Нонуштага қандай маҳсулотларни истеъмол қилиш мумкин эмас?

Оммабоп 24-11-2016

Соғлом бўлиш ва касалликларнинг олдини олиш учун муайян маҳсулотларни оч қоринга истеъмол қилишдан тийилиш керак. Улардан баъзилари ошқозон фаолиятига салбий таъсир кўрсатади, бошқалари эса кислота-ишқор мувозанатини бузади, яна қайсиларидир қандли диабет ва гастрит каби касалликларни келтириб чиқаради. Хўш, қайси маҳсулотлар ҳақида гап кетмоқда?

 

1. Цитрус мевалар

Апельсин, мандарин ва лимон мевалари оч қоринга истеъмол қилинганда аллергияни қўзғатиб, гастритнинг ривожланишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис цитрус шарбатларини ичишдан аввал сули ёрмасидан тайёрланган бўтқа билан нонушта қилиш тавсия этилади.

 

2. Бананлар

Нима учун бананлар бу рўйхатдан ўрин олди? Бу мевада магний кўп бўлиб, у юрак-қон томир касалликларининг фаолиятига таъсир кўрсатиши мумкин. Бананни оч қоринга назоратсиз истеъмол қилиш организмдаги кальций-магний мувозанатининг бузилиш хавфини келтириб чиқаради.

 

3. Хом сабзавотлар 

Таркибида кислота бўлган хом сабзавотлар ошқозоннинг шиллиқ қаватига саноқли сонияларда зиён етказади. Шу боис эрталабдан оч қоринга ейилган помидор, бодринг ёки карам ҳазм қилишда муаммолари бўлган кишиларга анча ташвиш туғдириши мумкин. Помидорлар, ўз навбатида, таркибида пектин ва дубил кислотаси кўплиги туфайли ошқозонда тош ҳосил қилиши ҳеч гап эмас. Дарвоқе, нок ва хурмо ҳам худди шундай таъсирга эга.

 

4. Йогурт

Ушбу рўйхатга йогуртнинг қўшилиши сизга ғалати кўриниши мумкин, ахир рекламаларда бонг уриб, нонуштага шундан фойдали маҳсулот йўқлигини такрорлашади. Бироқ бу борада бироз баҳслашиш мумкин. Эрталаб организм йогурт бактерияларининг ёрдамига муҳтож эмас. Шунинг учун унинг эрталабки истеъмоли фойдаси нолга тенг. Йогуртни нонуштадан 2-3 соат кейин истеъмол қилган маъқул. Умуман, йогурт ва бошқа сут маҳсулотлари зиён эмас, шунчаки бефойда, чунки бу маҳсулотларнинг асосий қадри фойдали микрофлорададир. Йогурт ёки кефир оч қоринга истеъмол қилинганда, бактериялар агрессив нордон муҳитга тушади ва шу заҳотиёқ йўқ бўлади, ҳатто ичакка ҳам етиб бормайди.

 

5. Ширин картошка

Оч қоринга ейилган картошка ошқозонда оғирлик ҳиссини пайдо қилиб, унда газ ҳосил қилиши мумкин. 

 

6. Салқин ичимликлар

Эрталаб оч қоринга бир стакан сув ичиш фойдали, деб айтишади. Бироқ бу музлатгичдан олинган совуқ сув бўлмаслиги керак, чунки у кун бошида ҳазм қилиш жараёнини кўнгилдагидек ишга тушира олмайди. Сув хона ҳароратида бўлиши лозим. Салқин ичимликлар ошқозон-ичак трактига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Организмнинг бу соҳасида сурункали касалликларга эга  кишиларда оч қоринга ичилган салқин ичимлик касалликнинг авж олишига сабаб бўлади. Совуқ суюқлик ошқозон томирларининг торайишига олиб келади, бу эса қон айланиши ва таомни ҳазм қилишни ёмонлаштиради.

 

7. Ширинликлар 

Ширинликлар шундоқ ҳам зиён, оч қоринга эса ундан-да хавфли. Эрталабдан ошқозонга тушган катта миқдордаги қанд ошқозон ости безини икки карра ишлашга мажбур қилади. Узоқ вақт давомида нонуштага ширинликларни истеъмол қилиш эса ошқозон ости безини ишдан чиқаради ва қандли диабетни ривожлантиради.

 

8. Қаҳва

Аксариятимиз тонгни қаҳвасиз тасаввур қила олмаймиз, баъзилар эса қаҳва ичиб олмагунча нонуштага ҳам ўтиришмайди. Бироқ саломатлигингиз ҳақида қайғуриб, бу одатдан воз кечсангиз, ўзингизга яхши. Оч қоринга ичилган қаҳва шиллиқ қаватга таъсир ўтказиб, ошқозон кислотаси секрециясини оширади ва гастритни келтириб чиқаради.

 

9. Қизил гўшт

Бу эрталаб истеъмол қилиш учун оғир маҳсулот, чунки организм энергия йиғиб олмасдан оқсилнинг бунча миқдорини қабул қилишга тайёр эмас. Шу боис мураккаб ҳайвон оқсиллари истеъмолини тушликка олиб қўйган маъқул.

 

10. Енгил нонушталар

Реклама роликларида ёрмалардан иборат енгил нонушталарнинг фойдаси ҳақида кўп гапирилса-да, аслида улар инсон организмига бундай ижобий таъсир кўрсатмайди. Аксинча углеводлар манбаи бўлган енгил нонушталар қондаги қанд миқдорини кескин оширади. Натижада тушликкача қорнингиз очиб қолади ва сиз керагидан ортиқча таом еб қўйишингиз мумкин. Натижа ўзини узоқ куттирмайди - ортиқча вазн. Шундай экан, рекламага ишонманг ва фақат соғлом ҳамда фойдали маҳсулотларни тановул қилинг. 

 

11. Бутербродлар

Колбаса ва шу каби маҳсулотлар таркибида зарарли компонентлар кўп бўлади, уларнинг баъзилари - саратон ҳужайраларини ҳосил қилиши мумкин бўлган энг зарарли канцероген моддалар. Бундай бутербродлар айниқса эрталаб истеъмол қилинганда жуда катта зиён келтириши мумкин, зеро заиф ҳимояланган бўш ошқозон кимёвий ҳужумга тайёр бўлмайди. 

 

12. Саримсоқ

Эрталабдан саримсоқ қўшилган таомларни истеъмол қилмаган маъқул. Саримсоқда аллицин моддаси бўлиб, у ўт пуфаги ва ошқозон деворларига салбий таъсир кўрсатади. Натижада уларнинг жисмоний фаоллиги бузилади, шунингдек гастроспазм юзага келиши мумкин. 



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ