"Яшик" ичидан миллиардлар

Компания 10-11-2014

Американинг спорт соҳасида фаолият юритувчи вакиллари яна бир бор ўзларининг россиялик касбдошларига дарс бериб қўйишди. Америка миллий баскетбол уюшмаси ўз ўйинларини намойиш қилиш ҳуқуқини “ESPN” ва “Turner” компанияларига 2 миллиард доллар атрофидаги маблағга сотиш арафасида турибди. Шу мақсадда “Лента.ру” интернет сайти жаҳоннинг оммалашган спорт лигалари ўйинлари намойишлари неча пул туришини аниқлаб, уни Россиядаги кўрсаткичлар билан солиштирди.

Баскетбол

Америка баскетбол уюшмасида жамоалар эгаларининг ирқий жиҳатдан бир-бирларига бетоқатлик билдиришларига қарамасдан, бу уюшманинг ишлари аъло даражада кетмоқда. Ушбу лига бутун дунё бўйича ўз телеаудиториясининг барқарор ўсишини қайд қилмоқда. Агарда Хитой телевизион бозори ҳам бор куч билан ҳаракатга келтирилса, унда унинг даромадлари улкан даражаларга етиши турган гап.

Бу лиганинг “ESPN” ва “Turner” телекомпаниялари билан тузган 8 йиллик шартномаси 2016 йили ўз ниҳоясига етади. Ушбу шартномага мувофиқ, бу компаниялар ушбу лиганинг ҳисобини ҳар йили деярли бир миллиард долларга тўлдириб туришибди, бунда “ESPN” ҳисобига 485 млн доллар, “Turner” ҳисобига эса 445 млн доллар тўғри келади. Уларнинг ҳар бири бу ҳамкорликни келгусида ҳам давом эттириш орзуси билан ёнмоқдалар ва бунинг учун улар ҳозиргидан икки баробар кўпроқ пул сарфлашга ҳам тайёрлар. Янги шартнома шартлари 28 октярбдан бошланадиган янги мавсум арафасида эълон қилиниши кутилмоқда.

Бундан ташқари, жамоаларнинг ўзлари ҳам маҳаллий телекомпаниялар билан шартнома тузишлари мумкин. Мисол учун, лиганинг оммавий клубларидан бири ҳисобланадиган “Лос-Анджелес Лейкерс” жамоаси ҳисобига “Time Warner Cable” кабель операторидан ҳар йили 110 млн доллар миқдордаги маблағ тушиб туради.

Америкача футбол

Америка Миллий футбол лигаси (МФЛ) тижорат нуқтаи назаридан дунёдаги энг муваффақиятли лига ҳисобланади. Америкаликлар ўзларининг бу севимли спорт турларини жинни бўлаёзгудек севадилар. Шу туфайли биргина теленамойишлар ҳуқуқини беришдан МФЛ ҳисобига бир мавсумда 8,3 млрд доллар миқдоридаги маблағ келиб тушади. Бир мавсумда бор-йўғи 17 та ўйин бўлиши назарда тутилса, унча мураккаб бўлмаган ҳисоб-китоблар бўйича, битта ўйин намойиши деярли ярим млрд туришини билса бўлади!

МФЛ нинг “NBC”, “CBS”, “Fox” ва “ESPN” каби бирйўла 4 та телевизион ҳамкори бор. Улардан биринчи учтаси 2011 йилда ушбу лига билан янги шартнома туздилар. Унга кўра 12 йил ичида улар лигага 39 млрд ҳақ тўлаб беришади. ESPN ҳам ўша йили Monday Night Football (кечки ўйин) намойиши учун ҳуқуқни сотиб олди ва унга кўра у яқин 8 йил ичида лигага 15,2 млрд доллар миқдорида ҳақ тўлайди.

Энг қизиғи, лига бу маблағларни фақат телевидение ҳисобига олади. Шу билан бирга, МФЛ дагилар интернет провайдерлари ва мобил алоқа операторлари ҳисобига ҳам даромад олишлари мумкинлигини аллақачон тушуниб етганлар. Бунда "жабрланувчилар" Direct TV ва Verizon компаниялари интернет тармоғида ва мобил алоқа қурилмаларида ўйинларни намойиш қилиш учун ҳар йили 3,4 млрд доллар миқдорида маблағ тўлайдилар.

Американча футбол АҚШда энг оммабоп спорт тури ҳисобланади.

Бейсбол

Охирги вақтда америкаларнинг яна бир эрмаги ҳисобланган бейсболга қизиқиш сусаймоқда. Америка миллий футбол лигасининг янги мавсуми очилишидаги биринчи ўйин олдидан уюштирилган кичик бир концертни Миллий бейсбол лигаси (МБЛ)нинг охирги жаҳон сериясидаги биринчи ўйинидан кўпроқ одам томоша қилгани бунинг яққол тасдиғидир. Аммо шунга қарамасдан, бейсболчиларнинг хавотирланишларига ҳали эрта. 2021 йилгача давом этадиган шартнома бўйича бейсбол лигаси ESPN, Fox ва TBS компанияларидан ҳар йили 1,1 млрд доллар ҳақ олиб туради. Бунга қўшимча равишда ҳар бир жамоанинг ўзи ҳам маҳаллий телекомпанияларга ўз ўйинларини намойиш қилиш ҳуқуқини сотиши мумкин. Энг омадли жамоаларга бу қўшимча 100 млн доллар миқдорида маблағ келтиради.

Хоккей

Оммабопликда ортда қолаётган Миллий хоккей лигасининг ишлари ҳам чакки эмас. Бир йилдан камроқ фурсат олдин МХЛ “Rogers Communications” компанияси билан 12 йиллик шартнома тузди, унга кўра лига бу канада компаниясидан тахминан 4,95 млрд доллар миқдорида маблағ олади. Бу МХЛ тарихида мултимедиа ҳуқуқларини сотиш бўйича тузилган энг катта шартнома ҳисобланади. Гап фақат МХЛ ўйинларини Канада ҳудудида намойиш қилиш ҳақидагина бормоқда. Бундан аввалроқ эса МХЛ бошқа бир катта гигант – NBC компанияси билан ўз алоқаларини мустаҳкамлади – 2011 йили АҚШ нинг ушбу миллий телевидениесида хоккей ўйинларни намойиш қилиш бўйича 10 йилга мўжалланган 2 млрд долларлик шартнома тузилди. Европа, Африка ва Яқин Шарқ давлатларига хоккей бўйича теленамойишларни узатиш ҳуқуқи Medge ва AMI компанияларига тегишли. Шимолий америкаликлар бу компаниялар билан умумий қиймати 125 миллион турадиган 5 йилга мўлжалланган шартнома тузишга эришдилар.

Футбол

Жаҳондаги энг оммабоп спорт турининг тижорат бозоридаги бош ўйинчиси Англия премьер-лигаси ҳисобланади. Намойишларнинг сифати, графикаси, материалларнинг берилиши, ва ниҳоят, ўйин даражаси бу лигага Шимолий Америка ўлчовлари бўйича ҳам озмунча пул ҳисобланмайдиган 4,6 млрд доллар миқдорида фойда олишига сабаб бўлмоқда. АПЛ раҳбарларининг пулга кўмилишларига BT Group, BSkyB ва ҳамма ерда ҳозиру-нозир ESPN компаниялари имкон бермоқда. Бу компаниялар ҳар йили лигага 1,6 млрд доллар миқдорида бадал тўлайдилар. Кейинги йилда шартномалар ниҳоясига етиши билан нархларнинг янада юқорилаши эҳтимоли бор.

Италия А серияси бу борада ҳозирча Англия премьер-лигасидан ортда қолмоқда, бироқ тез орада ундан илгарилаб кетади, чунки кейинги мавсумдан 7 миллиард долларлик 6 йиллик шартнома кучга киради. Бундай саҳийликка "гладиаторлар ўйинлари"ни намойиш қилиш ҳуқуқини олишда “Sky Italia” ва “Mediaset” компанияларини доғда қолдирган Infront медиахолдинги сабаб бўлди. Гарчи, Аппенин яриморолида футбол майдонларига ишқибозларни жалб қилишда муаммолар ҳануз кузатилса-да, телевидениеда эса футбол ўрнини ҳали ҳам ҳеч нарса босолмайди.

Германия Бундеслигаси ва француз Биринчи лигаси мавсумига 770-800 млн миқдордаги тушум билан мақтана олишлари мумкин. Бу бозорда “Sky Television” ва “Canal+” компаниялари бош ўйинчилар ҳисобланадилар.

Испан Примероси, бошқа чемпионатлардан фарқли ўлароқ, телевизиончилар билан марказлашган битимга эга эмас. "Ҳаракатда баракат" – пиренеялик жамоалар айнан шу принцип асосида кун кўришади, яъни ҳар бир жамоа ўз ўйинларини ўзи сотиши лозим. Реал, Барселона ва улардан бироз ортда қолаётган "Атлетико" жамоаларининг ҳиссасига тўғри келадиган умумий фойда қолган 17 та жамоа биргаликдаги оладиган умумий фойдадан кўпроқ.

Мадриднинг "Реал" клуби ТВ-ҳуқуқларни сотиш бўйича жаҳоннинг энг сердаромад клубларидан ҳисобланади.

Россия

Россияда бу борада рақамлар умуман бошқача кўриниш олади. 2012 йили Россия футбол премьер-лигаси НТВ+ телекомпанияси билан 3 йиллик трансляция учун 69 миллион доллар миқдорида шартнома тузди. Охирги маълумотларга кўра, бу мавсум тугаши билан ўз кучини йўқотадиган келишувни узайтириш бўйича жиддий муаммолар юзага келмоқда, чунки амалдаги шартлар иккала тарафни ҳам қониқтирмайди.

Континентал хоккей лигаси (КХЛ) АҚШнинг Миллий баскетбол уюшмаси йўлидан бориб, 2009 йили ўзининг шахсий телеканалини очди. Шунингдек, хоккей ўйинларини Умумроссия давлат теле-радио компанияси (ВГТРК) каналларида ҳам кузатиш мумкин. Бу компания билан КХЛ орасида қизиқ шартнома тузилган: унга кўра медиахолдинг лигага ўйинлар намойиши учун ҳеч қандай пул тўламайди, аммо трансляция вақтида реклама учун ажратилган вақт КХЛ нинг ихтиёрида бўлади. Шу тариқа ўзига хос тенг манфаатли алмашинув юзага келади, чунки иккала тарафнинг ҳам бундан манфаатдорлиги деярли бир хил.

Умумий миқдорда КХЛ нинг ўйинлари 30 дан ортиқ давлатларда намойиш қилинади, телевизион ҳуқуқларни сотишдан келадиган умумий фойда эса тахминан 10 миллион долларни ташкил қилади. Айни чоғда КХЛ маҳсулоти Россия футбол премьер-лигасиникидан бир неча баробар фаолроқ тарғибот қилинмоқда ва бу яқин келажакда ўзининг мевасини бериши керак.

 

Россияда йилига базўр 3-4 марта касса йиғиши мумкин бўлган боксдан ташқари, бошқа спорт турларининг намойиши ёки умуман текинга, ёки клуб ва федерациялар томонидан қўшимча ҳақ тўлаш эвазига амалга оширилади. Бу Россияда оддий одамлар учун ҳам, олигархлар учун ҳам "спорт – бу хобби" деган ҳақиқатни яна бир бор таъкидлайди.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ