Жонни Деппнинг такрорланмас роллари

Машҳурлар 10-04-2015

XABARDOR.UZ: Бу актёрни танимаган инсон бўлмаса керак. Бутун дунё бўйлаб унинг мухлислари сон-саноқсиз, улар ҳар сафар унинг чиқишини интизорлик билан кутишади. У эса доим турли туман, кутилмаган образлар орқали экранларда пайдо бўлади. Биз бугун у талқин этган ажойиб ва таъсирли образлари ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

“Мордекай” (2015)

Фильм сюжети: Картина қаҳрамони Чарльз Мордекай дунё бўйлаб саёҳат қилувчи ва ўғирланган қимматбаҳо суратларни қўлга киритувчи киши бўлади. Унинг ҳамтовоқлари фирибгарлар ва лўттибозлардан ташкил топган. Суратларнинг бирида нацистларга таалуқли олтинлар маконининг кириш коди яширинган бўлади. Уни қўлга киритиш учун Мордекайга қаттиққўл руслар, британ разведкаси MI5, халқаро террористлар ва ўзининг қайсар хотини билан курашишга тўғри келади.

Депп яратган образ: Бир тасаввур қилиб кўринг Жонни Депп мўйловли кўринишда экранда намоён бўлмоқда. Бу диққатингизни ўзига тортиши табиий. Шубҳа йўқки, бу ролини ҳам у қойилмақом этиб ижро этган. Чунки комедия фақат Депп учун-да!

Эдвард қайчиқўл” (1990)

Фильм сюжети: Барча кўриши шарт бўлган ажойиб драма. Чунки унда Бёртон ва Депп қойилмақом этиб роль ўйнашган. “Эдвард қайчиқўл” уларнинг илк ҳамкорликдаги ишларидир. Сюжет шундан иборатки, Эдвард деган олимнинг тасодиф туфайли бармоқлари ўрнига қайчилар пайдо бўлиб қолади ва шаҳар четидаги қасрда яшай бошлайди. Кейинчалик Эд газонларни, аёлларнинг сочини қайчилайдиган, уларни тартибга соладиган инсонга айланади ва тасодифан Ким исмли қизни ёқтириб қолади. Ҳар доимгидек соҳибжамол ва маҳлуқ муҳаббати ўртасида “қора ботир” бўлади. Уларнинг севгисига ҳам ана шундайлардан бири қарши чиқади…

Депп яратган образ: Таъсирчан, довдир ва ночор. Эдвард Депп талқинида айнан шундай кўринади. Унинг ботиний олами меҳрибон боладек, ташқи кўриниши эса қўрқинчли. Депп бу ролни маромига етказиб ижро этган. Ҳеч қандай мимикаларсиз у ўз ҳис-туйғуларини томошабинга етказиб бера олган.

“Йиғлоқи” (1990)

Фильм сюжети: Ромео ва Жульетталар каби муҳаббат тарихи XX асрнинг 50-йилларида содир бўлади. Кўчабезори йигит жамиятнинг юқори табақасидан бўлган қизни севиб қолади. Бунга ўхшаш воқеали фильмларни томошабин қача кўп кўрган бўлмасин, бу фильм улардан яққол ажралиб туради.

Депп яратган образ: Кутилмаганда бу фильмда Жонни Депп салбий образда намоён бўлади. Мусиқий ёндашув барибир актёрликдан устун кела олмайди. Фильмнинг айрим жойларида қаҳрамон Элвисга ўхшаб кетади. Унга қўшимча равишда ёшларга хос бўлган жўшқинлик, ишонч ва ҳаракат уйғунлашиб кетган.

“Гилберт Грейп нима тайёрлайди?” (1993)

Фильм сюжети: Жоннининг фаолиятидаги яна бир ажойиб драма. Деппдан ташқари фильмда Леонардо Ди Каприо ҳам роль ижро этган. Гилберт Грейп Айова штатида яшайди. Унинг иккита синглиси, анқовроқ укаси ва бақалоқ онаси бор. Бир қарашда бу одатий турмуш тарзи ва оддий одамлар ҳаётидек туюлади. Аммо фильмда Гилберт Грейпнинг оғир тақдири ҳақида сўз юриталади.

Депп яратган образ: Фильмда Жонни Деппнинг қаҳрамони Гилберт образининг мимкасидан унинг қандай ҳаётда яшаётгани, нималарни ҳис этаётганини яққол билса бўлади. Қаҳрамон барига қўл силтаб кетиш ҳақида гарчи бир оғиз гапирмасада, унинг юз ифодасидан барини билиб олса бўлади. Аммо бундай қилишга ботина олмайди, чунки у оиласини жуда қаттиқ яхши кўради.

“Уйқудаги манзара” (1999)

Фильм сюжети: Фильмда барча нарса бор: сирли қотиллик, романтика, бош қаҳрамон Икабода Крэйннинг ажойиб мулоҳазалари. Қаҳрамон совуқ табиатли, нозик дидли ва олифта ёш. У — кучли жангчи бўлиб, маҳаллий жиноятчилар орасида юради, адолат ва инсонийлик учун курашади ва унинг ҳаётида бир қиз пайдо бўлади. Фильм томошабинни охирги нуқталарга қадар ушлаб тура олади.

Депп яратган образ: Ҳар доимгидек Жонни Депп бу ролини ҳам қойилмақом этиб ижро этган. Қаҳрамоннинг ўргимчакдан қўрқиши, совуққонлиги ва ҳеч нарсадан шикоят этмаслиши табиий чиққан.

“Кариб денгизи қароқчилари” (2003)

Фильм сюжети: Бу фильм ҳақида ортиқча тўхталиб ўтишнинг ҳожати йўқ. Чиройли декорация, саргузаштлар, актёрлар моҳирлиги ва машҳур Жек читтак. Буларнинг ҳаммасига фильмни кўриб амин бўлганмиз.

Депп яратган образ: Саргузаштталаб ва омадсиз қаҳрамон образи (аммо бу юзаки қиёфа). Жек читтак образи Депп томонидан ижро этилган ролларнинг энг яхшиси, деб эътироф этилади.

“Махфий ойна” (2004)

Фильм сюжети: Стивен Кингнинг экранлаштирилган яна бир ажойиботларидан бири. Фильмнинг биринчи дақиқаларидан Жонни Депп ижро этган қаҳрамон — таниқли ва омадли ёзувчи Морт Рейннинг ташвишига гувоҳ бўлиш мумкин. Морт хотинининг хиёнатига гувоҳ бўлиб қолади. Унинг ҳаёти остин-устун бўлиб кетади, ишлашга ва ёзишга мажоли қолмайди. Энди унинг ҳаёти “диван — дўкон — ошхона — диван” тарзига айланиб қолади. Кунларнинг бирида унинг эшигини Жон Шутер деган нусха тақиллатади ва уни кўчирмакашликда айблайди. Хуллас воқеалар ривожи шундан бошланиб кетади ва Депп бу ролини ҳам қойилмақом ижро этган.

Депп яратган образ: Депп ўз қаҳрамонининг “мўмин-қобил” инсондан “телба қотил”га моҳирлик билан айлантира олган. Унинг хатти-ҳаракатларидан ҳам бу нарсани уқиб олса бўлади.

“Чарли ва ширинлик фабрикаси” (2005)

Фильм сюжети: Депп ижро этган ширинлик фабрикаси хўжайини Вилли Вонкни ижро этган энг “ширин” оилавий комедия. Вилли — дунёдаги энг яхши ширинликлар тайёрлайдиган ёлғиз, бирозгина телбасифат қандолатчи. У кунларнинг бирида ўз фабрикасида беш нафар болани саёҳатга таклиф қилмоқчи бўлади. У ерга бориш эса ҳар бир боланинг орзуси бўлади. Фильм Роальд Даленинг айнан шу номли романи асосида суратга олинган. Унда жудаям ёрқин декорациялардан фойдаланилган.

Депп яратган образ: Жонни Депп Вилли Вонк сингари такрорланмас нусхани жонлантирган. У ёши катта бўлса ҳам, қалби ҳамон болаларникидек, дунёга ўзгача кўз билан қарайди.

“Суини Тодд — Флит-стритлик ажина-сартарош” (2007)

Фильм сюжети: Бёртоннинг ушбу фильмида Депп бироз жиддийроқ ва кўтаринки истеъдод билан роль ижро этган. Бу мюзикл ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Фильмдаги ҳар бир актёр томошабинда илиқ таассурот қолдиради. Бёртон Лондон атмосферасини аниқ тасвирлаб берган. Тунд ва ифлос шаҳар. Одамлари ҳам шунақа.

Депп яратган образ: Жонни Деппга ҳар доимгидек гап бўлиши мумкинмас. Шафқатсиз маньяк. Уни қасосдан бўлак ҳеч нарса қизиқтирмайди.

“Алиса мўъжизалар мамлакатида” (2010)

Фильм сюжети: Барчамизга яхши таниш бўлган ажойиб эртак. Тим Бёртон бу фильмини ўзгача услубда суратга олишга қарор қилади. Албатта, унинг бу орзуси Жонни Депп ижро этган тентак “Шлаяпачи”сиз амалга ошмасди. Бошланғич 20 дақиқада фильм сюжети шундай амалга оширилганки, у эртакка бутунлай ўхшамайди. Ана ундан сўнг саргузаштлар бошланади. Улар шундай саргузаштларки, уларни эски эртакда учратиш мумкин эмас.

Депп яратган образ: Тентак “Шляпачи”ни ўйнаш учун Депп “Кариб денгизи қароқчилари”дан бир-иккита мимикалар ишлатади. Қаҳрамон изланувчан ва ҳаёт мазмунини қидириб юрган мавжудот. Жонни Депп бу ролда жуда ажойиб чиққан!

“Қороноғи соялар” (2012)

Фильм сюжети: Бёртон бу фильмни худди шу номдаги сериялга тақлидан ишлаган. У болалар фантазияси асосида Бёртон ва Депп томонидан экранлаштирилган. Фильмда замонавий ва олифта вампирлар образи актёр ва актрисалар томонидан ишонарли ва кулгили талқин этилган. Картинада режиссёр қўрқинчли воситалардан кўп фойдаланган: ваҳимали сирлар, айёр аёллар, қон, мурдалар, севги, қасос ва ажойиб декорация. Мусиқаси ҳам яхши танланган.

Депп яратган образ: Жонни — Бёртоннинг доимий актёридир. Бу уларнинг биргаликда амалга оширилган саккизинчи лойиҳасидир. Депп ўсмирлик йилларидан Барнабас қаҳрамонига ҳавас қилиб келган. У ушбу ролда ўйнаш учун 63 кг. гача озади.

“Лас-Вегасдаги қўрқув ва нафрат” (1998)

Фильм сюжети: Терри Гиллиамнинг машҳурлиги ўзидан кам бўлмаган ёзувчи Хантер С. Томпсоннинг китоби асосида ишлаган афсонавий фильми. Ёзувчи ўзининг машҳур асарлари билан аллақачон шуҳрат қозониб улгарган. “Лас-Вегасдаги қўрқув ва нафрат”да журналист Рауль Дюк (Жонни Депп) ўзининг адвокати Гонзо (Бенисио Дель Торо) билан бирга Лас-Вегасга, маҳаллий “Минт 400” автопойгаси ҳақида мақола тайёрлагани йўл олади. Аммо йигитлар ўзлари кутмаган ҳолда гиёҳванд моддалар олди-берисига аралашиб қолишади. Воқеалар 70-йилларда содир бўлади.

Депп яратган образ: Жонни бу роли билан доим фахрланган. Ҳақиқатда бу қаҳрамонни ундан бошқа ҳеч ким ўйнолмаган бўларди. Гап қаҳрамон томонидан ишлатилинган “Ray-Ban” кўзойнаги, “Kalichrome” модели, гавайя кўйлаги ҳақида кетмаяпти. Ролни Депп ўйнаши учун шахсан Томпсоннинг ўзи у билан дўстлашган.

“Шоколад” (2000)

Фильм сюжети: Картина Жоанн Харриснинг шу номли романи асосида ишланган. Франция, 50-йиллар. Қандолатчи Виенн (Жюльет Бинош ижросида) ўзининг олти ёшли қизчаси Анук билан тартиб-интизом қатъий жорий қилинган, осуда шаҳарчага ўзининг ширинлик дўконини очиш учун ташриф буюради. Виеннда одамларнинг юзига қараб, унга қандай ширинлик ёқишини ҳис қилувчи истеъдод бўлади. Унинг омади юришиб кетади. Аммо бу барчага ҳам хуш келмайди. Консерваторлар одам ширинлик еб, маза қилиб эмас, улар доим қўрқувда ва бўйсиниб яшашлари лозим. Ана шундай бир вазиятда сирли Ру (Жонни Депп) пайдо бўлади. Ва Жоанн билан улар ўртасида илиқ муносабат туғилади…

Депп яратган образ: Сирли ва аёллар ҳақида барча нарсани биладиган эркак образи.

“Сеҳрли мамлакат” (2004)

Фильм сюжети: Жеймс Барри — сўнгги пьесаси омадсизликка учраган, хотини билан муносабатлари унча яхши бўлмаган драматург. Кунлардан бир кун хиёбонда айланиб юрганида Сильвией Дэвис (Кейт Уинслет) ва унинг тўрт нафар фарзанди билан танишиб қолади. Барри секинлик билан бу оилага яқинлашади ва улар билан кўпроқ вақтини ўтказа бошлайди. У Питер исмли болага, айниқса, жудаям сабр билан муносабатда бўлади. Балки болакайда ўзини кўрганидандир. Дэвис билан кутилмаган дўстликдан сўнг, унда янги пьеса ёзиш ғояси туғилади ва у “Питер Пэн” (ҳа, айнан ўша!)ни ёзади. Ва кутилмаган Сильвия жиддий дардага йўлиқади… Ташхис эса салбий чиқади…

Депп яратган образ: Деппнинг барча роллари ғаройиб, бир-бирини такрорламас. Аммо айнан шу роли “Питер Пэн” ижодкорини сўзсиз гавдалантир олган.

Бугун биз сизга Жонни Депп ижросида такрорланмас роллар ҳақида гапириб бердик. Уларнинг сони анча кўп. Минг марта эшитгандан кўра бир марта кўрган афзал! Шундай эмасми?



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ