Компьютердан фойдаланишда фарзандингизнинг кўзида муаммолар пайдо бўлмаслиги учун нима қилиш керак?

Саломатлик 7-12-2016

Бугунги кунда болалар замонавий технологияларга боғланиб қолмоқда. Мактаб ўқувчилари ва ҳатто боғча ёшидаги болалар ҳам компьютер қаршисида ёки қўлларида смартфон билан узоқ вақтларини ўтказишади. Аксарият ота-оналар бу ҳолатга кўз юмишмоқда, лекин шуни тан олиш керакки, компьютер ва смартфонлар болаларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Hi-News нашри шу ҳақида маълумот берди. 

Яхши янгиликлар: яқинда ўтказилган тадқиқотлар мактабга компьютер ёрдамида тайёрланувчи болалар ҳақиқатдан ҳам дарсларда яхши натижалар кўрсатишини тасдиқлаган. 

Қишлоқ жойларида Head Start дастури (АҚШда кам даромадли оилалар фарзандларининг тўлақонли ривожи учун давлат томонидан тақдим этилувчи бепул дастур) бўйича таҳсил олувчи 122 нафар боғча ёшидаги бола иштирок этган тадқиқотда тажриба гуруҳидаги болаларга 15-20 дақиқа давомида компьютерда ривожлантирувчи таълим дастурлари билан ишлаш имкони берилган. Назорат гуруҳидаги (компьютерсиз) болалар эса Head Start'нинг стандарт дастури бўйича ўқишган. 

Ўқувчилар тадқиқот бошланишида ва 6 ойдан кейин стандарт 4 тест синовидан ўтишган. Бу уларнинг мактабга тайёргарлигига баҳо беришга имкон берган. 

Тадқиқот якунларига кўра, компьютер билан ишлаган болалар мактабга тайёргарлик бўйича яхшироқ натижа кўрсатишган. Уларнинг ақлан ривожланиши компьютер билан ишламаган болаларга қараганда анча яхши кечган. Нафақат мактабда, балки уйда ҳам компьюетрдан фойдаланувчи болалар эса ундан-да юқори кўрсаткичларни намоён этишган. 

Ҳамма нарса меъёрида бўлгани маъқул, албатта. Компьютер қаршисида кўп вақтини ўтказувчи катталар каби болалар ҳам бир қатор касалликларга чалиниши мумкин. Бунга уларнинг бир ҳолатда узоқ ўтириши сабаб бўлади. Бундан ташқари, уларнинг кўриш қобилиятида ҳам камчиликлар юзага келиши аниқ. 

Яна бир муаммога эътиборни қаратсак - компьютер, электрон китоблар ва смартфонларга ҳаддан ташқари кўп вақт ажратиш. Барча рақамли қурилмалар ўзидан муайян даражада кўк рангни таратади. Бу келажакда жиддий кўз касалликларини келтириб чиқариши мумкин. 

Олимлар ва тиббиёт ходимлари электрон қурилмаларнинг болаларга зараридан хавотирдалар. Улар ушбу муаммо ечимини топишнинг самарали усулларини топишга ҳаракат қилишмоқда. 

Шу боис тиббиёт ходимлари болалар билан шу мавзуда суҳбатлар ўтказиш ва уларга компьютер қаршисида қанча вақт ўтказиш кераклигини белгилаб беришни тавсия қилишади.

Болаларнинг кўриш қобилиятига компьютернинг салбий таъсирини қандай камайтириш мумкин? 

Бош орқа ёки олди томонга бурилмаслиги керак, компьютер экрани эса кўздан тахминан 15 даража пастда жойлашиши керак. Елкаларни тик тутиш лозим. Бола клавиатура томонга эгилмаслиги керак. Қўллар елка кенглигида, оёқлар полда, тиззалар эса тахминан 90 даражага букилган бўлиши мақсадга мувофиқдир. 

Кўплаб экспертлар ҳар 20-30 дақиқада компьютердан дам олишни тавсия қилишади. Танаффус пайтида ўриндан туриб, жисмоний машқларни бажариш фойдадан холи бўлмайди. Кўк рангнинг зиёнини камайтиришнинг энг яхши усули – махсус, кўк рангдаги нурларни блокловчи линзалардан фойдаланиш.

Кўзойнак ишлаб чиқаришга ихтисослашган бир қатор компаниялар айнан мана шундай линзаларни тақдим этишмоқда. Улар билан кун бўйи юрсангиз ҳам бўлаверади. Шундай экан, кўзойнак сотувчи оптик салонлардан кўк ранг таъсирини камайтирувчи линзаларни харид қилинг. 

Болаликда миопия касаллигининг ривожланишида ирсият катта роль ўйнайди, албатта. Бироқ тадқиқотлар компьютернинг кўзга таъсири туфайли ҳам кўриш қобилиятида бир қатор камчиликлар юзага келишини кўрсатмоқда. 

Экспертларнинг фикрича, китоб ёки журнал мутолаа қилишдан кўра компьютер экранига тикилиб ўтириш кўпроқ кўзнинг чарчашига олиб келар экан.

Компьютернинг кўзга бўлган салбий таъсирини камайтириш учун шифокорлар тез-тез чалғиб туришни тавсия қилишади. Бунинг учун улар “20-20-10 қоидаси”ни ўйлаб топишган: ҳар 20 дақиқада фарзандингиз компьютердан кўзини олиб, ҳеч бўлмаганда 10 сонияга узоқда жойлашган бирор объектга қараши лозим, масалан, деразага қараши мумкин.

Бундай оддий машқ кўз фокусига жавобгар мушакларни бўшаштиради ва бу уларнинг чарчаши, охир-оқибат миопиянинг олдини олади. 

Компьютерлар санъат, китоблар, мусиқа, очиқ ҳавода ўйнаш ва бошқа болалар билан мулоқот қилиш каби таълим тадбирларининг ўрнини босиши эмас, уларни тўлдириши керак. 

Ота-оналар фарзандларига компьютердан тўғри фойдаланишни ўргатишлари керак. 

Фарзандингизнинг компьютердан фойдаланишини кузатинг. Бу унинг фикрлаш қобилияти ва муаммолар ечимини қандай топиши ҳақида билиб олишингизда ёрдам беради. 

Имкон бўлса, боланинг компьютер қаршисида акаси ёки сингиллари билан ўтиришини қўллаб-қувватланг. Бошқа болалар билан бирга компьютердан фойдаланиш навбатма-навбат ҳаракат қилиш ва ҳамкорлик каби муҳим ижтимоий кўникмаларни шакллантиради, шу билан бирга болани гапириш ва эшитишга ўргатади.  

Фарзандингизни компьютер қаршисига ўтиришига рухсат беришдан аввал уни кўз шифокорига кўрсатсангиз, фойдадан холи бўлмайди. 

Фарзандингизнинг кўзида қандайдир муаммо пайдо бўлганини илғашингиз биланоқ мутахассисга мурожаат қилинг. Қандай белгиларга диққатни қаратиш лозим? Масалан, бола кўзларини қисишни ва пирпиратишни бошласа, уларни ҳадеб ишқалайверса ёки унинг ўзи кўздаги муаммолардан шикоят қилса, бу шифокорга мурожаат қилиш учун етарлича асос бўлади. Дарвоқе, агар бола компьюетрда ишлашдан қочса, бу ҳам кўздаги муаммоларга ишора қилиши мумкин.  

Бугунги кунда компьютерлар ҳаётнинг муҳим бир қисмига айланиб улгурди. Фарзандингизни ҳар йили мунатазам тарзда кўз шифокори қабулига олиб бориш келажакда кўздаги муаммоларни баратараф этишга ёрдам беради.  



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ