“Марсель” ва Марсело

Бокс 10-11-2014

Ўтган мавсум сўнгига келиб, жамоанинг турнир жадвалидаги ўрни қониқарсиз даражага тушиб кетди ва мухлислар раҳбариятга ўз норозиликларини ўта қўпол кўринишларда ифодалай бошлашди. Натижада, мураббий Жозе Аниго шошилинч равишда истеъфога чиқарилиб, Испанияда фаолият кўрсатиб келаётган асли аргентиналик мутахассис Марсело Бьелса клубга чақирилди.

marsello-2

Собиқ мураббий даврида мухлислар нафақат ёмон натижалардан, балки сифатсиз ва зерикарли ўйин услубидан ҳам жаҳллари чиққан эди. Шунинг учун, апрель ойида Марсело Марсель кўчаларида пайдо бўлганида, одамлар унга баҳор билан келган яхши кунлар даракчисига қарагандай қараб, умид билан кутиб олишади. У илк иш куниданоқ жамоани томошабоп ва қувноқ ўйнашга ўргата бошлади.

Лекин, Бьелса ҳали “Марсель” ҳали биронта расмий учрашув ўтказишга улгурмасидан, илк можоро бўлиб ўтди. Пресс-конференция вақтида у йиғилганларга клуб президенти Венсан Лабрюн трансферлар учун етарли миқдорда маблағ ажратмаганини ва истаган ўйинчисини жамоага олиб кела олмаганидан шикоят қилади. “Мен ўйлаяпманки, президент аввал бошдан бажарилмайдиган ваъдалар берган, агар у алдамасдан, бор вазиятни тушунтирганда ҳам мен буни тўғри қабул қилган бўлардим” дейди у ўша баёнотида. Бунга жавобан эса, Лабрюн мураббийни ортиқча қизиққонликда айблаб ўтади ва унинг гапларидан ҳайронлигини билдириб, буни енгилтаклик дея баҳолайди. Лекин, президент мураббийга қарши ҳеч бир амалий чора кўргани йўқ ва улар ҳамкорликда ишлашда давом этадилар.

Бьелса ҳамиша ўзгалардан ўзгачароқ бўлган. У Аргентина терма жамоасида иш бошлаганида, ишни таркиб етакчиси Хуан Рикельмени таркибдан ҳайдаш билан бошлайди. Бунга изоҳ сифатида футболчининг юлдузлик касалига чалингани ва интизомсизлигини сабаб қилиб кўрсатади. “Атлетик”даги фаолияти давомида ҳам бир-биридан қизиқ қарорлар чиқарар эдики, футбол оммаси унинг навбатдаги ҳунарларини кутиб яшарди. У гоҳ аллақачон урфдан қолган 3-4-3 схемасини қўллар, гоҳ ярим ҳимоячидан марказий ҳимоячи яратар, гоҳ қанот ҳимоячисини апорник зонасида ўйнатиб кўрар эди. У бир кунда иккита назорат учрашувини ўтказар эдики, футболчилар кимга додини айтишни билмай қолардилар. Ҳатто бир сафар 11 шогирдини клуб академиясидаги 200 чоғли тарбияланувчи ўсмирлар жамоасига қарши ўйнашга мажбур этади. У замонавий футболдаги инқилобчи. У ностандарт юришлар бўйича тенгсиз. Уни жинни дейиш ҳам мумкин, даҳо дейиш ҳам тўғри.

marsello-3

Унинг Франциядаги ишлари ҳам ғалати тарзда бошланди. Аввалига биринчи турни сафарда “Бастия” билан ўйинда 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан бошлаган бўлса, иккинчи турда маҳаллий ишқибозлар кўз ўнгида, янгиланган “Велодром” стадионида ўтказилган илк ўйинда “Монпелье”га ютқазилди: нол-у икки! Мухлислар яна хавотирга туша бошладилар, лекин бу нохуш ҳолат биттагина ўйин билан чекланди.

Кейинги еттита ўйинда жамоа еттита кетма-кет ғалабани қайд этди ва тўплар нисбати ҳам ҳавас қиларли даражада: 20-3 . Димитр Пайе, Андре Айю ва Флориан Товенлар ўтган мавсумдаги муваффақиятсизликдан кейин юқори спорт формасини тиклай олишди, шунингдек, марказий ҳужумчи Андре-Пьер Жиньяк деярли ҳар ўйинда гол урмоқда.

marsello-4

Бу кўрсаткичлар қанчалар қойилмақом бўлмасин, жамоанинг келгусидаги ўйинлари ҳам шундай ёрқин ўтиши ҳақида ишонч билан айтишга ҳали эрта. Биринчидан, тақвим улар учун қулай тузилганди, жамоа ҳали шу пайтгача грандлар билан дуч келмаган. 21 чи октябрдан 22 чи ноябргача бўлган тур ўйинларида уларни “Лион”, “ПСЖ” ва “Бордо” каби даҳшатли рақиблар кутиб турибди. Агар ўша тўқнашувлардан омон-эсон чиқилсагина, жамоани чемпионлик учун асосий даъвогар деб ҳисоблашни бошласак бўлади.

Ва чемпионликни таъминлайдиган яна бир жиҳат – Марсело Бьелсанинг қандай кайфиятда бўлиши дейиш мумкин. Чунки, унинг босс билан муносабатлари ҳали мавҳумлигича қолмоқда. Марселонинг характеридан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, у истаган маҳал, ўзига нисбатан бирон ноҳақликни рўкач қилиб, “тўрвасини кўтариб жўнаб кетиши” ҳам мумкин. Уни норози қилган яна бир нарса, ёзги трансфер ойнаси вақтида раҳбарлар унинг аралашувисиз “Ботафаго”дан бразилиялик ҳимоячи – Дориени 9 млн еврога сотиб олишган ва унинг фикрича, бу сумма 20 миллион евролик трансфер бюджетининг қарийб ярмини ташкил этгани ҳолда, аҳмоқона пул совуриш бўлган.

Франция биринчи дивизионида ҳам эндиликда катта пуллар айлана бошлади. Клубларнинг молиявий салоҳияти кенгая бошлади. Ҳамма тушуниб турибдики, “ПСЖ” бу борада “Марсель”га нисбатан жуда катта устунликка эга. Бу рақобат жараёнида марселликлар балки яна бир қатор етакчиларини сотишига тўғри келар? Ана унда чемпионликка эришиш янада қийинлашиб кетади. Бундай вазиятларда Марсело қандай чора ўйлаб чиқар экан, буни кутамиз ва кузатамиз.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2019 XABARDOR.UZ