Нефть бозоридаги энг катта 5 та инқироз

Таҳлил 10-11-2014

"Brent" туридаги нефтни етказиб бериш учун “фьючерс”лар 14 октябр куни бир баррель нефть учун 85,04 долларгача арзонлашиб кетди – бу нарх тушиши июнь ойидаги нефтнинг 115,06 доллардаги нархига нисбатан 26 фоизни ташкил қилди.

Bir-qoshiq-1

Нарх тушиши қанча давом этади, нефть нархи қачон яна кўтарилади – буни ҳеч ким билмайди. Охирги беш йил мобайнида нефть бозори тўртинчи маротаба инқирозни бошидан кечирмоқда, деб маълумот беради “Bespoke Investment Group”. 2000 йилдан ҳозирги вақтгача бўлган давр мобайнида эса бундай ҳолатлар 14 мартоба рўй берган. Бироқ ҳар гал нефтнинг баҳоси яна олдинги ҳолига қайтарди. Қуйида XXI асрда нефт нархи тушиши билан боғлиқ бўлган энг сезиларли ҳолатлар келтирилган. Бу маълумотларга WTI нинг котировкалари асос қилиб олинган, чунки айнан шу нав 2011 йилгача бутунжаҳон бенчмарки ҳисобланарди (ҳозирда ушбу ролни "Brent" туридаги фьючерслар бажармоқда).

2001 йилдаги инқироз

Энг баланд нарх: 2001 йил 19 январь; 32,2 доллар Энг паст нарх: 2001 йил 15 ноябр; 17,5 доллар Инқироз давом этган давр ва зарар миқдори: 10 ой; –45,8 фоиз

Даставвал нефть нархининг тушиши 2000 йилнинг баҳорида "доткомлар кўпиги"нинг ёрилиши оқибатида юзага келган эди. 1990 йилларнинг иккинчи ярми мобайнида интернет-компанияларнинг қимматли қоғозлари нархи кескин равишда қимматлашиб борди. Уларнинг бизнес-модели котировкаларнинг тўхтамасдан ошишини таъминлашига бўлган ишонч биржага янги инвесторларни жалб қилди. 2000 йилнинг 10 мартида "юқори технология" индекси "Nasdaq" ўзининг энг максимал қийматига эришди ва ўша куннинг ўзидаёқ бу қийматни йўқотди. Нефть нархи 7 мартдан аста-секинлик билан туша бошлади ва бу декабрь ойигача давом этди.

2001 йилнинг январида нефть котировкалари АҚШда яқинлашиб келаётган рецессия ортида узоқ давом этувчи пасайишга учради. ОПЕК нефтга бўлган талабнинг тушиб кетганлигини кўриб, нефть олишга бўлган квотани 1,5 млн баррелга қисқартиришга қарор қилди. Март ойида эса бу картель нефт олишни яна 1 млн баррелга қисқартирди.

2001 йилнинг сентябрида жаҳон бозорлари карахтлик ҳолатини бошидан кечирди: АҚШда тарихдаги энг йирик террорчилик ҳужуми содир этилди. WTI фьючерслари сотиладиган NYMEX биржаси бир ҳафтага ёпиб қўйилди. Икки ой ўтиб, нархлар ўз "туб"ига етди, 2002 йил баҳорига келиб нефть нархи инқирозгача бўлган ҳолига яна қайтди.

neft-1-NEW

Суратда: Венада 2001 йил 27 сентябрда бўлиб ўтган ОПЕК мажлиси. Нефть котировкаларининг тушиши ва Нью-Йоркдаги теракт марказий мавзулар сифатида муҳокама қилинган.

2006 йилдаги инқироз

Энг баланд нарх: 2006 йил 14 июль; 77 доллар Энг паст нарх: 2007 йил 18 январь; 50,5 доллар Инқироз давом этган давр ва зарар миқдори: 6 ой; –34,5 фоиз

2006 йилнинг иккинчи ярмида рўй берган нефть нархининг тушиши ҳам геосиёсий, ҳам иқтисодий сабаблар оқибатида юзага келди. Иккинчи Ливан уруши бошланиши бевосита бу инқирозни келтириб чиқарган омил бўлди. 14 июль жума куни WTI нефтининг нархи ўзининг навбатдаги максимумига эришди, бироқ душанба куннинг ўзидаёқ туша бошлади. Яқин Шарқда бу "қайноқ" можаронинг рўй беришининг ўзи сармоячиларни қаттиқ ташвишга солиб қўйди.

Шунингдек, 2006 йил июль ойига Шимолий Кореянинг баллистик ракеталарни навбатдаги синовдан ўтказиши ва Эроннинг ядро дастурига қарши БМТ биринчи резолюциясининг қабул қилиниши ҳам тўғри келди. Бу ҳолатлар бозорда нефтга бўлган таклифнинг кўпайиб кетишига сабаб бўлди. Нефть қазиб олинувчи Мексика кўрфазида довуллар кам бўладиган йилнинг иссиқ фасли ва бошқа омиллар туфайли ортиқча ишлаб чиқариш инқирози вужудга келди. 2006 йилнинг кузида ОПЕК томонидан нефть олишни вақтинчалик камайтириш ҳақидаги қарор нархларни бирмунча мувозанатлашга имкон берди, бироқ нархнинг тўлиқлигича тикланиши январь ойидан бошланди.

neft-2-NEW

Суратда: Трейдерлар Нью-Йорк товар биржасида, 2006 йил 20 сентябрь

2008 йил ёзидаги инқироз

Энг баланд нарх: 2008 йил 3 июль; 145,3 доллар Энг паст нарх: 2008 йил 16 сентябрь; 91,2 доллар Инқироз давом этган давр ва зарар миқдори: 2,5 ой; -37,2 фоиз

2006 йил ёз-қиш мавсумидаги нефть нархларининг инқирозидан кейин нефть нархи геометрик прогрессияда оша бошлади. 2008 йилнинг баҳор ойида бозордаги нархларнинг янада кўтарилиши кутилаётган ҳолат Эрон-Исроил уруши хавфи ва нигериялик қўзғолончиларнинг "Royal Dutch Shell" нефть қувурига ҳужумлари ҳақидаги маълумотлар билан янада қизиди. Саудия Арабистони июлдан нефть олиш ҳажмини оширишини эълон қилди, бироқ Эрон нефть вазири Голам Нозари бу ҳолат нефть котировкаларининг даражасига кам таъсир қилади, деб таъкидлади.

2008 йилнинг биринчи ярим йиллигида нефть нархи 50 фоиздан зиёдроққа қимматлашди. 3 июль куни "Brent" ва WTI маркалари баррелининг нархи ўзининг навбатдаги рекордларини ўрнатди, икки ҳафта мобайнида котировкалар 140-145 доллар атрофида бўлиб турди. Иқтисодий инқироз бутун дунё бўйлаб кезаётган бир вақтда нефть нархининг бундай ўсишини нима билан тушунтириш мумкин эди? Бу саволга аниқ жавобни иқтисодиётчиларнинг ўзлари ҳам бера олмадилар, бироқ фундаментал омиллар (талаб ва таклиф баланси), аксинча, нархларнинг тушиши кераклигини айтиб турарди. Бунинг яна бир тахмини бор: нефть бозоридаги "кўпик"ни олиб сотарларнинг ўзлари атайлаб шиширганлар. 2000 йилларнинг ўрталарида нефть фьючерслари савдоси ҳажми ҳаддан зиёд ошиб кетди, 2008 йилда ўртача бир кунлик сотиладиган нефть ҳажми дунёдаги бир кунлик нефть олиш ҳажмидан тахминан 15 марта кўпроқни ташкил қиларди.

13 июлга келиб нархларнинг жиддий пасайиши бошланди. Икки кундан сўнг АҚШнинг ўша даврдаги президенти Джордж Бушнинг шельфдаги қазиш ишларини олиб боришга тақиқнинг олингани ҳақидаги хабари бунга янада кескин тус берди. Хомашё биржаларида активларнинг арзон нархларда оммавий тарзда сотилиши авж олди. Сентябрь ойининг бошларига келиб бир бочка нефть нархи 6 ой мобайнида биринчи марта 100 доллар дан пастга тушиб кетди.

neft-3-NEW

Суратда: Навбатдаги нархлар рекорди – бир баррель нефть учун 140 доллар, 2008 йил 16 июнь.

2008 йилнинг кузидаги инқироз

Энг баланд нарх: 2008 йил 22 сентябрь; 120,9 доллар Энг паст нарх: 2008 йил 19 декабрь; 33,9 доллар Инқироз давом этган давр ва зарар миқдори: 3 ой; -71,9 фоиз

2008 йилдаги нархларнинг кескин тушиб кетиши сентябрь ойига келиб барҳам топди. Бу даврда котировкаларнинг ёздаги тушиши туфайли йўқотилган фойданинг тахминан ярми бир неча кун ичида қоплаб олинди. 17 сентябрь чоршанба куни нархларнинг кескин тушиб кетишини тўхтатишнинг уддасидан чиқилди, жума куни эса АҚШ ҳукумати "Полсон режаси" деб аталган Уолл-Стрит молиявий тизимини қутқариш бўйича режа қабул қилганини эълон қилди. Бу ҳужжат Федерал захира томонидан тахминан 700 млрд долларлик муаммоли активларни сотиб олишни назарда тутарди. Бу эълон биржадаги котировкаларни "юқорилатиб" юборди: 22 сентябрь душанба куни бир баррель нефть нархи бирваракайига 25 долларга кўтарилди, бундай нархнинг кескин кўтарилиши ҳанузгача рекорд кўтарилиш бўлиб ҳисобланади.

Бироқ Европада ёнилғига талабнинг пасайиши, долларнинг қимматлашиши ва ўша кунларда "Lehman Brothers" банки банкротлик процедурасининг бошланиши нефть нархига жуда катта босим ўтказди. Кейинги ҳафтанинг ўзиданоқ (28 сентябрдан) котировкалар яна пасайишни бошлади. Бу нарх пасайиши йилнинг охиригача давом этди, сўнгра тахминан бир ой мобайнида бир баррель нефть нархи 30-35 доллар атрофида бўлиб турди. Январь ойида нефтнинг нархи бирмунча ошди ва бу ҳолат нефть бозоридаги юзага келган навбатдаги инқирознинг барҳам топишининг боши бўлди.

neft-4-NEW

Суратда: Нефть нархининг биринчи марта 80 доллардан пасайиши, 2008 йил 10 октябрь

2011 йилдаги инқироз

Энг баланд нарх: 2011 йил 29 апрель; 113,93 доллар Энг паст нарх: 2011 йил 4 октябрь; 75,67 доллар Инқироз давом этган давр ва зарар миқдори: 5 ой; -33,58 фоиз 2011 йилда нефть нархининг пасайиши қатор омиллар сабабли юзага келди. Глобал рецессиянинг такрорланиш хавфи хомашёларга талабнинг анчагина пасайишига асосий сабаб бўлди. Бу пасайиш хизматлар ва маҳсулотларнинг қисқаришига олиб келди, у ўз навбатида нефть ва ишлаб чиқариш энергия ташувчилари истеъмол қилинишининг қисқаришига сабаб бўлди.

Европадаги иқтисодий вазиятнинг барқарорсизлиги, хусусан, Грецияда кутилаётган дефолт ҳамда АҚШда рецессиянинг юзага келиши хавфи нефть нархининг пасайишини янада жадаллаштирди.

Бозор, баъзи сабабларга кўра бир неча ойга тўхтатиб қўйилган, суткасига 1,5 млн баррель ҳажмда олинадиган Ливия нефтининг етказиб берилишининг қайта йўлга қўйилишини кутаётган эди. Бироқ, 2011 йилнинг баҳор ойида бу давлатдаги сиёсий вазиятнинг кескинлашуви ортидан халқаро нефть компаниялари ўзларининг ходимларини бу давлатдан олиб чиқиб кетдилар, бу эса ушбу давлатда нефть олиш ишларининг тўхтатилишини билдирарди. Нефть котировкаларига халқаро валюта бозоридаги вазият ҳам (долларнинг асосий валюта захираларига нисбатан барқарор равишда ўсиб бориши) қўшимча босим ўтказди.

neft-5-NEW

Суратда: Нефть нархининг пасайиши ва АҚШда дефолтнинг юзага келиш хавфи бутун дунё бозорларига ўз таъсирини кўрсатди. Мельбурн, 2011 йил 5 август.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ