киритилган пул воситалари унга даромад келтиришига ишонтира олиш.

Кўпчилик агар ғоя жуда оригинал бўлса, 100 фоизлик муваффақиятни кафолатлайди деб ўйлайди. Бу янглиш фикр. Аслида компания, фонд ва хусусий тадбиркорларнинг аксарияти бундай лойиҳаларга шубҳа билан қарайди. Уларга сизнинг ғоянгиз эмас, барқарор даромад керак. Барқарорликни эса одатда синалган, одатий соҳалар таъминлайди.

Сизнинг бизнес ғоянгиз қанчалик катталиги муҳим эмас. Уни қандай тақдим этишингиз, сармоячиларни лойиҳанинг даромад келтиришига ишонтира олишингиз муҳим.

1-қадам. Бу ерда асосий гап бизнес-режада. Инвесторлар биринчи навбатда шунга эътибор қаратишади. У ҳар томонлама ўйлаб тузилган бўлиши, имкон қадар кўпроқ маълумотни ўзида жамлаши керак. Булар:

  • Лойиҳа тавсифи;
  • Талаб қилинаётган суммага доир ҳисоб-китоб;
  • Сармоячи қўлга киритувчи даромад таҳлили;
  • Киритилган маблағнинг қопланиш муддати;
  • Иш ривожи истиқболлари.

Бундан ташқари, майда деталларга ҳам катта эътибор бериш керак. Бу ерда ҳамма нарса аҳамиятли, ҳатто режанинг қандай сифатдаги қоғозга туширилгани ҳам.

2-қадам. Инвесторга маъқул келувчи ҳамкорлик шаклини тўғри танлаш жуда муҳим. Бу шакл бизнес-режада кўрсатилган бўлиши керак.

Инвестор киритилган маблағдан қандай қилиб даромад олишига доир жами уч асосий усул мавжуд:

  1. Киритилган суммадан фоизларни чиқариш;
  2. Компания даромади фоизи;
  3. Бизнесдаги улуш.

Сиз учун иккинчи вариант қулайроқ. Бироқ инвесторлар бунга ҳар доим ҳам кўнаверишмайди. Бу масала одатда лойиҳа намойиш қилинганидан кейин муҳокама қилинади. Таклиф этилган ҳамкорлик усули инвесторга маъқул келмаса ва у бошқа усулда қатъий турса, унинг шартларига кўнган яхши. Бизнесда қатъийликни намойиш қилиш керак, бироқ бу масалада эмас.

3-қадам. Музокаралар. Уларнинг муваффақиятига кўп нарса боғлиқ. Уларга яхши тайёргарлик кўриш жуда муҳим. Ўз ғоянгизнинг сифатли тақдимотини тайёрланг. Инвесторларда юзага келиши мумкин бўлган барча эҳтимолий саволларга тайёр туринг. Лойиҳанинг ҳатто энг майда детали ҳам шубҳа туғдирмасин.

Агар сиз профессионалга бизнес-режа буюртма қилган бўлсангиз, музокараларга уни маслаҳатчи сифатида олган яхши. У сизга энг нозик саволларга ҳам жавоб топишга ёрдам беради ва бўлғуси бизнеснинг барча жиҳатларини изоҳлай олади.

Шунингдек, ўзингизни қандай тутишингиз ҳам жуда муҳим, албатта. Бунда сўзлаётган оҳангингиз, нутқингиз тезлиги ва ташқи кўринишингиз ҳам роль ўйнайди. Майда деталлар ҳақида ҳеч қачон унутманг, инвестицияларни жалб қилишда улар жуда муҳим.

Агар музокаралар муваффақиятли тугалланса, сизга шартномани имзолаш таклиф этилади. Табиийки, уни диққат билан ўқиш керак. Унда киритилаётган маблағ суммаси, ҳамкорлик муддати, томонлар ҳуқуқ ва мажбуриятлари ёзилганини яхшилаб текширинг.

Ёш ишбилармонларнинг одатий хатолари

Тажрибасиз, эндигина иш бошлаётган ишбилармонлар одатда жуда кўп хатога йўл қўйишади. Уларнинг барчасига тўхталиб ўтирмаймиз. Энг кенг тарқалган тўрт хатони келтирамиз:

  1. Аниқ даромад миқдорини билмаслик – муваффақиятсизлик гарови.
  2. Лойиҳага зарур маблағ суммасини билмаслик. Бизнес-режа тузиб, уни амалга оширишга қанча пул талаб этилишини аниқ билиш керак.
  3. Ҳаддан ташқари оригинал ғоялар. Агар сизга ҳали ҳеч кимнинг хаёлига келмаган ғоя келган бўлса, бу қанчалик фойда келтириши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўринг. Эҳтимол, бу ғоя даромад келтира олмаслиги сабаб ҳеч кимнинг хаёлига келмагандир.
  4. Рақиблар олдида устувор жиҳатларга эга бўлмаслик. Рақобатбардош устувор жиҳатларсиз маблағ жалб қилиб бўлмайди. У музокараларга кетаётганда йўлда ўйлаб топилган бўлиши керак эмас, ҳақиқий бўлиши керак.

Хулоса қилиб айтганда, инвесторларнинг маблағларини жалб қилиш – амалга ошириш мумкин бўлган вазифа. Шунчаки бунга яхши тайёргарлик кўриш керак.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2018 XABARDOR.UZ