Кун тартибини тўғри ташкиллаштириш усуллари

Карьера 28-07-2016

Вақт - ноёб ва  бебаҳо бойлик. Ундан тўғри фойдаланиш маҳоратининг даражаси омадга тўғри пропорционалдир. Сизнинг шахсий ва касбий самарадорлигингиз кунингизни қандай режалаштирганингизга боғлиқ. Шу боис ҳафта давомида эътиборингизга вақтни тўғри бошқаришнинг асосий усулларини бирма-бир ҳавола қилиб борамиз.

Бенжамин Франклин усули

Бенжамин Франклин оддий совун ясовчининг ўғли бўлган, лекин ўзининг ҳаракатлари билан кўп соҳалар – сиёсат, дипломатия, фан, публицистикада катта муваффақият қозонган. У Америка Қўшма Штатларининг асосчиларидан бири ҳисобланади – Мустақиллик декларацияси ва мамлакат конституциясини яратишда қатнашган.

Франклин ҳеч қачон АҚШ президенти бўлмаган бўлса-да, унинг портрети 100 долларлик пулларда акс эттирилган. Шунингдек у “Вақт - пул”, “Бугунги ишни эртага қўйма” каби таниқли мақолларнинг муаллифи ҳамдир. 

Франклин учун вақт ҳақиқатда жуда катта аҳамиятга эга бўлган. 

Ҳаётни севасанми? Унда вақтни қўлдан бой берма, зеро ҳаётнинг асоси вақтдан иборатдир. 

Бенжамин Франклин

Франклин 20 ёшида ўзи учун вақтни ташкиллаштирувчи тизимни ишлаб чиқиб, бутун ҳаёти давомида унга амал қилган. Замондошлари бу тизимни “Франклин пирамидаси” (баъзан “самарадорлик пирамидаси”) деб аташган.

Пирамида асосида ҳаётий қадриятлар ётади. Бу ҳар қандай масаланинг ечимини топишда маънавий йўналишда ҳаракат қилиш, демакдир. Франклин уларни фазилатлар деб атади. 

У ўзи учун 13 фазилатни белгилаб олди: сабрли бўлиш, сукут сақлаш, тартибни севиш, қатъийлик, тежамкорлик, меҳнаткашлик, самимийлик, ҳаққонийлик, меъёр, озодалик, хотиржамлик, виждонли бўлиш ва камтарлик. 

Ҳар куни ўз устида ишлаш мақсадида Франклин махсус ён дафтарча юритди, унда ҳар бир ҳаётий тамойилига бир саҳифадан ажратди. Ҳар бир саҳифани етти устунга (ҳафта кунларига) бўлиб чиқди. Кейин эса фазилатлар учун 13 горизонтал чизиқ ўтказди. 

Шу тариқа у ҳар куни бирор бир фазилатга урғу берарди, кечқурунлари эса “маънавий етуклик” сари йўл қўйган камчиликларини белгиларди. 

Франклин пирамидасининг кейинги босқичи – бу глобал мақсад. У ҳаётий тамойилларга асосланади ва “N ёшгача нималарга эришишни хоҳлайман?” саволига жавоб беради. Масалан, шифокор учун глобал мақсад - 35 ёшгача бўлим раҳбари лавозимига интилиш, менежер учун эса – ўз стартапини йўлга қўйиш.

Бенжамин Франклин ҳамиша кун тартибига амал қилган ва деярли ҳар бир қадамини ёзиб борган. Шу боис унинг пирамидасини қуйидагилар давом эттиради:

•  бош режа – глобал мақсадга етишишда босқичма-босқич кўрсатмалар;

•  узоқ муддатли режа – яқин 3-5 йил ичида амалга оширилиши кўзда тутилган мақсадлар;

•  қисқа муддатли режа – яқин йиллар ёки ойлар ичида амалга оширилиши кўзланган мақсадлар;

•  ҳафталик ва кунлик режа.

Пирамиданинг ҳар бир босқичи кетма-кетликда жойлаштирилган – ҳар бир кейинги босқич аввалгисига таянган. 

Франклин усулида кунингизни ташкиллаштириш учун асосий ҳаётий тамойилларингизни аниқлаб олишингиз, ўз олдингизга глобал мақсад қўйишингиз ҳамда унга эришиш режасини тузиб чиқишингиз керак бўлади.

Узоқ муддатли ва қисқа муддатли режалар учун электрон ускуналардан ёки блокнотдан фойдаланишингиз мумкин.

Агар сизга Франклин усули маъқул келган бўлса, шу йўлни тутишга ҳаракат қилинг ва вақтингизни қўлдан бой берманг!




МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ