"Legatium Institute" фаровон давлатлар рўйхатини эълон қилди

Жаҳон 11-11-2014

Буюк Британиядаги Legatium Institute 142 та мамлакати бўйича тадқиқот ўтказиб, бу давлатларда аҳолининг турмуш даражаси қандай аҳволда эканини аниқлади. Институт ходимлари мамлакатлардаги иқтисодиёт, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларидаги аҳвол, инсон ҳуқуқлари қай даражада таъминлангани, хавфсизликда яшаш шароитлари, аҳолининг иш билан бандлиги ва ижтимоий ҳимоя қилиниши масалаларини ўрганиб, кўрсаткичларни белгилаб чиқишди ҳамда умумий рўйхатни тузишди.

Институт томонидан бундай тадқиқотлар 2009 йилдан бери ўтказиб келинади.

Ушбу рўйхатнинг илк ўнлигидан Норвегия, Швейцария, Янги Зеландия, Дания, Канада, Швеция, Австралия, Финляндия, Нидерландия ва АҚШ жой эгаллади.

Норвегия

Скандинавлар ҳар йилгидек бу сафар ҳам (6 марта кетма-кет) биринчи ўринда қолди. Бу давлат фуқароларининг 94,9 фоизи ўз келажакларига ишонч билан қарашлари маълум бўлган. 66,1 фоиз аҳоли эса ўз ишларини йўқотишдан хавотир олмаган ҳолда умр кечиришади.

Энг юқори кўрсаткич: аҳолини ижтимоий ҳимоялаш (1-ўрин)

Энг паст кўрсаткич: бошқарув ва бизнес ишлари бўйича (7-ўрин)

Инфляция даражаси: 2,1 фоиз

Швейцария

Швейцария ўтган йилги натижасини такрорлади. Марказий Европадаги бу давлатда иқтисодий ўсиш ва бошқарув соҳасидаги улкан муваффақиятларга қарамасдан, таълим тизми учун қўйилган паст баҳолар биринчи ўринни эгаллашга халақит берди. Лекин, ижтимоий сўровномалар ўтказилганида, швейцарияликларнинг 84,6 фоизи таълим тизимидаги аҳволдан қониқишларини билдиришган.

Энг юқори кўрсаткич: иқтисод ва бошқарув (1-ўрин)

Энг паст кўрсаткич: таълим тизими (21-ўрин)

Инфляция даражаси: 0,2 фоиз

Янги Зеландия

2013 йилда 5 чи бўлган Янги Зеландия 2 поғона юқорилашга эришди. Мамлакатдаги ишсизлик даражаси – 6,9 фоиз. Аҳолининг 96 фоизи эса давлат ҳукуматига ишонч билдирган.

Энг юқори кўрсаткич: сўз эркинлиги (1-ўрин)

Энг паст кўрсаткич: соғлиқни сақлаш тизими (20-ўрин)

Инфляция даражаси: 0,9 фоиз

Дания

Даниянинг рейтингдаги натижалари бу йил яхшиланган. Лекин ишсизлик даражаси 7,5 фоизни ташкил этмоқда ва ижтимоий сўровномага кўра, аҳолининг 22,1 фоизигина ишсизликдан қўрқмаслигини билдирган.

Энг юқори кўрсаткич: бизнес имкониятлари (2-ўрин)

Энг паст кўрсаткич: иқтисод (18-ўрин)

Инфляция даражаси: 0,8 фоиз

Канада

Канада ҳам бу йилги кўрсаткичларини 2 ўринга яхшилаб, 4 чи ўринга чиқди. Таҳлилчилар канадаликларнинг сўз эркинликлари юқори даражада кафолатганлигини ва мигрантларга муносабат яхши эканини қайд этишган. Аммо бу эркин шароитлар бошқа бир муамони юзага келтириб чиқарган, Канада иқтисодига коррупция хавф солади.

Энг юқори кўрсаткич: таълим тизими (2-ўрин)

Энг паст кўрсаткич: бизнес имкониятлари (17-ўрин)

Инфляция даражаси: 0,9 фоиз

Швеция

Швеция 2013 йилги ўрнида қолди – юқориламади ҳам, пастламади ҳам. Legatium Institute вакиллари бу давлатдаги иқтисод ва бизнес шароитларини аъло даражада деб баҳолади.

Энг юқори кўрсаткич: бизнес имкониятлари (1-ўрин)

Энг паст кўрсаткич: таълим тизими (16-ўрин)

Инфляция даражаси: 0,0 фоиз

Австралия

Австралия бу рўйхатда кетма-кет иккинчи марта 7 чи ўринни банд этмоқда. Австралиядаги таълим тизими даражаси жуда юқори сифатда дея қайд этилган, шунингдек, Австралия ҳукуматининг чет-элликларга кенг ҳимматли экани ҳам эътироф этилган. Бироқ шу бағрикенглик австралияликларнинг у даражада хавфсиз яшай олмасликларига ҳам сабаб бўлади.

Энг юқори кўрсаткич: таълим тизими (1-ўрин)

Энг паст кўрсаткич: аҳоли хавфсизлиги (16-ўрин)

Инфляция даражаси: 2,4 фоиз

Финляндия

Рўйхатдаги учинчи Скандинавия мамлакати 8 чи ўринни эгаллади. Финляндия иқтисоди у қадар ривожланмаган бўлса-да, финландлар мамлакатдаги тартибли бошқарув ва сиёсий-ҳарбий низолар ўчоқларидан олисда бўлгани учун ўзларини бахтли ҳис қила оладилар. Ишсизлик муҳим муаммолардан бири, атиги 17 фоиз аҳолигина ишидан айрилиб қолмаслик ҳақида қайғурмай умргузаронлик қила олади.

Энг юқори кўрсаткич: аҳоли хавфсизлиги (3-ўрин)

Энг паст кўрсаткич: иқтисод соҳаси (26-ўрин)

Инфляция даражаси: 1,5 фоиз

Нидерландия

Голландлар ҳар йили кучли ўнликнинг қуйироғидан ўрин эгаллаб келишади. Таҳлилчилар бу давладдаги иқтисодий шароитларни ўтган йилги каби паст кўрсаткичда эканини қайд этишган. Лекин, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги аҳвол жуда яхши баҳоланган.

Энг юқори кўрсаткич: таълим тизими (4-ўрин)

Энг паст кўрсаткич: иқтисод соҳаси (25-ўрин)

Инфляция даражаси: 2,5 фоиз

АҚШ

АҚШ ўтган йили ўзининг бу ўнликдаги ўрнини Люксембургга бўшатиб берган эди. Бу йил мамлакатдаги аҳвол бироз яхшиланди. Айниқса, соғлиқни сақлаш тизимида кўплаб ислоҳотлар олиб борилган. Лекин, Қўшма Штатлар энди "сўз эркинликлари мамлакати" эмас. Бу борадаги кўрсаткич бўйича 21 чи ўринда қайд этилишган. Ҳатто Уругвай ва Коста-Рика каби собиқ диктатура режимида яшаган давлатлар ҳам бу борада АҚШдан яхшироқ кўрсаткичга эга. Америкаликларнинг энг ёмон кўрсаткичи эса мамлакатда авж олган жиноятчилик ва ташқи урушлар туфайли аҳолининг ўзини хавфсиз ҳиз қила олмаслиги билан боғлиқ.

Энг юқори кўрсаткич: соғлиқни сақлаш тизими (1-ўрин)

Энг паст кўрсаткич: аҳоли хавфсизлиги (31-ўрин)

Инфляция даражаси: 1,5 фоиз

Ўзбекистон фуқароларининг ижтимоий ҳимояланганлик даражаси тадқиқотчилар томонидан дунё бўйича энг яхши 16 чи кўрсаткичдан бири сифатида баҳоланган. Умумий рўйхатда эса, юртимиз 57 чи ўринда қайд этилган. Бу борада Ўзбекистон МДҲ га аъзо мамлакатлар орасида Беларус (53) ва Қозоғистон (55)дан кейинги 3 чи бўлди. Шунингдек, Украина (63), Россия (68), Қирғизистон (74), Озарбайжон (79), Грузия (80), Туркия (86), Тожикистон (94) ва Арманистон (95) давлатларини учратишимиз мумкин қуйироқ ўринларда.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ