2022 йил январ ойидан бошлаб 15 та давлат ўртасида энг йирик савдо битими кучга кирди. Бу ҳақида BBC хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу шартнома сайёрадаги ҳар учинчи одамнинг даромади ўсишини ваъда қилади, шунингдек, глобаллашув тарафдорларига АҚШ ва Хитойнинг протеционизми, коронавирус пандемияси билан ажралиб турган бир неча оғир йиллардан кейин глобал савдо ва ҳамкорликни жонлантиришга “умид беради”.
Минтақавий кенг қамровли иқтисодий ҳамкорлик (RCEP) келишуви Хитой ва Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари, шунингдек Австралия, Япония ва Жанубий Кореяни бирлаштирган.
RCEP’га асос солиш тўғрисидаги шартнома 2020 йил 15 ноябрда имзоланган. Унинг кучга кириши қарийб 2,2 миллиард истеъмолчига эга ва ялпи ички маҳсулоти 28 триллион АҚШ долларга тенг бўлган дунёдаги энг йирик эркин савдо ҳудудини яратади, бу жами жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 32 фоизидан ортиғини ташкил этади.
“АҚШ ва Европа Иттифоқидан кейин дунёдаги учинчи йирик иқтисодиёт ҳисобланган Хитой ҳеч қачон кўп томонлама савдо битимларини имзоламаган”, дейилади хабарда.
Шартнома иштирокчи давлатлар ўртасидаги савдо тарифларининг 90 фоиздан кўпроғини йўқ қилишга қаратилган бўлиб, WSJ томонидан сўралган иқтисодчилар буни Осиё-Тинч океани минтақасида савдонинг ривожланиши учун муҳим янгилик, бироқ Қўшма Штатлар учун хавф қўнғироғи деб атаган.
Asia Society Policy Institute таҳлилий маркази вице-президенти Уенди Катлернинг таъкидлашича, гап янги қоидалар ва стандартларни биргаликда ишлаб чиқишга ҳаракат қиладиган давлатлар гуруҳи ҳақида кетяпти. Қўшма Штатлар эса бошқа йўналишда ҳаракат қилмоқда.
Бир қатор таҳлилчиларнинг фикрича, ҳамкорлик Хитойга Осиё-Тинч океани минтақасида Америка манфаатларига зарар етказадиган савдо қоидаларини ўрнатишда қўл келади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!