Кирларни ювишда уларнинг сифатини бузмаслик сирлари

Оммабоп 29-03-2017

Сифатли кийим-кечаклар тўғри парвариш қилинса, узоқ вақт хизмат қилади. Агар уларни ўйламасдан кир машинасига ташлайверилса, у ҳолда "йўқотишлар"сиз бўлмайди. "Лайфхакер" кийимларнинг сифатига путур етказмай ювиш сирлари ҳақидаги мақоласини тақдим этди.

 

1. Сифатли буюмларни фарқлашни ўрганинг

Бирор буюмнинг қимматлиги ҳар доим ҳам унинг сифатли эканидан далолат беравермайди. Ҳа, бундай кийим одатда қимматроқ бўлади, лекин харид пайтида уларнинг фақатгина нархига асосланиш тўғри бўлмайди.

  • Чокларни текширинг. Улар бир хил ва равон бўлиши керак. Кийимнинг тескарисини ўгиринг: чоклар ҳамма ёқда узилишларсиз бўлишига аҳамият беринг. Чоклар орасидан ипларнинг чиқиб туриши - либоснинг сифати пастлигидан далолат беради. Ипларнинг ўзи ҳам мустаҳкам бўлиши керак.
  • Матодаги расмлар чоклар чизиғига мувофиқлигига ишонч ҳосил қилинг.
  • Кийим харид қилаётганда албатта уни ўлчаб кўринг. Арзон брендлар харажатларни қисқартиришга ҳаракат қилиб, кийимларга имкон қадар камроқ мато сарфлаши мумкин, натижада кийим инсон қоматига тўла мос тушмаслиги мумкин.

 

2. Кир ювиш асосларини ўрганинг

 

  • Этикетка ҳақидаги маълумотни унутманг. Ҳар бир кийимда уни қандай ҳароратли сувда ювиш ва дазмоллашга доир кўрсатмалар бор.
  • Кир ювиш кукунини ҳаддан ортиқ қўлламанг, унинг ортиқчаси чокларда қолади.
  • Кийимнинг доғ жойларини ҳаддан ташқари кўп ишқаламанг, бу кирнинг матога янада сингиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.
  • Кирларни ҳадеб машинада қуритаверманг. Пахта матоли кийимлар мунтазам равишда машинада қуритилса, ёриқлар ва титиқлар ҳосил бўлади.
  • Кир ювиш олдидан уларни нафақат ранги, балки мато тури бўйича ҳам ажратинг. Оғир матоли кийимларни юпқа футболкалар ва ич кийимлар билан бирга ювманг.

 

3. Тўғри ускуналар билан жиҳозланинг

Масалан, яхши илгичлар билан жиҳозланинг (бу айниқса шимлар ва юбкаларга таллуқли), шунда сиз кийимларни ҳадеб дазмоллайвермайсиз.

Кийимлар тўғри сақланса, уларнинг кўриниши анча вақтгача ўз жилосини йўқотмайди. Масалан, кийимларга мўлжалланган ёпинчиқлар уларда ғижимлар пайдо бўлишининг олдини олади.

Кир ювиш вақтида махсус резина шарчаларидан фойдаланинг. Улар кийимларнинг титилишига йўл қўймайди.

Агар сиз автоматик қуритгичдан фойдалансангиз, унга кийимлар билан бирга қуруқ сочиқ ҳам қўшиб ташланг: У кийимлардаги намнинг маълум бир қисмини тортиб олади ва кирлар тезроқ қурийди.

 

4. Қандай матоларга алоҳида парвариш керак?

Кашемир

Кашемир кийимларни қўлда ювган маъқул (машинадаги деликат ювиш режими ҳам тўғри келади). Бундай кийимларни илиқ сувда, меъёрий миқдордаги кир ювиш кукуни билан ювиш керак. Шундан кейин уларни чайиб ташланг, эҳтиёткорлик билан сиқинг ва горизонтал ҳолатда қуритинг.

Ипак

Ипак матоли кийимларни қўлда совуқ сувда ёки деликат режимда ювган мақсадга мувофиқ. Машинада юваётган бўлсангиз, ипак матоли кийимларни ювиш қопчасига солинг, шунда улар бошқа кирларга қўшилиб кетмайди. Ипак кийимларни сувда 30 дақиқадан ортиқ қолдирманг. Уларни илгичда ҳам, горизонтал ҳолатда ҳам қуритса бўлади.

Ишлов берилмаган деним

Ишлов берилмаган деним (Ливай Стросс илк марта классик жинси тиккан қўпол, зич мато) ҳам махсус парваришни талаб қилади. У ишлаб чиқариш жараёнида иссиқ сувда ювилмайди, шу боис ёрқин рангини сақлаб қолади, бир неча марта кийилганидан кейин эса тана рангига киради. Бундай матоли жинсини ювиш тавсия қилинмайди. Уларни одатда музлатишни маслаҳат беришади. Бу, албатта, кир ва бактерияларни кетказмайди, лекин ёқимсиз ҳиддан халос қилади.

Яхшиси, фақат кир теккан жойларига ишлов бериб, жинси матога антибактериал спрей пуркаш керак. Уларни тахминан ярим йил кийилганидан кейин тескариси ўгирилган ҳолда, қўлда илиқ сувда ювиш мумкин.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ