Машҳур мультфильмларда акс этган 7 маскан

Кино 30-11-2014

Сеҳрли қўрғонлар, хушманзара табиат, ажабтовур шаҳарлар – мультфильмларда тасвирланган ғаройиб манзаралар болаларни ҳам, катталарни ҳам бирдек мафтун этади. Лекин инсон ҳақиқий оламдан бутунлай ажралган бирор нарсани ўйлаб топиши мушкул. Қуйида мультфильмлардан жой олган ҳақиқий масканлар ҳақида сўз боради.

1. Нойшванштайн қўрғони, Германия

“Янги оққуш қўрғони” (немисчадан таржима қилинганда шу маънони билдиради) Австрия билан чегарадош Бавариядаги тепаликлардан бирида жойлашган. У XIX асрда қирол Людвиг IIнинг буйруғи билан бунёд этилган. “Уолт Дисней” Нойшванштайнни ўтган асрнинг 30-йилларида Европага саёҳат қилганида кўрган. Ўша пайтларда Дисней кўнгилочар боғ яратиш ғояси билан юрарди ва 1955 йили биринчи бўлиб очилган Диснейленд марказидан Нойшванштайн билан бир хил қилиб қурилган уйқудаги маликанинг қўрғони  жой олади. 1959 йили “Уйқудаги малика” мультфильмида айнан мана шу қўрғон акс эттирилади. 1985 йилдан “Янги оққуш қўрғони”нинг шакли “Walt Disney Pictures” компаниясининг логотипига айланади.

2. Тож Маҳал мақбараси, Ҳиндистон

“Оловуддин” мультфильмидаги оппоқ деворлар ва олтин гумбазлар ушбу мақбарани эслатиб юборади. Айнан Тож Маҳал ушбу мультфильмнинг яратилишига туртки бўлганлигини тасдиқловчи расмий маълумотни топиш қийин. Лекин ўхшашликларни топса бўлади. Мақбара XVII асрда вафот этган малика Мумтоз Маҳал шарафига Шоҳжаҳоннинг буйруғи билан бунёд этилган. Мультфильмда эса султон қизи Жасминни бир ўзи тарбиялайди. Тож Маҳал Агра шаҳрида, мультфильмдаги сарой эса тўқиб чиқарилган Аграба шаҳрида жойлашган.

3. Олтин Дарвоза кўприги, АҚШ

Дунёдаги энг машҳур кўприклардан бири. Нафақат Сан-Франциско шаҳрининг, балки “Қаҳрамонлар шаҳри” мультфильмидаги Сан-Францокио шаҳрининг ҳам ташриф варақаси. “Сан-Францокио — бу икки шаҳар: Сан-Франциско ва Токионинг бирлашган шакли, — дейди продюсер Рой Конли. — Биз бу шаҳарларнинг энг яхши жойларини олдик ва қаҳрамонлар шаҳрини яратдик”.

4. Гарвард университети, АҚШ

“Махлуқлар университети” фильмида дунёнинг энг нуфузли университетларидан бири бўлган Гарвард тасвирланган: худди ўша бинолар, аудиториялар ва талабалар ётоқхоналари.

5. Анхель шаршараси, Венесуэла

Дунёдаги энг катта шаршара (979 метр —Останкино телеминорасидан деярли икки марта катта) “Тепага” (Вверх) мультфильмидаги Жаннат шаршарасига прототип бўлган. Анхель Венесуэлада, Канайма миллий парки ҳудудида жойлашган.  

6. Мон-Сен-Мишель, Франция

Париждан 285 километр узоқликда жойлашган қалъали орол “Рапунцел: чалкаш воқеа” мультфильмидаги қирол саройини ёдга солади. Аниматорлар айнан Мон-Сен-Мишель уларни илҳомлантирганини таъкидлашмайди, лекин ўхшашликларни инкор этишмайди. Бу орол XVIII аср охиридан 1863 йилгача қамоқхона вазифасини ўтаган.  

7. Нидарос собори, Норвегия

Тронхейм (қадимги номи Нидарос) шаҳрида жойлашган черков “Муз юрак” мультфильмидаги қаҳрамонлардан бири Эльзанинг муз саройи яратилишига туртки бўлган. Собор Норвегия қироли Авлиё Олаф дафн этилган жойда қад кўтарган. Эртакдаги сарой Нидарос соборидан фақат муздан қурилгани билан фарқланади. Мультфильмдаги Эренделл қироллиги манзараси эса Норвегия манзарасидан олинган.

Манба: vokrugsveta.ru



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2019 XABARDOR.UZ