Ўзбекистон ва Афғонистон 2022 йилда ўзаро электр энергиясини етказиб бериш бўйича 100 миллион долларлик шартнома имзолади. Бу ҳақда Anadolu ахборот агентлиги мамлакат электр энергиясини етказиб берувчи давлат компанияси Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS)га таяниб хабар бермоқда.
Шартнома DABS ижрочи директори Хафиз Муҳаммад Амин ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Дадажон Исақуловлар томонидан имзоланган.
Мазкур келишувга икки кунлик музокаралардан сўнг эришилган. Шартномага кўра, Ўзбекистон томони жорий йил бўйича жами 2 млрд кВт/соат (100 миллион АҚШ долларига тенг) бўлган электр энергиясини етказиб бериши керак.
Мулоқот давомида DABS делегацияси ўтган йили имзоланган “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линияси лойиҳасини ҳам муҳокама қилишди.
Афғонистон томони Ўзбекистон билан тўхтатилган лойиҳалар бўйича ҳамкорлик қилишга ваъда бериб, лойиҳалар хавфсизлигини таъминлашга тайёрлигини билдирган.
Қайд этилишича, Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизими Афғонистонга фақат Ўзбекистон орқали уланган. Ягона энергия тизими мамлакатларида ишлаб чиқарилган электр энергияси фақат Ўзбекистондан экспорт қилиниши мумкин.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!