Жеймс Камерон нима учун "Титаник"да Жекнинг омон қолиш имкони бўлмаганига изоҳ берди

Кино 1-02-2017

"Титаник"нинг финали борасида қатъий позицияга эга бўлган режиссёр Жеймс Кэмерон The Daily Beast порталига берган интервьюсида нима учун томошабинлар севиб томоша қиладиган фильмларга "Оскар" берилмаслигига изоҳ берди. 

"Титаник" муваффақиятига яқин орада 20 йил бўлади, фильм атрофидаги баҳс-мунозаралар ҳали тинмайди. Кўпчилик томошабинлар фильм охирида бош қаҳрамонлар кема эшигига бирга чиқиб, омон қолиши мумкин эди, деб ҳисоблашади. 

Ушбу нуқтаи назарни исботлаш учун 2012 йилда "Афсона бузувчилар" кўрсатуви муаллифлари Жеймс Кэмеронни студияга таклиф қилишган ва солда Жек сиғадиган жой етарлича бўлганини намойиш қилишган. 

Ўшанда режиссёр суратга олиш майдонида эҳтимол ҳаддан зиёд катта тахтадан фойдаланганини айтган, лекин Жек барибир ўлиши керак бўлганини таъкидлаган, чунки сценарий шундай ёзилган эди. 

The Daily Beast билан бўлган суҳбатда режиссёр илмий жиҳатдан ўз версиясини тушунтиришга ҳаракат қилди. 

"Келинг, бундай ўйин ўйнаймиз: сиз Жексиз - 2 даража совуқ ҳароратли сувдасиз, миянгизда гипотермия бошланади.

"Афсона бузувчилар" сиздан ўзингиз ва Роузнинг нимчасини ечиб, солнинг тагига унинг сув остига чўкмаслигини таъминлайдиган қилиб мустаҳкамлашни сўрашади. Бунинг учун сиз бир неча дақиқа сув остида бўлишингизга тўғри келади. Операция тугашига яқин сиз ҳаётдан кўз юмиб бўлган бўлардингиз. Бу иш бермасди. 

"Энг тўғри йўл юқори қисмингизни сув устида ушлаб, ёрдам кутиш бўлган. Кўрсатувдаги йигитлар ажойиб экан, уларнинг шоусида тасвирга тушиш менга ёқиб қолди, бироқ уларнинг гапираётган гаплари мутлақо "бекорчи гаплар", уларга ишониб бўлмайди", - дейди Кэмерон. 

Режиссёр нашр билан суҳбатда нима учун "Оскар" топшириш маросими "Титаник" ғалабасидан кейин ўз томошабинларини йўқотиб бораётганига ҳам изоҳ берди. Ўз вақтида унинг "Аватар"и бош мукофотларни камхарж "Бўронлар ҳукмдори"га бой берганди. 

"Оскар" тарихида бир неча маротаба ҳақиқатда машҳур фильмлар мукофот олган, лекин Академия одатда шундай позиция тутади: "Одамлар нима кўриши кераклигига ишора қилиш - бизнинг бурчимиз".

Шу тариқа академиклар одамлар пулини аямайдиган картиналарни эътибордан четда қолдиришади. Улар гўё томошабинларга "Ҳа, бу фильм сизга ёқди, аммо сизлар мана бунисини севиб томоша қилишингиз керак" дегандек йўл тутишади. 

Бундай позиция билан юқори рейтингларни кутишга ҳожат йўқ. Агар сиз шунга амал қилсангиз, у ҳолда кейин томошабиннинг сийраклашганидан нолиманг", - дейди режиссёр Жеймс Кэмерон. 

Кэмероннинг сўзларига кўра, академиклар сафида актёрлар кўпроқ, шу боис улар кўпинча махсус эффектлар кўп бўлган фильмларга қарши овоз беришади ва уларни "актёрлик" жиҳатлари кам деб ҳисоблашади. 

"Титаник"да махсус эффектлар кўп бўлган, лекин улар асосан одамлар ва тарихга алоқадор эди. Сюжет компьютер графикасини ортда қолдирган. Бироқ "Аватар" каби фильм суратга олинаётганда махсус эффектлар биринчи ўринга чиқади ва ҳатто худди шундай яхши ҳикоя ва актёрлик маҳорати билан ҳам  картина мукофот олмайди. 

Мен бундан кейин мазкур мукофотга номзод бўлишимга унчалик ишонмайман, агар шундай бўлган тақдирда ҳам Вуди Алленга мағлуб бўламан", - дейди режиссёр. 

Шунингдек Кэмерон бошқаларнинг франшизаси бўйича фильм суратга олишдан бош тортади, бу ҳаттоки "Юлдузлар жанги бўлса ҳам. Унинг сўзларига кўра, бу худди бировнинг уйини йиғиштиришдек гап. 

Ҳозирда Кэмерон "Аватар"нинг бирйўла тўрт қисмини тайёрлаш билан банд. 



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ