“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” корхонасида Афғонистоннинг DABS компанияси делегацияси иштирокида “500 киловаттли Сурхон–Пули-Хумри” инвестиция лойиҳаси масалалари муҳокама қилинган. Бу ҳақида корхона матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 25–30 декабр кунлари Da Afghanistan Breshna Sherkat компаниясининг бош директори Ҳофиз Муҳаммад Амин Форуқий бошчилигида Афғонистон делегацияси “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига ташриф буюрган.
Қайд этилишича, делегация ташрифидан мақсад Афғонистон ҳудудида “500 киловаттли Сурхон–Пули-Хумри электр узатиш тармоғи қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида музокаралар ўтказишдан иборат. Лойиҳа Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 18 февралдаги қарори асосида амалга оширилмоқда.
Таъкидланишича, лойиҳа Осиё тараққиёт банкининг грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Электр узатиш тармоғининг умумий узунлиги 245,6 километрни ташкил этади.
Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади Афғонистон билан қўшничилик муносабатларни яхшилаш, Афғонистон иқтисодиёти ривожланишига, халқининг турмуш фаровонлигини оширишга ҳисса қўшишдан иборат. Шунингдек, Афғонистонга электр энергия экспортини ошириш ҳамда Афғонистон энергетика тизимини Ўзбекистон ва Марказий Осиё энергетика тизимига улаш учун техник шароитлар яратиш кўзда тутилган.
Юқори кучланишли электр тармоғини қуриш лойиҳаси доирасида Ўзбекистон томонидан — “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” корхонасининг ўз маблағлари ҳисобидан 500 киловатт кучланишли “Сурхон” подстанциясидан ўзбек-афғон чегараси (Амударё дарёси)гача 45 километр узунликдаги 500 киловатт электр узатиш тармоғи қуриб битказилган. Афғонистон ҳудудида лойиҳанинг 201 километр узунликдаги қисмининг қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!